www.ziyouz.com kutubxonasi
113
Ҳозирги гап билан Асадбек ўша воқеани эсга солди. Бир оз фурсат ҳоли қолишганда эса
қабристондаги аҳдини айтди.
— Жинни бўлма! — деди Жалил. Ошнаси аҳдини ҳозироқ амалга оширишга кетаётгандай
енгидан ушлаб тортди.
— Мен аллақачон жинни бўлиб бўлганман, сезмаятувдингми? — деди Асадбек.
— Одамлар тошбўрон қилиб ташлашади. Бунақа масалада сендан қўрқиб ўтиришмайди.
— Менам тошбўронингдан қўрқмайман. Барибир ўлигини олдиртириб ташлатаман. Одамларинг
аблаҳлик сира кечирилмаслигини билиб қўйишсин.
Донолар «Одамлар учун хотирда сақлаш, унутмаслик нақадар зарур бўлса, баъзи вақтда
унутиш ҳам шу даражада зарур», дейишади. Асадбек нодон бўлмаса-да, унутиш заруратини тан
олгиси келмайдиган тоифадан эди. Ҳақиқат ва тўғриликни севадиган одам доимо виждони
фармонига итоат этаркан, унинг виждонига ҳеч ким ҳоким бўла олмас экан. Саробни, шаётин
кўрсатган адаш йўлларни ҳақиқат ва тўғрилик деб ҳисобловчи дўстининг виждони
фармонларидан нималарни кутишни фаҳмлаган Жалил уни инсоф кўчасига бурмоқчи бўлди:
— Сен кечиримли бўл. Худо «бандаларимнинг гуноҳини кечираман», деб турганида сен
ўжарлик қилма.
— Худонинг ҳисоб-китоби бошқа, меники бошқа.
— Тавба қил, жинни бўлма.
Ҳалимжон яқинлашиб, маҳалладан бир одам сў-раётганини айтмаганида уларнинг баҳси
Жалилнинг бўралаб сўкиб қолиши билан якунланиши тайин эди.
Жалил «йўқлаётган ким экан, ўзим билиб келаман», деб Ҳалимжонга эргашганича кўчага
чиқди-ю, тезда изига қайтди.
— Шорасул аканинг невараси экан, бир бориб келмасанг бўлмайди.
— Ҳозирми?
— Ҳа, ҳозир, бола кутиб турибди. Укам анави куни «Амаким касалмишлар», девди. Оғирлашиб
қолганга ўхшайдилар. Сенда гаплари бормиш.
— Бирга борамиз.
Жалил «Шорасул ака сени сўраттирган, менга бало борми?» дейиш ўрнига:
— Мен бу ерда келди-кетдига қараб тураман, — деди.
Чопар юбортирган Шорасул ака Асадбекка ҳам, Жалилга ҳам ота қадрдонлардан эди. Шу
сабабли Асадбек ҳозир бормаслик учун баҳона излаб ўтирмаслик баробаринда Жалилнинг важ-
карсонини ҳам инобатга олмади. «Юр, келадиган одам сенсиз ҳам келиб-кетаверади», деб
тўнғиллаб қўйишининг ўзиёқ Жалилга кифоя қилди.
Қирқ биринчи йил Асадбекнинг отаси билан урушга кетиб, келгуси кузда ўнг қўлсиз уйига
кириб келган Шорасул ака тўрт йилу тўрт ой давомида уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб
турди. Хотини билан биргаликда нон дўконида ишловчи бу одам икки бурда нон орттириб
қолса, бир бурдасини уларникига ташлаб ўтарди. Уруш тугаб, Асадбекнинг отаси қайтаганидан
сўнг ҳам бу одатини тарк қилмади. Асадбекнинг отаси «халқ душмани» тамғасида қамалганида
кўпчиликнинг оёғи уларнинг остонасидан тортилди. Дастлаб Шорасул ака ҳам келмай қўйди.
Туғруқхонадан қайтган онаси ҳолсизлангани сабабли нонга Асадбекнинг ўзи чиқадиган бўлди.
Ярим кечада Жалилнинг отасига эргашиб чиққан Асадбек кўп қатори навбатда турар, унинг
кафтига ҳам катталарга ўхшаб навбат рақамини ёзиб қўйишарди. Асадбек «Ёзув ўчиб қолса
навбатдан чиқариб ташлашади», деб қўрқиб, кафтини юммасди, бармоқлари совқотиб,
тарашадек қотиб қолса ҳам чидаб турарди. Навбати етганда бир қўллаб ҳисоб-китоб қилаётган
Шорасул ака билан, эрининг ёнида чаққон-чаққон нон кесаётган опоқи хотин билан кўзлари
тўқнашарди. Опоқиси бу бечора боланинг кўзларига қарай олмасди. Шорасул ака эса мунгли
равишда тикиларди. Асадбек унинг «Ҳа, тойчоқ, қалайсан», деб эркалаб қўйишини жуда-жуда
истарди.
Айтадиларки, синган умид чинниси чегаланса ҳам изи қолади. Балки катталарнинг умид
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |