www.ziyouz.com kutubxonasi
106
берди. Жамшиднинг мақсади фақатгина кузатиши мумкин бўлган кўзларни шамғалат
қилишгина эмас, балки хожасининг ёлғиз эзилиш балосидан оз фурсатга бўлса-да, қутқариб
туриш эди.
Жамшиднинг ихтиёри билан уюштирилган ресторан томошаси тугагач, у хонасига йўналган
хожасини тўхтатди:
— Бек ака, бошқа хонага жой тайёрлатиб қўйганмиз.
Асадбек бу сафар норозилигини яширмади:
— Жа оширвординг, бола!
Агар Чувринди бўлганида хотиржамлик билан «Бек ака, эҳтиёт — шарт!» — деб қўяр, Асадбек
эса унга итоат этарди. Ўзининг Чувринди мартабасида эмаслигини яхши билган Жамшид
ортиқча гапирмади. «Айтдим-қўйдим, жон ширин бўлса, ўзингизни эҳтиёт қилинг», дегандай
қараб қўя қолди. Ҳозир Асадбекка Чувриндининг ўрни билинди. «Бу бола содиқликка содиқ,
лекин икки дунёда Маҳмуд бўлолмайди», деб ўйлади.
Кенгроқ хонадаги учта каравот билан битта диванга жой қилиб қўйилган эди.
— Ҳаммамиз чарчадик. Тиниқиб ухлашимиз керак. Уйга кўзларимиз киртайиб борсак, онанг
ўзидан кетиб қолмасин, — Асадбек шундай деб пиджагини ечиб стул суянчиғига ташлади-да,
шимини ечмай, ўрин устига чўзилди. Ўғиллари ҳам оталари каби омонат ётишгач, Жамшид
чироқни ўчирди.
Бўлиб ўтаётган воқеаларнинг замирида бир шумлик ётганини сезсалар ҳам, оталаридан
сўрашга журъат этолмаётган ўғиллар шифтга тикилганча қимирлашмасди. Асадбек «Ўғилларим
қаттиқ толиқишибди, ухлаш-япти», деб янглишди. Йигитлар бесаранжом бўлса- лар-да,
каравотни ғижирлатиб оталарини безовта қилгилари келмай, хаёллари оқимига майлларини
бериб ётишарди. Бу уч жоннинг жони учун ўзини масъул деб билаётган Жамшид эса «тиқ»
этган товушга ҳам сергак қулоқ тутарди.
Тиниқиб ухлаб олиш ниятидаги тўртовлонга бу кеч уйқу хиёнат қилди.
Ҳозир Асадбек устига келган одам унинг кўзлари юмуқ эканини кўрарди. Бироқ, табиийки,
қалби юмуқ эканини билолмасди. Абдураҳмон табибникида эканида, ўлим фариштасидан бўса
олай деб турганида Тангри таоло сари озгинагина силжиган эди. Оллоҳ эса, ваъдасига кўра,
бандаси томон юриб, унинг боши устидаги бало булутини ҳайдай бошлаган эди. Бундан
қониққан Асадбек Яратган сари юрмоқдан тўхтадигина эмас, дунё ташвишларига банди бўлиб,
аслига қайта қолди. Очилмоққа мойил қалби юмуқлик балосидан қутула олмади. Кўзлари юмуқ
Асадбек айни чоқда юмуқ қалби билан чора изларди.
Донишманд деб эканки:
Илоҳи, ёмон афъолимдин паришонлигим чўқтур,
Ва шум нафсимда пушаймонлик йўқтур
Мундоқ балолардан қутуларға умидим сендин ўқтур...
Шунга кўра, Асадбек пушаймонлардан нари экан, нажотга ҳам умид йўқ эканини идрок қила
олмас эди. Унинг кўр қалби «Eй Худо, сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга бу офатларни
юборяпсан», деб хитоб қиларди. Бандаларга қилинган ёмонлик Тангрига қилинган ёмонлик
каби эканини эса фаҳм этмасди. Ҳозир шу ётишида ҳам Худони саволга тутарди. Пушаймонлик,
тавба кўчаларига кирмоқликни эса ўйламасди.
Илоҳи, дарду холимни ҳар кимга айтсам
Рад қилса, сенга таважжуҳ этгайман.
Ва агар сен рад қилсанг, нетгайман,
ва кимга кетгайман...*
Асадбек дардини бировга айтадиганлардан эмасди. Афсус шуки, Тангрига юзланадиганлар
сафида йўқ эди у. Надоматким, рад этилганлар гуруҳида эди...
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |