www.ziyouz.com kutubxonasi
82
Қози машинани жойидан жилдирди-да, бомба устида ўтирган одам каби хавотирланиб, қайси
томонга юриши кераклигини сўради. Кесакполвон жавоб беришдан аввал яна боягидек
қўполдан қўпол сўкиниб олиб, сўнг:
— Уйга ҳайда, — деб амр этди.
Шундан кейин бир неча дақиқа ундан садо чиқмади. Машина трамвай йўлини кесиб ўтиб унинг
кўчасига бурилганда, Кесакполвон Қозига қараб:
— Бек аканг сендан ҳеч нима сўрамадими? — деди.
Кесакполвон кеча ҳам шу саволни бериб «йўқ» деган жавобдан қониқмаган эди. Шу сабабли
Қози «Кеча сўровдингиз...» деган маънода хожасига бир қараб олди.
— Нега қараяпсан? — деди Кесакполвон зарда билан. — Акахонимнинг мияси ачиб қолибди,
кечаги гапини яна сўраяпти, демоқчимисан?
— Худо урсин, хўжайин, бунақа гап калламга келмади.
— Калланг бўлса келади-да... Ҳали буфетда нега имлаб чақирди?
Кесакполвон йўл ҳақи тўлаётганида Асадбек қаҳва ичиш баҳонасида буфетга ўтиб Қозини
имлаб чақирди. Унинг Қозига айтадиган зарур гапи йўқ эди. Айниқса Хумкалладан гап очиб
буларнинг пайтаваларига қурт туширишни истамаганди. Шунчаки «Бўтқа билан биллалашиб
Зайнабнинг уйидан хабардор бўлиб турларинг», деб тайинлаган, гапириш чоғида эса
Кесакполвонга ўғринча қараб олган эди.
Асадбекнинг ўзи фақат яқин олган одамларигагина бир иш буюрарди. «Бек ака, буюринг», деб
илҳақ турувчи йигитлар вазифани аъёнлар орқали олишарди. Бу одатдан бохабар бўлган Қози
Бек акасининг шахсан ўзидан «махсус топшириқ» олганидан мамнун бўлди-ю, орадан кўп
ўтмай бу масалада хожасига ҳисобот бериши лозимлигини фаҳм этмади. Қанчадан қанча
одамнинг тақдирини ҳал этиб келган унинг ақли катта хўжайин билан кичиги орасида пинҳона
уруш очилганини англаб етишга қосирлик қилди. Шу сабабли каттанинг топшириғини кичигига
оқизмай-томизмай етказмоқ вазифаси борлигини билмай, ғазабли нигоҳга дуч келди. Ғазабли
нигоҳ ундан ўзини оқловчи баҳона эмас, аниқ жавоб кутарди. Қассоб бир оз довдираган ҳолда
Бек акасидан эшитган гапни айтди-да, «Шу ҳам катта айбми?» дегандек Кесакполвонга қараб
олди.
«Куёви касалхонада ўламан, деб ётибди. Қизи уйда бўлса... Қаровсиз ҳовлининг нимасини
пойлайди?» Кесакполвон топшириқдан кўзда тутилган мақсадни англамай:
— Шунинг ўзими? — деб сўради.
— Бошқа ҳеч нима демадилар.
— Хумкаллани сўрамадими?
— Сўрамадилар.
«Қизиқ, нега сўрамади? Гумонини ҳақиқатга айланишини истаса сўраши шарт эди. Мен ўзим
вос-вос бўлиб қолдимми? Ундан бекорга хавотирланяпманми? Э, йў-ўқ... унинг кўзлари мени
алдолмайди. Кўзига қараб, ичида нима ёнаётганини шу пайтгача билмай юрсам, ғирт аҳмоқ
бўлардим. Хумкаллани барибир бу боладан сўрайди. Дўхтирни ҳам тинч қўймайди. Бекорга
«тегмаларинг», демади. Ҳали сайратади уни...»
Машина Кесакполвоннинг дарвозаси қаршисида тўхтаганида томчилаётган ёмғир жалага
айланди. Болохонадаги йигит чаққон тушиб дарвозани очгач, Қози машинани ичкари ҳайдаб
кириб, чап томонга тақаб тўхтатди. Йигит илдам юриб келиб, олд эшикни очди. Кесакполвонга
унинг бу иши ёқмай, ўқрайди-да, эшикни зарда билан тортиб ёпди.
— Хумкаллани сўраса нима дейсан?
— Ўзингиз тайинлаган гапни айтавераман-да.
— Қани, айт-чи?
— Шу... уч-тўрт кун олдин маишат қилганимиз, кечаси дўхтирни йўқлаганимиз...
— Дўхтир қаёқда эди?
— Буни айтмовдингиз, хўжайин?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |