www.ziyouz.com kutubxonasi
112
Асадбекнинг секинлаганини кўрган Насиба унга пешвоз чиқиб, яна салом берди.
Асадбек алик олди-ю, «кимсиз, менда нима ишингиз бор?» — деб сўрамади.
— Мен... Шариф аканинг аёллариман... — деди Насиба саросимали овоз билан. Билмаган одам
бу овозни эшитиб «Шариф аканинг хотини бўлиш ҳам катта гуноҳ экан-да, а?» деган хаёлга
бориши табиий эди. Насиба бу киши яна «Қайси Шариф?» деб сўраб қолмасин, деган
ташвишда дарров изоҳ берди: — Винзаводда ишлардилар...
— Ҳа, энди танидим, кўзимга иссиқ кўринятувдингиз. Тинчликми, синглим?
Қовоғи солиқ, қараши қаҳрли Асадбекдан мулойим оҳангдаги гапни эшитган Насиба
саросимадан қутулди.
— Шариф акамни Масковдан олиб келиб... шу ерга қўйдик, — Насиба «Шу ерга қўйганимиз
тўғри бўлибдими?» дегандай унга қараб олди.
— Ие... хабаримиз бўлмабди-ку? Салом-алигимиз бор эди эрингиз билан. Нега айттирмадингиз?
Асадбек бу гапи билан риёкорлик қилмади. У Шариф Намозовнинг ўлимини эшитган, бироқ
касаллиги, кейин яна бошқа ташвишлари билан андармон бўлиб, оиласининг тақдирини
унутган эди.
— Шошиб қолдик... — деди Насиба айбли одам овози билан.
— Биздан нима хизмат?
— Хизмат йўқ... фақат... ўзингизга учрашадиган ишим бор эди.
— Учрашиб турибмиз-ку, айтаверинг.
— Гапирадиган гапмас... омонат бор, бериб қўйишим шарт.
Асадбек «Шариф бир нима қолдирибди-да», деб ўйлаб:
— Эртага соат ўнда идорага келинг. Идорани биласизми? — деди.
Насиба «ҳа, биламан», деган маънода бош ирғади.
— Юринг, уйингизга ташлаб ўтамиз, — деди Асадбек.
— Йўқ, раҳмат, — Насиба шундай деб тисарилди. — Мен... ҳали бу ерда ишим бор... Гўрковга
айтадиган гапим бор...
Асадбек аёлнинг ёлғон сўзлаётганини, уларнинг машинасига чиқишни истамаётганини сезди.
Шу сабабли совуқ тарзда: «Хайр», деди-ю, дарвоза сари тез-тез юрди.
Уйга қайтишганда хонадонда ўзгачароқ руҳ ҳукмрон эди. Магнитофондан шўх қўшиқ таралган,
ҳовлида хизмат қилиб юрганлар чеҳрасида хурсандчилик зоҳир, ҳатто булутларни чекинтира
олган қуёш нурлари ҳам фақат шу хонадонга тушаётгандек эди.
Айвон устунига суяниб сигарет тутатаётган Кесакполвон Асадбекка пешвоз чиқиб,
жилмайганича қулочларини ёйди:
— Энди бу ёғи тўйнинг бисмиллосида, Бек! — Кесакполвон шундай деб «Нима гап, қаерга
бордиларинг?» деган маънода Жамшидга қараб олишни унутмади.
— Наби ҳофизга одам жўнатдим. Хиргойи қилиб ўтирсин-да. Ҳадемай уйингни одам босади.
Ўғилла- рингнинг қайтганини эшитганлар қуллуқ бўлсинга келаверишади.
Кесакполвон айтгандай бировлар астойдил, бошқалар қўрққанидан, айримлар Асадбекка яхши
кўриниш, баҳонада яқинлашиб олиш ниятида «муборак бўлсин»га келаверишди. Меҳмон кутиб
чарчаган Жалил:
— Тўйни тезлатиб юбора қол, — деди. Ошнаси жилмайиб юргани билан юрагини оғир дард
босиб турганини сезгани учун ҳазил баҳонасида ғам тошини енгиллатмоқчи бўлди: — Пулинг
етмаётган бўлса бериб турай.
— Ичимсан-да ичимсан! Жиянларингнинг тўйига чўнтакни бир қоқасан-да, ошнам! — Асадбек
шундай деб Жалилнинг елкасига қўл ташлаб, бағрига тортди.
Асадбек уйланаётганда Жалил тўёна бера туриб «Чўнтакни қоқиб, топган-тутганим шу бўлди,
борига барака», деб қўйган эди. «Ҳа, энди ишчининг топгани нима бўларди!» деган хаёлдаги
Асадбекка пулнинг чўғи кўпроқ туюлди. Ҳолироқ қолганда пулни санаб аввал ажабланди, сўнг
кўзларига ёш келди. Чунки ўша дамларда бойваччалар ҳам бунчалик кўп тўёна беришмас эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |