www.ziyouz.com kutubxonasi
95
— Зўрки, у ёқ бу ёғи йўқ. Бу китобнинг чиққанига юз йил бўлган. Қуръоннинг русчага таржима
қилинган бошқа нусхалари ҳам бор. Аммо Саблуковники энг зўри ҳисобланади. Ўзбекчаси
борми?
Зоҳид бу саволдан довдираб, елка қисиб қўя қолди.
— Мен ўзбекчаси борлигини эшитмаганман. Нега таржима қилишмайди, а? Қизиқ! Дунёдаги
ҳамма тилларга таржима қилинган-ку? Отамнинг кутубхонасида немис, инглиз нусхаларини ҳам
кўрганман.
— Ўқияпсанми ё кўчиряпсанми? — деб сўради Зоҳид қалин дафтарга ишора қилиб.
— Ўқиб чиқдим. Энди кўчиряпман. Кўчириб ёзганда эсда яхшироқ қолади. «Таврот» билан
«Инжил»ни кўчириб бўлганман. Ҳа, нимага оғзингни очиб турибсан? Бу ишим сенга ёқмади
шекилли? Климович аҳмоқ эмас, бу ишни бекорга қилмайди. Сен билан мен атеистмиз. Худони
тан олмаймиз. Бу китоблар илоҳий эмас, одам онгининг маҳсули деймиз. Хўп, бу масалаларда
Климович баҳслашмайди. Бироқ, бир нарсага аниқ жавоб талаб қилади: дунё одамлари
Тавротга уч минг, Инжилга икки минг, Қуръонга бир минг тўрт юз йилдан бери яшамоқнинг
асосий қонуни сифатида амал қилиб келяптилар. Сен билан мен эртага одамларнинг тақдирини
ҳал қиламиз. Улар фақат бизнинг қонунларимиз асосида яшамайдилар. Демак, биз буларни
билишимиз керак. — Климович фалсафасининг Зоҳидга таъсир этмаётганини сезди-ю, гапни
бура қолди: — Палов олиб келдингми? Климович ҳам одам, вақти-вақти билан овқатланиб
туриши шарт.
Климович илмий ишга рағбат билдириб, ўқишни аспирантурада давом эттирди. Зоҳид
киссавурларнинг изига тушиб, овлоқларда уларнинг йўлини пойлаб тонг оттирган кезлари
Климович илм билан банд бўлди. Уч йилга қолмай номзодлик диссертатсиясини ёқладию
Исроилга отланди. Ҳар қалай индамасдан кетмади. Палов, пиёзли нон билан сийлаб турган
қўшнисини қидириб келди. «Ҳар бир онгли инсон ўзининг тарихий Ватанида яшаши керак».
Климович бу қонунга амал қилади, — деб қалин дафтар тутқазди. — Эсингдами, Саблуковнинг
таржимасини кўчирган эдим. Бу сенга, эсдалик. Сен буни ўқи, тушуниб ўқи. Климович ўқиб
зарар кўрмади.
Шундай деб хайрлашди. Зоҳид Одессада туғилган, ёшлик йиллари Ўзбекистонда ўтган
дўстининг тарихий Ватани қаер эканини ундан хат олганидан кейин билди.
Зоҳид ўша кезлари дафтарни варақлаб бир-икки бет ўқиган бўлди-ю, битхат билан битилган
саҳифаларга кўз ташлашга тоқати етмади. Дафтарни ўқилмай ётган китоблари устига
қўйганича қайта қўл урмади.
Ҳозир табибдан барча учун аниқ, тушунарли бўлган ояти каримани эшитиб, ўша дафтарни
эслади. «Ўқиб қўйсам бўларкан», деб ўзига дашном берди.
— Бу ояти каримани фақат сиз учун айтмадим, — деди табиб йўлдан кўз узмай. — Кўп
жойларда кўп такрорлайман. Ҳаммамиз бандамиз. Унутиб қўйиш иллатимиз бор. Унутиб
қўймаслик учун такрорлаб туришимиз жоиз.
Табиб бу изоҳи билан Зоҳиднинг руҳиятидаги оғир юкни енгиллатди. Бир оз юришгач, Зоҳид
суҳбатни давом эттириш мақсадида:
— Табиб ака, ҳали охират ороли ҳақида гапирганингизда «дарахт экдингиз» деб бирликда
айтдингиз. «Дарахт экмадикми»? Сизнинг ишингиз ҳам хайирли-ку?
Моштабиб кулиб, унга бир қараб олди:
— Тўғри, лекин ишим хайрлилик мартабасига етиб, охират оролида хайрли ниҳол бўлиб
кўкариши учун адангиз аввал шифо топишлари керак. Мен тузатувчи эмасман. Шифо берувчи
— Оллоҳ. Агар Оллоҳ ирода қилган бўлса, мен бир сабабчиман. Энг муҳими — менинг
хизматимдан сизлар рози бўлсаларингиз ниҳол амал олади. Бўлмаса йўқ.
Табиб янглишмаган эди. Зоҳид уйга кириб келиши билан отаси «ие, сен қаердан эшитдинг?»
деб ажабланди.
Отаси хона тўридаги қалин тўшак устида ўтирарди. Ётишга қийналгани учун девор томонга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |