www.ziyouz.com kutubxonasi
105
Асадбекнинг ҳатто тили ҳам музлаб қолгандек бўлди. Хаёлидаги Азроил кириб келишга
улгурмай, ўлишга тап-тайёр бўлиб қолди. Ўзини ҳимоя қилишга куч топиш у ёқда турсин,
нечундир хоҳиш ҳам уйғонмади. Юмуқ кўзларини билинар-билинмас равишда очиб ётаверди.
Eшик жуда асталик билан очилди.
Оёқ шарпаси эшитилди.
Сўнг бир бош кўринди...
Ким у? Жамшидми? «Шунга топширишган эканми?»
Асадбек кўзларини баралла очди.
— Жамшид? — Асадбек шундай деб қаддини сал кўтарди. — Нега мушукка ўхшаб писиб
юрибсан?
— Бек ака, — Жамшид ичкари кириб, қўл қовуштирди, — ухлаётган бўлсангиз, уйғотвормай
дедим. Ўн иккидаги самолётнинг учиши эрталабга қолдирилибди. Айтиб қўйдим, учадиган
пайтда хабар қилишади. Ке-йин...
— Чайналма, нима демоқчисан?
— Ресторанда ҳам тўрт кишилик жой тайёр. Бирга...
— Қорним тўқ, ўзларинг ўтираверларинг. Кенна-йингга айтиб қўйдингми?
— Айтдим, лекин... Бек ака, чиқсангиз яхши бўларди. Чеҳрангизни очиб ўтирсангиз... ҳар ҳолда
дўст бор, душман бор.
Жамшид ақл ўргатишга ўргатди-ю, бироқ, хожасининг юзлари учганини кўриб, нафасини ичига
ютди. Асадбек эса ғашланган кўйи тирсагига тиралганича бир неча сония ҳаракатсиз ётди.
Аъёнининг таклифига на «ҳа» деди, на «йўқ». Кўкрагида «Сен бола, менга ақл ўргатма!» деган
ҳайқириқ уйғонди-ю, бақириқ шаклига кириши мумкин бўлган бу норозиликни сергак ақл
бўғиздан нарига ўтишига йўл қўймади. «Нега сачрамоқчисан, бола тўғри айтяпти, — деди ақл.
— Мушукка ўхшаб ҳурпайиб олганинг нимаси? Ғалаба қилганингда гердайиб юришни
билардинг. Бир муштлик ҳолинг борми? Сен йиғласанг улар мазза қилиб куладилар. Йўқ,
яхшиси сен кул, улар аламдан дод солишсин!»
Ақлга таслим бўлган Асадбек ўрнидан туриб ки-йинди-да, аъён ҳукмига бўйсуниб, икки ўғлини
икки қанотига олган ҳолда, қаддини ғоз тутиб, ресторан томон юрди.
Кўча томондан одамлар қўйилмаган, хос меҳмонхонанинг нозиктаъб меҳмонларигагина хизмат
қилгани учун ресторан гавжум эмас эди. Уларга дераза томондан жой ҳозирланган экан.
Асадбек юмшоқ стулга ўтираётиб ташқарида қорамтир тусда кўринаётган кремл-нинг туя
тишларини эслатувчи деворига кўзи туш- ди-ю, ўзи учун ҳам кутилмаган тарзда
Депутатнинг гапларини эслади: «Бек ака, сиз билан бизнинг тақдиримиз кремл деворлари
ортида ҳал қилинади. Биз бу деворни бузмас эканмиз, бағримизга шамол тегмайди...» Бу гапга
жавобан Асадбек ўшанда «Ҳаммаёқни сенга ўхшаган ишбузуқилар бузади», деган эди. Ҳозир
эса бошқача ўйлади: «Бу деворларни йиқиб бўлармикин?..»
Асадбек сиёсатни дурустроқ фаҳм этганида «Бизлар учун бу деворнинг тургани маъқул. Сенинг
бағрингга шамол тегмаса тегмас, биз шу деворнинг ичида ўсиб-улғайдик, қанот ёздик,
бизларнинг ҳимоямиз ҳам шу. Агар бу девор йиқилса, тагимизга сув кетади», деган бўларди
балки.
Асадбек ўзини хушнуд тутишга уриниб, ўғиллари билан чақчақлашиб ўтиришга интилди.
Фарзандларининг гўдаклигидаги қилиқларини эслади. Жамшид ҳам четда турмай, бир-икки
латифа айтиб кулдирган бўлди. Улар томонга қараб-қараб қўювчилар гўё бахтиёр оиланинг
масъуд дамларига гувоҳ бўлдилар. Асадбекнинг нигоҳи ресторан бўйлаб сарсари кезиб
туришини сезишмади. Асадбекка Хонгирейнинг одамлари уларни қайси бир бурчакдан туриб
кузатишаётгандай туюлди. Бу гумон ҳақиқатга айланаёзганида Асадбек ғашланди. Икки соат
давомида у ресторанда эмас, балки тиконлар устида иштончан ўтиргандай бўлди. Гўё амр этиш
ҳуқуқи Жамшидга берилгандай, ижозат сўраш назари билан унга қараб-қараб қўйди. Жамшид
хожасининг безовталигини сезиб «Яна озгина кутинг», деган илтижоли нигоҳи билан жавоб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |