www.ziyouz.com kutubxonasi
96
устма-уст қўйилган ёстиқларга суяниб олган эди. Бу ҳолати ҳам жонига ором бера олмаётгани
сабабли безовта равишда тез-тез қимирлаб қўярди. Унинг рўпарасида деразага орқа қилиб
ўтирган ота қадрдон — Улоқчи бува жойидан жилмай, қўл узатиб кўришди. Зоҳид уни «ота
қадрдон», деб билса-да, у одам бу мартабага қаноат қилмай, «Мен буванг билан ҳам
самоворхонада ошхўрлик қилганман», деб «бува қадрдон»лик даражасини талаб қиларди. Гапу
муомаласи ҳам шунга яраша эди. Отасининг «Сен қаердан эшитдинг?» деган саволига Улоқчи
бува жавоб қайтарди:
— Ўғлингга мен одам юборувдим. Милиса бўлса, идорасида милиса. Бу ерда сенга ўғил, бошқа
гап йўқ. Ўғил бўлганидан кейин ўғиллигини қилсин. Уч-тўрт кун ишга бормаса дунёни ўғри
босиб кетмайди. Ўғри жониворлар ҳам баҳонада дам олволишади. Ҳов милиса, яна икки
бармоғингни бурнингга тиқиб келавердингми?
Зоҳид бу дашномдан изза чекиб, жавоб бера олмади. Йўлдаги бозорчага яқинлашганда
табибдан «бир пас тўхтанг, мен нон-пон олволай» демоқчи бўлди-да, «илтимосим малол келиб,
пешонаси тиришмасин, ҳали жиянни чиқарарман», деган фикрда ўтиб келаверган эди.
Улоқчи бува айни дамда уни бунинг учун ғадабламаганди. Зоҳид ўзини оқлаш мақсадида гап
излаётганида, уни бу оғир юмишдан қутқариб, ниятини очиқ айта қолди:
— Мен сенинг афти-ангорингга зор бўлиб чақиртирмадим. Жиянинг бориб нима деди?
«Моштабибни топиб келаркансиз» демадими?
Бу пўписадан сўнг Зоҳид сал енгил тортди. Бироқ, хижолатликдан буткул қутилмаган тарзда
табибга қаради. Қўл қовуштириб турган табиб «изза чекманг, шунақаси ҳам бўлиб туради»,
деган маънода кулимсираб қўйди.
— Улоқчи бува, ўтирсак майлими? — деди Зоҳид ҳам илтимос, ҳам киноя оҳангида.
— Ўтириб нима қиласан? Сен изингга қайтиб, Моштабибни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб
кел. Бошқа гап йўқ. Қара, отанг азоб чекяпти. Сен томоша қилиб ўтирганинг билан енгиллаб
қолмайди.
Зоҳид болалигида «амаки» деганида самоворхонада буваси билан ошхўрлик қилган бу одам
«бува» дейишни талаб қилган эди. Ҳозир Зоҳид шу талабга амал қилган ҳолда:
— Буважон, — деди меҳрибон набира овози билан,— мен сизнинг гапингизни ҳеч икки
қилганманми? Моштабиб келдилар.
— Қани? — Улоқчи бува орқасига ўгирилиб, дераза оша ҳовлига қаради.
— Тақсир, хизматингиздамиз, — деди Моштабиб кулимсираган ҳолда.
— Сенмисан? — Улоқчи бува унга тикилиб қарагач, бош чайқади. — Сенлар бориб Моштабибни
кўрмаган бошқа одамни лақиллатларинг. Моштабиб менинг синган белимни жойига солиб
қўйган. Мен уни кўз-ларимни юмиб туриб ҳам танийман. Сенинг отинг нима?
— Абдужаббор, тақсир.
— Ҳа, ана, отинг ҳам бошқача. Моштабибнинг оти... — Улоқчи бува бир оз ўйланди. — Зокир
қори эди.
— Сал адашдингизмикин, Собир қори эмасмиди?
— Ҳа, ҳа! Собир қори! Танийсанми уни?
— У зот менинг дадамлар.
— Йўғ-е, — Улоқчи бува унга яна тикилди. — Ҳа, ўхшайсан. Қани отанг, нега ўзи келмади?
— Тақсир... дадамиз дунёдан ўтганлар.
— Ие, шунақами? Сен тузукроқ ўрганиб қолганмисан ишқилиб?
Улоқчи буванинг бу гапларидан Зоҳид хижолат бўлди. Табиб эса малол олмай жавоб берди:
— Худо юқтирган даражада, тақсир.
— Унда қараб қўй, чойни кейин ичаверасан.
— Хўп бўлади, тақсир.
— Ҳой, сен бунча мени «тақсир»лаб қолдинг. Мен сенга мулла эмасман. Тақсир дема. Мен
чавандозман!
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |