IХ б о б
1
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
104
Ўлим яқинлашаётганини сезган бир қария нор туясининг бўйнини силаб туриб, ғамгин равишда
розилик сўрабди:
— Норжон, сен билан кўп йиллардан бери бирга эдик. Мен сендан розиман. Саҳрода адашган
маҳалларимда неча марталаб мени ўлимдан сақлаб қолдинг. Сендан сира ёмонлик кўрмадим.
Аммо мен сенинг дилингни оғритгандирман, бесабаб уриб, силтагандирман. Мендан кўрган
ёмонликларингни кечиргин. Яна қиёматда учрашганимизда юзим шувит бўлмасин.
Шунда Нор туя дебдики:
— Эй ҳожам, уриб-сўкканингиз, силталаганларингиз, ҳатто бурнимни тешиб, бурундуқ
ўтказганингиз учун хафа эмасман. Бу сизнинг менинг устимдаги ҳаққингиз эди. Мен ноҳақ
ҳаракатларингизнинг барчасини унутаман, аммо битта ишингизни сира кечира олмайман.
— Қайси айбим экан, айт, — дебди қария.
— Эсингиздами, фалон замонда саҳрода адашиб қолган эдик. Мен не машаққатлар билан сизни
омонликка олиб чиқдим. Шаҳарга яқинлашган онимизда сиз менинг бурундиғимга боғланган
арқоннинг бир учини эшакнинг думига боғлаб қўйдингиз. Мен ўшанда эшакнинг думи ҳукмига
бўйсиниб шаҳарга кирдим. Мана шу хўрликни кечира олмайман, ҳожам, — деган экан Нор туя.
Хонгирей ҳузуридан чиққан Асадбек ўзини ўша Нор туя ҳолида кўрди. Хонгирей унинг
бурнидан ип ўтқазиб бир учини Кесакполвон қўлига тутқазмоқчи эди. Асадбек тақдирнинг бу
шум ҳазилига итоат этгандай бўлдию, ўзидан нафратланди. Бошига шўр тушганидан бери у бу
қадар хорланмаган эди. Маматбей кузатувида меҳмонхонага қайтган Асадбек зоҳиран одам
келбатида бўлса ҳам, аслида бир вайрона эди. Бироқ у буни тан олгиси келмади. Маматбей
билан бўлган муомаласида ҳам, Жамшид, ўғиллари билан кўришганида ҳам сир бой
бермасликка уринди. Жамшидга «Масковда ишимиз битди, қайтиш ҳаракатини қилавер, мен
бир пас дам олволай», деб хонасига кирди. Юз-қўлларини ювиб, сочиққа артаётганида
рўпарасидаги кўзгуга қараб қолди. Оппоқ сочларига тикилди. Ҳали, Хонгирей билан учрашувга
бормай туриб кўзгуга қараганида сочларининг оқариб кетганига ҳозиргидай ҳайратланмаган
эди. «Шум Маматбей сезди, — деб ўйлади Асадбек кўзгудаги аксидан кўз олмаган ҳолда. —
Хонгирей-чи, пайқадимикин? Сезмаган бўлса, шум айтади. Кейин «қойиллатибмиз», деб
қувонишадими? Уйга қайтганимда Ҳайдар хунаса ҳам яйрайди. Манзура... қўрқиб кетадими?
Бўятиб ола қолсаммикин?» Шу тўхтамга келиб дахлизга чиқди-ю, бироқ, дарровгина шаштидан
қайтди. «Балки Хонгирей шу топда Ҳайдарга телефон қилиб «оқсоч хўжайинингни кутиб ол»,
деб ишшаяётгандир. У хунаса кессак ҳам энг аввал бошимга қарар. Кейин «уялганидан бўятиб
олибди», деб хабар берар. Йў-ўқ... бу хунасаларни ин-инига кирғизиб юбориб, кейин
бўятаман...»
Бир пас ҳордиқ чиқариш ниятида каравотга чўзилган Асадбекнинг танаси салгина
роҳатлангандай бўл-ди-ю, бироқ, руҳи ором ололмади. Дераза ортидаги олам шом қоронғулиги
ҳукмига бўйсуна бошлаган дамда эшик қулфининг шиқиллашидан сергакланди. «Яхши ниятли
одам эшикни бунақа эҳтиётлик билан очмайди», деган фикр вужудини қалқитиб юборди. Унинг
назарида қулфга қандайдир одам эмас, Азроил калит солиб бураётгандай эди.
... Ҳозир кириб келади.
Суратларда чизилгандай чалғи кўтариб, кафанга ўралиб олган қоқсуяк маҳлук кўринишида
кирадими...
... Балки
... Маматбей қиёфасида кирар?
... Боши чалғида олинадими?
Балки...
Қиларқонда бўғилар?..
Eрталабгача тили осилиб ётадими? Жағини боғлаб қўйишга бир меҳрибон топилмайдими?
Бу фикрлар яшин тезлигида келиб кетган бўлса-да, шумлигини амалга оширишга улгурди:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |