www.ziyouz.com kutubxonasi
92
кўрса, атрофидаги одамларнинг парвона бўлишига қараб туриб: «ҳукмдор менман, мендан ўзга
подшоҳ йўқ», дейди. Бироқ, уйғониб, уйида бир ўзини кўргач «Бу — менман ва мендан бошқа
ҳеч ким йўқ», дейди. Бу — ҳақиқат. Ҳақиқатни кўрмоқ учун эса бедор кўз керак. Уйқули кўз
кўрмайди». Зўр гап-а!
Зоҳид «Ҳа» деди-ю, унга ажабланган одам кўзлари билан қаради: «бу табибми ё олимми?» деб
ўйлади. Ундаги ўзгаришни сезган Моштабиб эса йўлдан кўз узмай гапини давом эттирди:
— Хуллас, подшоҳ — ҳар бир одамнинг ўзи. Ва- зир — одамнинг виждони. Одам белгиланган
муддатини яшаб бўлгач, уни қайиққа ўтқазадилар. Қайиқ — тобут дегани. Тобутнинг одамлар
елкасида қалқиб бориши денгиз тўлқинларидаги қайиққа ўхшайди, тўғрими? Кимсасиз оролга
яланғоч ҳолда ташлаб келиш — лаҳадга жойлаш дегани. Буни охират ороли десак ҳам бўлади.
Бу охират ороли кишининг ҳаётлиги чоғидаги яхши, савоб ишлари билан обод бўлар. Виждон
айтяптики, «ей инсон, ҳадеб маишатга берилавермай, одамларга яхшилик ҳам қил, шунда
боқий дунёда сени шу хайрли амалларинг кутиб олади. Ўзингга бошпана, ҳамроҳ бўлади.
«Ривоятнинг асл мағзига кўра, биродар, бугунги ишимиз билан сиз ўз охиратингиз оролига бир
хайрли ниҳол экдингиз. Солиҳ фарзанднинг ота-онаси учун қилган ҳар бир хайрли иши
охиратини обод қилади.
Бу гапни эшитиб Зоҳид бошини эгди. Моштабибга бир қараб олгиси келди-ю, ботинмади.
«Солиҳ фарзанд... — деб ўйлади, — отаси тўрт кундан бери азоб чекиб ётибди. Бу солиҳ
фарзанд эса энди кетяпти...»
Зоҳид ҳамроҳининг мақтовини ҳазм қила олмади — ўзини солиҳ фарзандлар қаторига
қўшмоққа ҳақсиз ҳисоблади. Айни шу чоқда яна бир нарсани кашф этди: авваллари ҳар шанба
қишлоғига бориб, якшанба оқшомида шаҳарга қайтиш одат тусига кирган эди. Кейинроқ икки
ҳафтада, сўнгроқ ойда бир йўқланадиган бўлди. «Адолат учун кураш»даги ишлари ғоят
кўпайиб кетган ўғилларининг вақти йўқлигини англаган ота-оналарининг ўзлари келиб
туришди.
Зоҳидни бемеҳрликда айблаш ноўрин. «Вақти йўқ», деб авайлаш ҳам жоиз эмас. Яратган эгам
бандасига куну тун ҳисобидан йигирма тўрт соат вақт бериб қўйибди. Ақл билан, тадбир билан
иш юритилса ҳар қандай юмуш учун вақт топмоқ мумкин. «Вақтим йўқ», демоқлик
ношудларнинг байроғига ўчмас бўёқлар билан ёзилган бир шиордир. Шундай бўлса-да,
Зоҳидни ношудликда айбламоқ ҳам инсофсизликдир. Унинг бу соҳадаги камчилигини балки
эътиборсизликдан деб ҳисоблаш дурустдир. Шу эътиборсизлик оқибатида қайси бир юмуш
биринчи, қайсиниси иккинчи... ўнинчи даражали эканини фарқламай қолади. Буни хасталик
десак, бу касаллик билан оғриган биргина Зоҳид эмас. Зоҳиднинг-ку ота-онаси қишлоқда
яшайди. Бориб-келиш учун камида ярим кун фурсат керак. Ота-онаси билан бир ҳовлида
яшайдиганларга ҳам ана шу хасталик илашган бўлса нима дейсиз? Эрталаб ярим соатли
уйқудан воз кечиб бозорчага чиқадиган, иккитагина иссиқ нону қаймоқ олиб келиб ота-онаси
билан нонушта қиладиганлар кўпми? Балки шошиб туриб, чала-чулпа ювиниб, чойини апил-
тапил ичиб «ойи, мен кетдим, кеч қоляпман!» деб ота-онасининг дуосини кутишга ҳам тоқат
қилмай чиқиб кетадиганлар кўпроқдир? Ёки ишдан келиб, тайёр таомни еб, сўнг чўзилиб ётиб
телевизор томоша қиладиган ёки кўчага чиқиб қўшнилари билан ярим тунга қадар нарди
ташлайдиганлар озмикин? «Болам билан бир озгина гаплашай», деган илинждаги ота-онани
ўйламайдиганлар йўқми? Айни шу кун, айни шу соатда ота-онаси билан сўнг-ги учрашув
бўлиши мумкинлигини кўпчилик ўйламайди...
...Eртага барвақт ҳам турар, бозорчага чиқиб қаймоқ ҳам олиб келар... унда шу қаймоқни тотиб
кўрувчи меҳрибонлари бу дунёда бўлмайди...
...Eртага «Ойижон, дуо қилинг, хизматимга эсон-омон бориб келайин, Тангри мени ярлақасин!»
дегиси келар, аммо дуогўй бу дамда боқий дунёда бўлади.
...Eртага ишдан қайтгач, суҳбатлашиб ўтиргиси келар, бироқ унинг гапларини жон қулоғи
билан тингловчи, ютуғидан мамнун бўлувчи, омадсизлигидан ташвишланувчи меҳр
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |