www.ziyouz.com kutubxonasi
88
сўзингизда турмадингиз. Борганимизда шу фалокатнинг олди олинарди. Улоқ ўлгургаям
чиқмасийдилар.
Фотиманинг шу гапи дард устига чипқон бўлди. Зоҳиднинг вужудини куйдира бошлаган
хавотир ўтига алам мойи сепилдию хотинига беихтиёр равишда «бир пас вайсама!» деб
бақирди. Ҳуда-беҳудага бақираверадиган эрларнинг хотинлари бир вайсашга тушсалар
тинишлари мушкул. Бу мушкулотни ечмоқ учун кўпинча эрнинг мушти ишга солинади. Хотинига
ҳадеб бақиравермайдиган Зоҳиднинг «Бир пас вайсама!» дейиши Фотимага кифоя қилди.
— Уйдамилар, касалхонадамилар? — деб сўради Зоҳид жиянидан.
— Уйдалар. Дўхтирлар гипслаб қўйишди. Лекин... жудаям оғриётганмиш. Бугун Улоқчи бува
келувдилар. Шаҳарда Моштабиб деган одам бор экан. Улоқчи буванинг беллари синганда
тузатган эканлар. Сиз ўша одамни топиб, олиб борар экансиз.
Отасини кўргани ҳозироқ йўлга чиқмоқчи бўлиб турган Зоҳиднинг шашти қайтди. Тўртта нон
кўтариб боришдан фойда йўқ. Азоб чекаётган отаси табибга муҳтож. Эрининг индамай
қолганидан таажжубланган Фотима:
— Ўша одамни танийсизми? — деб сўради.
Зоҳид жавоб бермай, дераза томонда тўшалган кўрпачага бориб ўтирди.
Моштабиб деганларини танишга-ку, танийди-я. Уни ўйлантириб қўйган барча мушкулот ҳам
ана шу танишида эди.
2
Депара ички ишлар бўлимида амалиёт ўтаб юрган кезлари бошлиқ ўринбосари чақиртирди-да,
хонасида ўтирган одамни «Капитан Темиров» деб таништиргач, шу нозирнинг ихтиёрида
бўлажагини билдирди. Зоҳид вазифаси нимадан иборат эканини йўлда кетаётганларида
нозирдан эшитди:
— Эски шаҳарда Моштабиб деган одам яшайди, эшитганмисиз? — деб сўради. Нозир Зоҳиддан
«йўқ», деган жавобни эшитгач, афсус маъносида бош чайқаб гапини давом эттирди: — Шундай
машҳур одамни эшитмаганмисиз? «Моштабиб» деган ном билан Худо билади, минг йиллардан
бери неча юз табиб ўтган экан. Отадан болага ўтиб келаверган-да. Моштабиблар Амир
Темурни ҳам даволашган.
Нозир кейинги гапини худди «Амир Темур»ни даволашаётганда ўзим ҳам бор эдим, подшонинг
оёғини ўзим ушлаб турганман», деган оҳангда, фахр билан айтди.
— Минг йиллардан бери одамларга хизмат қилиб келган моштабибларнинг иши эндиги замонда
зарарли эмиш. Шу маҳаллада бир-икки ғаламис бор, юқори идораларга хат ёзгани ёзган. Улар
ёзади, калтак эса менинг бошимда синади. Ёзадиганларнинг биттаси дўхтир. Ўзим бориб
гаплашдим ўша билан. «Барака топгур, Моштабиб сенинг касалларингни тортиб олиб,
нонингни яримта қилаётгани йўқ. Сен қорин дўхтир бўлсанг, у синди-чиқдига қараса, қўй
энди», десам, «Сен феодализм сарқитини ҳимоя қиляпсанми, сен илғор Совет медитсинасининг
нақ душмани экансан», деб башарамга дангал айтди. Айтса ҳам майли, кейинги хатига мени
ҳам тиқиштирибди. Сал қолди урилиб кетишимга. Битта юлдузни, — Нозир погонига ишора
қилди, — ўшанда камайтиришди. Бу қизталоқлар пичанга боғлаб қўйилган итга ўхшашади.
Ўзлари ҳам ейишмайди, бировга ҳам бергилари келмайди. Хўжа-йинлар ҳам қизиқ, ука,
мен аниқ биламан, олдинги катта хўжайинни шу одам шифолаган. Бу одамнинг яхши
табиблигини ҳаммалари билишади. Лекин барибир ғаламис хат келса питирлаб қолишади. «Хат
рўйхатдан ўтган, чора кўриш керак», деб буйруқ бераверишади. Шифо топган улар-у, шу хат
орқали балога қолган менман. Ҳозир давр шунақа бўлиб қолган, ука, билиб қўйинг. Ана энди
иккаламиз уч-тўрт кун кўчада қоққан қозиқдек ўтирамиз. Ўтган-кетганлар ичларида
сўкадиларми, ҳар ҳолда нима дейишса дейишар. Башарамизга тупуриб ўтишмагани учун
дўппимизни осмонга отсак ҳам арзир. Ука, сиз шу соҳани танлабсиз, билиб қўйинг: мана
шунақа ишлар милисани одамлар кўзига бало қилиб кўрсатиб қўяди. Шу жамиятнинг ишларига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |