www.ziyouz.com kutubxonasi
84
— Ну зачем, адажониси, Гогик Мониканинг сочини прическа қилади.
Кесакполвон «Бор-е!» дегандай қўл силтаб, хонасига кириб кетди. Диванга ёнбошлаган чоғида
эшик очилиб, юзини буриштирган Моника кўринди.
— Папул, кетаверайми? — деди у остонада турганича.
Аразчи қизининг чўччайган лабларига кўзи тушган Кесакполвоннинг қаҳри бир оз юмшаб:
— Ленинградгами? — деб сўради.
— Уйимга! — деди Моника пўписа оҳангида. — Между прочем, биза кўчада қомаганмиза. И
слава богу, уйимиз бор. Просто силага скучна бўлмасин, деб келамиза. Энди скучат қилсангиз
ўзийз бориб кўрасиз.
— Оббо, бўлди, шунга ҳам аразми? Ойинг сени гармдорининг устига туққан-да, а, асалим, —
Кесакполвон туриб келиб қизини ёноғидан ўпди.
— Посторонний одамни олдида просто унижат қилиб юборасиз.
— Ҳазиллашдим, қизим, ҳазиллашдим. Посторонний йўқ-ку, бу уйда. Гогикми? У ҳам
ўзимизники ҳисоб. Ҳазилимни тушунади.
— Ленинград нима бўлади?
— Ойинг билан маслаҳатлаш, билганларингни қилларинг.
— Мерси, папул, — қизи шундай деб эркаланганича уни ўпди-да, қувноқлик билан изига
қайтди.
Кесакполвон қизидан фақат «хўп» деб қутилиши мумкинлигини яхши билгани учун ҳам тезгина
таслим бўла қолди. Қизини биров эмас, ўзи эркалатиб ўстирди. Бу ўринда «тарбия қилди»,
демоқ ножоиз. Чунки отадан яхши тарбия кўрган қиз бундай бўлмас. Кесакполвон «Нима учун
мен эмас, фалончи кучайиб кетяпти?» «Нима сабабдан фалончи мендан бойроқ?» деб ўзини
саволга тутарди. Бироқ, ҳеч қачон «нимага фалончининг фарзанди унақаю, меники бунақа?»
деган саволни хаёлига ҳам келтирмаган.
Бунақа қарта ўйнаб ўтиришганини энди кўрибдими, ҳозир кайфияти чатоқроқ бўлгани учунгина
бақирди. Қизининг сартарош билан Ленинградга бориши ҳам унинг учун аҳамиятсиз бир нарса
эди. Агар кайфи чоғ пайтда бу янгиликни эшитганда «Ие, зўр-ку, албатта бориш керак»,
демоғи шубҳасиз эди.
Кесакполвон диванга чўзилиб, ётган ерида керишди. У шифтдаги нақшларга, деворга чизилган
гулларнинг расмига қараб ётишни яхши кўрарди. Номдор наққошни топдириб келиб ишлатишга
пулни аямаган эди. Наққош айниқса рўпарани шундай безаганки, бегона одам минг тикилсин,
девор орасида пўлат сандиқ борлигини илғай олмайди. Пўлат сандиқ ичида нималар борлиги
фақат Кесакполвоннинг ўзигагина маълум. Бундаги бойлик невараларининг еб-ичиши, ўйнаб-
кулишигача етиб ортади. Пўлат сандиқ тўлган, лекин кўз тўймайди.
Асадбек қизи ўғирланган кезлари маъюс оҳангда «Топган-тутганларимиз невара-
чевараларимизга ҳам етиб-ортади. Бизга яна нима керак?» деганида Кесакполвонга бу гап
эриш туюлган эди. «Бизга яна нима керак? Бу дунёда нима деб юрибмиз ўзи? Бой бўлмасанг
биров сени одам ўрнида кўрмайди. Худо бериб турганида тўплайверсанг-чи! Невара-чеварангга
етадими-йўқми, ҳисоблаб нима қиласан? Ҳисоблаганинг са-йин барака қочади...», деган хаёл
билан хожасини тентакка чиқарган эди. «Ҳисоблаб нима қиласан», дегани билан унинг ўзи
пўлат сандиқ ичидагиларни санаб туришни ёқтиради. Санаётганида бармоқлари яйрайди,
юрагига эса ғалати бир қувват оқиб киргандай бўлади. Ҳозир ҳам туриб санагиси келди. Бироқ,
ён хонада одамлар борлигини эслаб, бу роҳатбахш юмушни ке-йинга қолдирди.
Девордаги гуллар расмига тикилиб ётган чоғида Асадбекнинг «Бизга яна нима керак?» деган
гапи ёдига тушди. «Агар тирик қайтсанг, невара-чеварангга етадиган бойликларингни е-еб
ётаверасан. Олифтагарчилик қилувдинг, мана, Худо бераридан қисди. Ўлмай қайтганинг ҳам
дуруст ошнам, бойликнинг қадрига етасан. Хонгирей жонингни олмаса ҳам тахтингни олади.
Бир пайтлар чўталчи эдинг, кунинг яна шунга қоладиган бўлди...», деб ўйлаб, кулимсираб
қўйди. Кейин хаёлига қўққис бир фикр келди: «Масковга кетган Ўқилон чувалчанг бўлиб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |