www.ziyouz.com kutubxonasi
100
қилинишича, расуллилоҳ «дунёга аҳамият — қалбдаги зулмат; охиратга аҳамият — қалбдаги
нурдир», деган эканлар. Сиз билан бизга яна дебдиларки: «Замон келур ва ўшанда
умматларим бешта нарсани яхши кўриб, бешта нарсани унутар: яъниким, дунёга муҳаббат
қўядилар ва охиратни унутадилар; ҳаётни севиб, ўлимни эсдан чиқарадилар; қасрларни яхши
кўрадилар, қабрни унутадилар; молга муҳаббат қўйиб, ҳисоб-китобни ёддан чиқарадилар;
халқни яхши кўрадилар ва Холиқни унутадилар.»
Моштабиб «Бу ҳикматларнинг маъносини қалбингизга сингдириб олишингиз учун фурсат
бераман», дегандай сўздан тўхтади. Бу сукут Зоҳидга асқотди. У айрим издиҳомларда, баъзан
ёши улуғларнинг суҳбатларида шунга ўхшаш ҳикматларни эшитиб қолар, бироқ, «Яхши гап
экан», демоқликдан нарига ўтмасди. Кейинги йилларда матбуотда тез-тез чиқа бошлаган
диний мавзудаги суҳбатларнинг асосан сарлавҳаларига кўз ташлаб, кам ҳолларда у ер-бу
еридан чўқилаб ўқиб қўярди. Моштабибнинг ҳозирги суҳбати қоронғулик пардасидаги қалбига
хуш ёқувчи нур каби оқиб кирди. Тасаввур этингким, зулмат оғушида тентираб юрган одамнинг
рўпарасида бирданига ойдин йўл кўрин- са-ю, яна шу йўлдан жавҳар топиб олса дунё
кўзларига қандай ҳузурбахш, қандай сурурли кўринаркин? Зоҳид айни дамда шундай
бахтиёр одам каби эди. Кечагина бу одамга рўпара келиш унга азобли юмуш бўлиб туюлган
эди. Одам фарзандлари моддий бойликни, хусусан емоқ-ичмоққа доир неъматларни
Яратганнинг марҳамати сифатида қабул қилиб, шукроналар айтадилар. Маънолар хазинасини
очиб бера олувчи суҳбатдан баҳраманд бўлиш ҳам Тангрининг мўъжизаси экани, шу мўъжиза
туфайли қалб муҳрлари ечилмоғи амр этилгани, Яратганнинг бу раҳмати барчага ҳам насиб
этавермаслигини ўйлаб кўрмайдилар.
Адолат боғини топиб, унга инсон ниҳолларини экиб кўкартириш, меҳр меваларидан баҳра
олиш умидида яшаётган Зоҳид акасининг ўлимидан сўнг шу боғни топиш мақсадида неча-неча
қоронғи кўчаларга кириб чиқди. «Ҳаммани бир хилда адолатли қилиб яратиб қўя қолса
бўлмасмиди», деган хаёлга бориб Тангрининг ишларига ҳам аралашиб кўрди. Адолат боғига
етиб бормоқ учун аввал зулм саҳросини бартараф этмоқ лозимлигини дуруст идрок
қилолмасди. Ҳолбуки унинг кундалик юмуши шу саҳро атрофида эди. Илон овловчи саҳродаги
илонларни тутиб адо этолмагани каби Зоҳиднинг ишларида ҳам самара кўринмади. Чунки у ва
у каби адолат боғини қўмсаётганлар зулм саҳросидагиларнинг жон томирларини кўрмас,
аниқроғи кўришга имконият берилмас эди. Ғофилликдан қутқарувчи танбеҳлардан бебаҳра
бўлганликлари сабабли ҳам бу саҳро атрофида сарсари кезмоқдан бошқа иложлари йўқ эди.
Зоҳид кўп илмий назариялар, илмий таҳминлар, формулаларни биларди. Аммо ҳаётнинг оддий
формуласидан етарли даражада хабардор эмасди: адолат боғи йўлини тўсиб турувчи зулм
саҳросига зулмат қалблар ҳукмрон экани унинг учун номаълум эди. Моштабиб ҳозир айтган
ҳикматлар унга шу ҳақиқатни аён этди. «Одамлар қалбидаги бойликка муҳаббат ҳиссини
ўлдирмай туриб, адолат боғини барпо этиб бўлмайди», деган фикр унинг вужудини бир
қалқитиб олди.
Акасининг ўлимидан, айниқса суд жараёнидан сўнг уни илм йўлидан буриб юборишга мажбур
этган куч, ёшликка хос ўжарлик, ҳатто сурурга интилиш йил ўтгани сайин, ҳаёт сўқмоқларида
қоқила бошлаганидан сўнг аста-аста кучдан қола бошлаган эди.
Бир суҳбатнинг ўзидаёқ ўша сурур маҳв этилди, деб ишонтириш нодонлик бўлар. Ёшликнинг
меваси — мақсад ва унга маёқ ҳисобланмиш сурурнинг ўзга кўриниш олишига ҳали фурсат бор.
«Ўзга кўриниш олишига» дейилуви бесабаб эмас: инсонлардаги мақсад ёки сурур ўлиб,
бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Мақсадсиз, сурурсиз тирик жонни тасаввур этмоқ мушкул.
Мақсад ҳам, сурур ҳам одамнинг онги даражасига қараб кучли ёки мундайроқ, хайрли ёки
ғайирли бўлмоғи табиийдир. Одамдаги мақсад дарахти зулм саҳросида ўсаётган бўлса ундан
нурли сурурни кутмоқ қорамойдан сут айириб олмоқни умид қилиш каби бемаъниликдир.
Айрим дарахтларнинг тепа шохлари қуриб, пастда янги сурхчалар ўса бошлагани сингари
мақсад ва сурур янги кўриниш касб этади. Зоҳиднинг тақдирида бу ўзгариш ҳам бор эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |