www.ziyouz.com кутубхонаси
12
бинойи, ақлли, саводли, биров билан гаплашганда жилмайиб туради. Қани, шу одамни айблаб
кўринг-чи! Мана шу эскиб бораётган машинани сот, деб ақл ўргатаётганларни ёмон одам, деб
бўладими? Бир қарашда улар машина эгасига куйинишяпти, ачинишяпти. Бошқа томондан-чи?
Энг биринчи ўринга ўз манфаатини қўювчиларга «муқаддас» деган тушунча борлигини уқтириб
бўлармикин? Куйиб-пишиб гапираётган чоғингизда мийиғида кулиб, сизни масхара қилса-чи?
Йигитали ака умри давомида ҳар хил одамни кўрди. Бугунги меҳмоннинг гаплари унинг
кимлигини ошкор қилиб қўйди.
Суҳбатни Ниёз бошлади. Мезбонлик бурчи Йигитали акага уни давом эттириш
мажбуриятини юклаган эди. Тушунтириш учун эмас, азбаройи суҳбатни давом эттириш учун
Йигитали ака меҳмонга бир қараб олиб «Йў-ўқ, буни сотолмайман», деди.
— Сотолмайман, деганингиз нимаси, саксон минг юрибди, анави матахни орқасига
айлантириб йигирма мингга келтиринг, у ер-бу ерини артиб, мойлаб, буранг, тамом. Шаҳарга
олиб боринг, камида олтига сотасиз, мен кафилман.
— Сотаман десам, шу ерда харидор топилади. Авваламбор, меҳмон, кўзбўямачиликка
тоқатим йўқ. Қолаверса, бу машинани мукофотга беришган. Ҳар қанча пулдан ҳам қимматли.
— Мукофотга?
— Ҳа.
— Илгари қаерда ишлардингиз?
— Қишлоқ одами қаерда ишларди, пахтада-да.
— Механизатормидингиз?
— Керак бўлганда механизаторлик ҳам қилганмиз.
— Ие, шундай ишни ташлаб...
Ниёз гапини ниҳоясига етказа олмади. Даврон унинг елкасига аста туртди Ниёз орқасига
қаради:
— Уйғондингми?
— Ҳозир барханларнинг орасидан ўтамиз.
Ниёз Давроннинг муддаосини англаб «Бир гап борга ўхшайди», деб қўйди. Мазмунсиз савол-
жавобдан иборат «гурунг» узилди. Ниёз яна юзини шамолга тутди.
— Эшитишимга қараганда, баъзи бировлар то кузгача гаштини суриб, терим бошланиши
билан далага чиқар экан. Беш юзми, олти юз тоннами териб бир машинанинг пулини киссага
уриб яна кетаверар экан, шу гап ростми?
Йигитали ака Ниёзга бир қараб олди.
— Рост. Шундайлар ҳам бор.
— Мен сизни ўшанақа одам демоқчи эмасман, яна кўнглингизга келмасин.
— Бе, меҳмон, сира кўнглимга келмади. Гапировиринг.
— Мукофотга машина беришган бўлса чакки ишламаган экансизда. Орденлардан ҳам борми?
— Бор.
— Нечта?
— Санаш шартми?
— Шунчаки қизиқиш-да... Ҳар ҳолда экспедитсияда юрганингиз қизиқ туюляпти.
— Дўхтирлар касбингизни ўзгартиринг, дейишди.
— Экспедитсия ишини тўхтатса нима қиласиз?
— Унгача, худо пошшо, кўчада қолмасмиз.
— Бола-чақалар қўлтиғингизга кириб қолишгандир?
— Ҳа... — Йигитали ака Ниёзга қараб кулди.
— Нимага куляпсиз? — деди Ниёз ўзини ноқулай сезиб.
— Бунчалик қизиқувчанлигингизни билсам, уйда ёзиб қўйилган таржимаи ҳолим бор эди,
шуни олволар эканман.
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |