www.ziyouz.com кутубхонаси
17
— Овчилар жамияти-да. Бу ерларни қўриқхонага айлантиришар эмиш. Шунинг учун уй
ҳайвонларини боқиш мумкин эмас экан. Эгалари олиб кетмаса отишади, турган гап. Бу ерда
қадим жайрондан тортиб йўлбарсгача бўлган экан, энди шуларни олиб келиб кўпайтирамиз,
дейишяпти.
Қайиқ сувни тўлқинлатиб қирғоқ бўйлаб боради. Даврон кўзини оролдан узмайди. Назарида
ҳар бир бута ортидан сигирлар жавдираб қараётгандай, «Одамдан ҳуркиб қочиб кетишди...
Одамни энг онгли, энг олий мавжудот деймиз. Лекин айрим ҳаракатларида онгнинг зарраси
ҳам сезилмайди. Ҳайвонларни аёвсиз қириб юборди. Илгари очдан ўлмаслик учун ов қилган.
Кейин шунчаки ҳавасга ўлдира бошлади... Ўз нафсини қондириш учун эркдан айириб қафасда
сақлайдиган бўлди. Қазилма пайтида неча хил номаълум ҳайвоннинг, неча хил ўсимликнинг
изига дуч келдик. Мутлақо қирилиб кетган ҳайвонларнинг саноғи йўқ. Яхши ҳамки, борларини
сақлаш ҳаракатига тушилди. Йўқса, ер юзидаги ҳайвонот дунёси яқин йилларда музейлардаги
тулуплардан иборат бўлиб қоларди... Буталар ортига ёввойилашган сигирлар яширинган. Биз
ёввойилашган деймиз. Йўқ, улар аслига қайтган. Ахир, қадимда ёввойи ҳолда яшаган-ку. Пода-
пода бўлиб, аҳиллик билан ўзларини душманларидан ҳимоя қилганлар. Кейин эса одамлар
уларни тартиб билан ўлдириш учун ўз паноҳларига олганлар. Энди бу ҳайвонларнинг ўзларини
ҳимоя қилишларига ҳожат қолмаган. Чунки ногаҳоний ўлим йўқ. Емиш излаб сарсон
кезмайдилар ҳам. Ҳамма нарса муҳайё! Ана шуларнинг бир нечаси аслига қайтибди. Одамдан
қочяпти... Озодликка, эркка ўрганиб, тартиб билан ўлишдан ногаҳоний фожиани афзал деб
билиб, ҳар нарсани муҳайё қилгучи одамдан буткул нафратланиб, буталар орасидан паноҳ
топиб юрибдиларми? Оғилхоналарига қайтгилари йўқми?
Ажаб, тараққиётнинг юксак поғоналарига интилаётган одамлар ҳам озгинагина муддатга
аслларига қайтсалар нима бўларкин? Йўл қўйган, йўл қўяётган хатоларга дарҳол барҳам
беришга ўзларида куч, ирода топа олармидилар? Ёлғончилик, адоват, ичқоралик,
амалпарастлик, худбинлик, жоҳиллик, қийпичоқ бўлиш... Эҳ-ҳе, биз назарга илмаган
хасталиклар озми? Шулар чакалак орасидан ойдинроқ кўринар, балки давоси ҳам равшан
бўлар... Балки... лекин одам ҳеч қачон аслига қайтмайди...»
— Эҳ-ҳе-ҳе-е! — Қайиқнинг орқа томонида ўтирган йигит ўрнидан туриб қўл силтади.
Давроннинг хаёли бўлинди. Йигитга жавоб ўрнида бақириб қўл силтаётган балиқчи
ҳамроҳларига қаради. Оролни айланиб дам олиш ўрнига дили сиёҳ бўлди. «Бемаъни
инжиқликларим авжига чиқяпти, нима кераги бор шунақа хаёлларни», деб ўзини койиди-да,
ўрнидан туриб у ҳам қўл силкитди. Табиийки, чакалакзорни паналаб тикилиб турган
сигирларни сезмади.
Балиқ қовурилгач, Ниёзни уйғотишди. Ҳам арақнинг таъсири, ҳам офтобда ётиб қолганидан
анчагача ўзига келолмади. Туриб, юзини ювиб қайтгунча ҳеч ким балиққа қўл урмади.
«Иштаҳа учун» яна «оз-оз» отилгач, Ниёз асл ҳолига қайтди. У қўлига бир парча балиқ
олганича тинмай жаврар, бошқалар дастурхонга қарашни ҳам, қарамасликни ҳам билмай
ўтиришарди. Бу ерликларда меҳмонни гапиртириб қўйиб овқат ейиш одати йўқлигини Даврон
яхши биларди. Шу сабабдан тез-тез Ниёзнинг гапини бўлиб турди.
Балиқ сайли шу зайлда Даврон учун кўнгилхунлик билан ўтди. Айниқса Ниёзнинг бир қилиғи
ўлганнинг устига тепган бўлди. Орқага қайтаётганларида Камолхўжа яқинроқ йўлдан кетамиз,
деб эни беш қадамлар келадиган саёз анҳорга дуч келди.
— Оббо, лаънати, оқавага рўпара бўлибмиз. Кечагина қуруқ эди, — деди у. — Сизлар тушиб
туринглар-чи, бир ҳаракат қилиб кўрай. Балки ўтиб кетарман.
Машина ўтолмади. Олдинги ғилдираклари нариги қирғоққа тегиши билан тўхтади. Биринчи
Зокирали, кейин Даврон, уларнинг кетидан Йигитали ака ҳам поябзалини ечиб, шимларининг
почасини ҳимариб сувга тушдилар. Ҳа, ҳа билан машинани чиқариб олдилар. Кейин
тўртовлари ҳам ажабланиб меҳмонга қарадилар.
— Ҳа, ўтмайсанми? — деди Даврон унга.
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |