www.ziyouz.com kutubxonasi
83
— Бек аканг сўраса ҳам шунақа дейсанми, э эшак мия! Сен дўхтирни топ.
— Хўп, хўжайин.
— Қаёқда писиб ётганини уйидагилар билар.
— Бу ёғини қойил қиламиз, ҳаммаси бехит бўлади.
— Менга қара, шу дунёда миллион дўхтир бормикин?
Қози елка қисди. «Хўжайин, санаб чиқ, десангиз санаб чиқаман, лекин ҳозир аниғини
билмайман», дегандай қараб тураверди. Кесакполвон унга боқмаган ҳолда, ўзига ўзи
гапиргандай давом этди:
— Миллион дўхтирдан биттаси қуриса дунё камбағаллашиб қолмас, а? Нима дейсан?
Қози хўжайинининг мақсадини англаб ишшайди:
— Хўжайин, асли ҳисоб-китобни тўғри қилиб қўйиш керакмикан? Дўхтирнинг сони битта кўп
экан?
— Унақада Бек аканг келгунича ҳисобни тўғри қилиб қўй.
Кесакполвон шундай деб эшикни очди-да, машинадан тушиб уй томон юрди. Хизматга маҳтал
йигит эса қўлларини қовуштирганича ўзини четга олди. Қози ҳам машинадан тушиб калитни
йигитга узатди-да, «ўртага олиб, яхшилаб арт», деб буюргач, болохонага чиқди.
3
Меҳмон кутишга мўлжалланган катта хонанинг ойнаванд томондаги оромкурсиларни банд
этган Кесакполвоннинг хотини, қизи, куёви ва хос сартарош карта ўйинига шу даражада
берилиб кетган эдиларки, ҳатто эшикнинг очилиб-ёпилганини ҳам сезмадилар. Кесакполвон
остонани ҳатлаб ўтиб, уларга бир оз қараб турди. Қайнона билан куёв, Моника билан сартарош
шерик бўлиб, бир-бирларини енгмоқ қасдида қарта ташлашарди. Пастак столнинг четидаги
оғзи очиқ коняк, биллур қадаҳчалар ҳам Кесакполвоннинг назаридан четда қолмади.
Аввалига бақириб, сўкиб бергиси келди. Лекин шу онда қулоғига кимдир «биринчи марта
кўраётганинг йўқ-ку, буни» деб шивирлагандай туюлиб, ғазабини ютгандек бўлди. «Ютгандек
бўлди», демоғимиз сабаби бор: Кесакполвон бош кўтарган ғазабни ноумид қайтарувчи
номардлардан эмас. Ҳозир ҳам одатига хиёнат қилмади. Ғазаб ўқларини сал қиялатиб, куёви
томонга отди:
— Вей, менга қара, куёв бола, сенинг уй-пуйинг борми, хотининг билан уйингда ўтирсанг
ўласанми?
Тўсатдан янграб, магнитофондан таралаётган мусиқа товушини босиб кетган бу овоздан
тўрттовлари ҳам чўчиб тушишди. Моника бармоғида қистириғлиқ сигаретни шошиб кулдонга
ташлади-да:
— Ой, папул келди, — деб ўрнидан турди. Бунақа бақиришларга кўникиб кетган куёв ҳам
эриниб, қўзғолди. Моника тез-тез юриб келиб дарғазаб отасини қучоқлади. Кесакполвон жаҳли
чиққанини яна бир карра таъкид этмоқ мақсадида қизини одатдагидай ўпиб, эркаламади.
— Папул бугун вне настроенияда, — деди Моника аразлаб.
— Папанглар чарчаганлар, — Кесакполвоннинг хотини шундай деб унга яқинлашди: — Ҳа,
адаси, тинчликми?
Кесакполвон хотинига ўқрайиб қараб, хонаси томон юрди.
— Ҳай, адажониси, бир минутга тўхтанг, у нас новости. Ленинградда парикмахерларнинг
международний виставкаси бўлаётган экан.
— Виставка эмас, конкурс, — деб изоҳ берди сартарош.
— Ну да, конкурс. И шу конкурсга Гогик бориши керак.
— Борса ана катта кўча, қўлидан ушлаб турганим йўқ, — деди Кесакполвон минғирлаб.
— Как это «катта кўча»? Бу простой конкурс эмас, международний ахир. И Гогик победител
бўлиши керак. И Моника ҳам бориши керак Ленинградга.
— Ҳа, қизинг ҳам сартарош бўлиб қолдими?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |