www.ziyouz.com kutubxonasi
79
бир марта «Ҳайдар ака», деб унинг номини тилга олганда Жалил «Бу ҳароми қачондан бери
сенга «ака» бўлиб қолди», деб сўкиб берган эди. Шу боис «муллакамнинг анов ошналари»
деганда Жалил ким назарда тутилганини дарров фаҳмлади-да «Овсинингни ёлғиз ташлаб
чиқавердингми, аҳмоқ!» деб сўкиб, ўрнидан турди.
Жалил ҳовлига кирганида Ҳайдар пакана уй остонасида тўғон бўлиб туриб олган, Манзура эса
ичкарида сайёд тўрида иложсиз қолган ғаззола каби жонсарак кўзлари билан нажот изларди.
Жалил югуриб келдию ҳе йўқ, бе йўқ Ҳайдар пакананинг юмшоқ ерига тепиб қолди. Пакана
ўгирилишга ҳам улгурмади — ичкарига қараб мункиди. Жалил эса унинг энса сочларидан
маҳкам чангаллаганича турғизиб, ҳовли томон тортди-да яна бир-икки тепиб кўчага чиқариб
ташлади. Овоз чиқариб сўкмади, Ҳайдар пакана ҳам «нега тепасан!» деб дағдаға қилмади.
Манзура худди гуноҳ устида қўлга тушгандай, иснод ўтида ёниб ичкари кириб кетди.
Жалил Ҳайдар пакананинг узоқлашишини кутиб турди-да, сўнг ҳовлига қайтиб, ҳудди ҳеч
қандай воқеа юз бермагандай:
— Манзура, тезроқ бўлларинг, қорин таталаб ноғора чалиб юборди! — деди. Бу гапни
меҳрибон ака овозида айтди. Унинг назарида бу оҳанг Манзурага далда бериши лозим эди.
Аммо ичкарида титраб турган жувонга ҳар бир сўзи тўқмоқ каби зарба берганини билмади.
Асадбек қайтгач, Жалил айтадиганлари Манзурага жабр бўлишини англаб, машмашани маълум
қилмади. «Урса хотинини бир-икки урарди, аммо бу паканани йўқотарди», деб бу иши учун
ўзини кейинроқ койиди.
Eски ҳовлига қадам босишдан олдин Жалилникига хавотир билан қарайдиган бўлиб қолган
Ҳайдар пакана Асадбек янги уйга кўчгач, бу ҳавотирдан қутулди. Жалил ҳам ўртоғини назорат
қилишдан тийилди.
Жалил Кесакполвоннинг барча қилиқларини билганида ошнасига жумбоқли савол айтиб,
виждон ҳақида гапириб ўтирмасди. Ўшанда Асадбек «икки гапингнинг бирида «ошнанг одам
эмас», дейсану виждондан масала сўқийсан. Агар одам бўлмаса, унда виждон нима қилади?»
демоқчи бўлдию «арининг уясини кавламай қўя қолай» деб фикрини тилга кўчиришдан
тийилди.
Чувриндининг ўлимидан сўнг Асадбек ҳасрат дастурхонини ёйиб гумонини айтсами, Жалил
эски пахтани чувиган мисол барча танбеҳу дашномларини бир-бир эслатиб «ана энди эсинг
кирганга ўхшайди. Лекин кечикиб кирган эснинг фойдаси бўлармикин? Шу паканангнинг
разиллигини билишинг учун яқин одаминг-нинг ўлимини кутишинг шартмиди? Илгарироқ эсинг
кирганда шу бола увол кетмасди-я...» деган бўларди.
Кесакполвон Жалилда мавжуд нафратни биларди. Жалил тепмай қўйган бўлса ҳам ундан
тепкидан зўрроқ, тепкидан ёмонроқ бир нарсани кутиб юрарди. Айниқса икки ошна холи қолиб
гаплашгудай бўлишса, бу томонда Кесакполвоннинг қулоқлари динг турарди.
Қабристонда Асадбек ғазабга тўлган кўзини қадаб «Йўқол!» деганида бир оз чекинди-ю, Жалил
яқинлашиб нималардир деганида хавотирга тушди. Икки ошна қабристондан бирга чиқиб,
бирга кетиб, сўнг майит чиқарилган хонадонга қайтиб боришмагач, бу хавотир янада ошди.
Ана ўшанда «сал оширворибман, ҳозирча ўлдирмай бошқа чорасини қилиб турсам бўларкан»,
деб афсусланди.
Кесакполвонда «шу ишни тўғри қилдимми?» деб тарозига солиб фикрлаш одати йўқ эди.
Чувриндининг ўлимидан сўнг бу одатини канда қилиб ўйлаб кўрди. «Бошқа чора»нинг қандай
бўлиши мумкинлигини кўп ўйлади. Ноилож ақли охир-оқибат «ўлимдан бошқа чораси йўқ
эди», деган хулосада тўхтаб, унга тасалли берди. Виждон азоби нима эканини билмайдиган
унинг руҳи бу сафар ҳам безовта бўлмади.
2
Асадбекни кузатган Кесакполвонда ўзи ҳам тушунмаган бир ҳис уйғонди. Ошнасининг тахтини
тезроқ эгаллаш умидида яшаётган бу одамдаги тушунуксиз ҳисни армон демоқ-да мушкул,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |