www.ziyouz.com кутубхонаси
15
ҳам уни тузук-қуруқ таърифламади. Устига-устак Ниёзга сўз тегмади. У кўпроқ мана шундан
эзилди. Бу қувноқтабиат мезбонлардан нафратланди. Айниқса улар аския орасида: «Ҳайрон
бўлмайсизда, меҳмон, ҳазилимиз шунақа», деб қўйишганда: «Нима, мен тўнкамижозмидим,
аскияга тушунмайдиган», деб ғижинарди.
Машина қумли қирғоқда тўхтади. Зокирали тушган заҳоти ҳеч кимга қарамай тўрни олиб
ёйди-да, узилган ерларини улай бошлади. Тўрни ҳатто балиқчиларнинг пирига ҳам бермаслик
кераклигини неча бор айтиб кимнидир сўкди. Камолхўжа эса машинанинг юкхонасини очиб
иккита эски кўрпача, кейин тўрхалтадаги ичимлик ва егулик нарсаларни қуриб, қовжираб
қолган ўт устига қўйди. Сўнг иккита пиёлани тўлдириб ароқ қуйди-да, бирини Ниёзга узатди.
— Олинг, меҳмон, танишганимиз учун! — У шундай деб пиёлани бўшатди. Газета устида
тартибсиз қалашиб ётган сомсадан газак қилиб, Зокиралига қаради.
— Сенам куйдиргингга ичволасанми? — Камолхўжа ундан жавоб кутмай пиёлани тўлдириб
узатди.
— Ма, меҳмон билан ол. Қани, меҳмон, охиригача, саломатлик бўлаверсин...
Ниёз қанчалик қаршилик кўрсатмасин, зўрлаб охиригача ичиришди. «Дам олиш» шу зайлда
бошланди.
Тўр тайёр бўлгач, Зокирали билан Камолхўжа дарёга тушди. Тўрни сувга ташлаб, иккови
икки томондан тортганича аста юра бошлашди. Камолхўжанинг бўйи паст бўлгани учун қирғоқ
томонда, Зокирали эса қуйироқда бўйнигача сувга ботиб борарди. Чуқурроқ ерга келганда
шўнғиб кетар, дам ўтмай саёзроқ жойга чиқиб тўхтаб қолган шеригига «Юрмайсанми!»
дегандек қўл силтарди. Овоз чиқармасди. Шу зайлда улар анча узоқлашишди.
Ширакайф бўлган Ниёз балиқчиларга бирпас қараб ўтирди-да, кейин туриб кийимларини
ечди. Эҳтиётлик билан тахлаб машина ўриндиғига ташлаб қайтгач, кўрпачага мук тушди.
Йигитали акага йўлдаги маърузаларининг давомини ўқий бошлади. Эндигина дили яйраётган
Йигитали ака унинг гапларидан безиб: «Балиқчилардан хабар олай», деган баҳонада туриб
кетди.
— Водийнинг одамларига тушуниб бўлмайди. Ҳаддан ташқари сермулозамат. Меҳмоннинг
атрофида парвона бўлишади. Лекин юракдан иззат қилишмаса керак, дейман. Мулозаматлари
сохтадир-а?
— Сен ҳамма нарсани ўз бўйингга қараб бичасан. Сохта муомалани сенга чиқарган, ҳатто
айрим ҳаракатларинг ҳам сохта бўлади. Бировга юракдан яхшилик қилмайсан. Шунинг учун
ҳамиша бошқалардан гумонсирайсан.
— Сен нима учун уларга менинг кимлигимни айтмадинг?
— Уларга бари бир. Амалинг билан ишлари йўқ. Сен меҳмонсан, тамом!
— Қани, қуй, қўрс бўлсанг ҳам сени яхши кўраман, ичингда киринг йўқ. Сени имкони борича
қўллайман. Дўстлигимиз учун ичайлик!
Даврон ароққа ичайми-ичмайми, деб тикилиб турди. Сўнг бир қарорга келиб ичиб юборди.
Бир кўзи қисилиб қолаёзган Ниёз алжий бошлади. Даврон унга иккинчи кўрпачани юмалоқлаб
ёстиқ қилиб берди-да, «Чўмилиб чиқаман», деб дарё томон юрди.
Дарё суви лойқа. Қирғоқдаги қумларни силаб эринчоқлик билан оқади. Илгарилари чилла
пайтида ҳам сув машина турган ергача чиқарди. Энди анча тортилибди. Оролгача бемалол
сузиб ўтиш мумкин. Одамлар оролга камдан-кам ҳолларда сузиб ўтадилар. Болаликда жиндан
қўрқишади, кейин илон бор, тўнғиз бор, деб чўчишади. Давроннинг қишлоғи бу ердан
машинада юрилса, икки соатлик йўл. Аммо оролнинг шуҳрати, оролда гўё юз берган ғаройиб
воқеалар ҳақидаги миш-мишлар уларнинг қишлоғигача ҳам бориб етарди. Даврон болалигида
уч-тўрт марта дадаси билан келган. Дадаси улфатлари билан балиқ овлаб чақчақлашиб
кетарди. У эса қирғоққа ўтириб олиб сирли оролни томоша қиларди. Назарида, чўпчаклардаги
бутун даҳшатли мавжудотлар шу оролга ин қўйган эди. Ёши улғайгач, оролнинг ҳуснига
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |