www.ziyouz.com kutubxonasi
89
ҳам қойил қолмайман баъзида.
— Қойил қолмасангиз ҳам шу жамиятга хизмат қиляпсиз-ку? — Зоҳид шундай дейишга деди-ю,
нотаниш, синалмаган одамнинг хафа бўлиши ёки аччиқланиши мумкинлигини ҳисобга
олмаганини фаҳмлаб, унга хавотир билан қараб қўйди. Бахтига нозир ранжимади,
аччиқланмади ҳам, аксинча, енгил «уф» тортди-да:
— Тирикчилик шу бўлганидан кейин ҳар қанақа хизматни қилаверамиз-да, — деди. — Аслида
мен бу касбни ишқибоз бўлиб танламаганман. Ҳарбийдан қайт-ганимда комсомол юборган.
Ўқий десам, уқувим йўқ эди, бирор ҳунарга ҳам қизиқмабман. Сизнинг йўриғигиз бошқа.
Ўзингиз яхши кўриб, ўқиб келяпсиз. Сизга ўхшаганлар кўпайса мендақаларга нон қолмайди.
Ҳали уйланмаган ғўр йигитга ҳасратини айтиб бораётган нозирнинг тақдири юриб
бораётганлари эски шаҳарнинг эски кўчалари каби эди. Жин кўчаларнинг жони йўқ — ҳадемай
бузилиб, ўринларида янги йўл тушажагидан хавотирланишмайди. Нозирнинг тақдири
ночорроқ...
Жин кўчалардан ўтиб бораётган Зоҳид ўз тақдирига оид бир масалани кашф этди: ўқишни
тамомлагач, шунчаки бўш бир ўринга келмайди. Балки хизматни «тирикчиликда» деб
ҳисобловчи айнан шу одам ўрнига ҳам келиши мумкин. Шунда тирикчилик ташвиши билан
юрган яна бир бошқа одам унга ола қарамайдими? Бора-бора Зоҳиднинг ўзи ҳам
ўзгармайдими? «Адолат учун курашаман!» деган шиорини тирикчилик либоси бўғиб
ташламайдими? Вақти келиб ўрнини ёш йигитга бўшатаётганида уни қандай ҳис чулғайди:
«Худога шукр, адолатга етишдим», дейдими ё шу одам каби «тирикчилик экан-да, ука», деб
хўрсинадими? Ёки «яна уч йилгина бўшатмай туришса уйнинг чаласини битказиб олиб,
ўғлимнинг тўйини ҳам ўтказиб, қутулар-дим-а», деб афсусланармикин?
Бозордан ўтиб, трамвай саройининг орқа томонидаги кўчага бурилишганида нозир Темиров:
— Шу муюлишга капа тикиб ўтирамиз. Чапдан иккинчи эшик Моштабибники, — деди.
— Уйларига кирмаймизми? — деб сўради Зоҳид.
— Нима қиламиз кириб? — Нозир ажабланиб Зоҳидга қаради.
— «Табибликни йиғиштиринг», дейишимиз керакми? Вазифамиз шунақами?
— Вазифа-ку, шу. Лекин кирмаймиз. Энг муҳими — шу ерда қоққан қозиқдек туришимиз керак.
Хат ёзган ғаламислар формали одамларни кўришлари шарт. «Хатим инобатга олинибди» деб
қувонишсин. Беш-ўн кун тинчиб ўтиришади. Хўжайинлар ҳам «чора кўрилди» деб ҳисоб
беришади. Кейинги хат ёзилиб, керакли жойга бориб тушгунча биз ҳам дам олволамиз.
Шу пайтда улар яқинидан яшил «Жигули» ўтиб, табибнинг эшиги рўпарасида тўхтади.
Машинанинг олд ўриндиғидан тушган йигит орқа эшикни очиб, ёши ўтган аёлга елкасини
тутди. Аёл йигитга суянганича, чап оёғини босолмагани сабабли, ҳаккалаб юриб ичкари кирди.
— Сиз билан мен ҳозир бориб шуларни орқага қайтаришимиз керак. Борасизми? — Нозир
шундай деб савол назари билан қаради. Зоҳид бу савол замирида синов борлигини фаҳмлаб,
«ўзингиз биласиз» деган маънода елка қисиб қўйди. Дам ўтмай, ҳалиги аёл йигитга суянмаган,
ҳаккаламаган ҳолда чиқиб келди. Чап оёғини сал эҳтиётлаб босаётгани ҳисобга олинмаганда
ҳозирги мажруҳ аёл шу, дейилса биров ишонмас эди. Зоҳид ажабланиб:
— Бўлдими? — деб сўради.
— Бўлди, — деди капитан Темиров мамнун оҳангда. Унинг ёришган чеҳрасини кўрган Зоҳид
«Худди ўзи даволаб, қойил қилгандай қувонади-я!» деб ўйлади.
— Оёғи чиққан экан-да, — деди нозир табобат сирларини яхши билувчи одамнинг оҳангида. —
Синган бўлганида то жойига солиб боғлагунча уч-тўрт дақиқа вақт кетарди. Энди хоҳласангиз
бориб суриштиринг: берган бўлса бир сўм, жуда бойваччалиги тутган бўлса уч сўм бергандир.
Ғаламислар аслида шунисига чидашолмайди. Табиб бойиб кетяпти, деб ўйлаб ичларини ит
таталайди. Сиз бир сўм билан бойиб кетган табибни кўрганмисиз? Мен ҳам кўрмаганман.
Одамнинг жони оғриб турганида кўзига пул кўринмайди. «Мана, минг сўмни олингу тузатинг»,
дейди. Оғриқ тўхтагач, минг сўмни атаганини унутиб, «қўл ҳақи» деб бир сўмгина ташлайди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |