www.ziyouz.com кутубхонаси
90
бу ишни.
Палмер оромкурсига суянди, жавоб бермасликка уринди. Шахсий ишлари ҳақида хотиржам,
оқилона гаплашишса ҳам бўларди. Лекин Эдис шахсий хайрли оқилона суҳбат ниқоби остида
унга шафқатсиз ҳужум бошлар экан, энди бу бутунлай бошқа нарса.
— Эдис, сени тушунолмаяпман.
— Биласанми, сен ўзаро муносабатларнинг яна ўша доирасига тушиб қолаяпсан, — деди
Эдис, — Бэркхардт ҳам худди отанг сингари ҳукмрон ва мустабид ахлоққа эга. Бу ерда, Нью-
Йоркда, сен худди Чикагодагидек яна бахтсизсан.
Палмер яна ўзини тутди.
— Нега мени бу ерда бахтсиз деб ўйлаяпсан? — сўради у бепарво оҳангда.
— Буни мен ўзингни тутишингга қараб айтаяпман. — Эдис унга қараб, бармоғининг совуқ
учини Палмернинг чаккасига теккизди. — Жаҳлинг чиқмасин, азизим, мен ахир... Эдис унинг
юзидан кўзидан олиб қочди. — Лекин сен ўйлаётгандирсан... — Унинг овози асабий ва бўғиқ
жаранглади. — Сен ўйлайсанки, буни мен сенинг ғашингга тегиш учун, баттоллигимдан
қилдим, — У жим қолди, унинг жавобини кутарди. — Шундай-ку, ахир?
Палмер тили билан қуриб қолган лабларини ялади, ўзини қисувга олган тангликдан бўшашга
уринди.
— Сен ҳеч ўйлаб кўрмадингми, одам ишга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳам бахтсиз
бўлиши мумкин-ку? — сўради у хотинидан хотиржам оҳангда.
— Ўйлаб кўрдим, — жавоб берди Эдис, қаҳвали финжонини қўлига олди-да, бир-икки
ҳўплади. — Эҳтимол, биз яшаётган мана бу бемаъни отель бунга сабабдир. Балки ушбу шаҳар
боисдир. Ёки ноқулайликлар. Кўриб турибсан-ку, сабаблар сон-саноқсиз.
— Бироқ, шу сабаблардан ҳам энг олисларини ва фрейдчаларини санадинг, — деди Палмер.
— Сен афтидан бу сўзларни синонимлар деб ҳисоблаётганга ўхшайсан? — жавоб қайтарди
Эдис.
— Йўқ, сен қандайдир айлана йўллар билан фикрлайсан ва ҳаммасини Фрейдчасига талқин
қиласан. Эҳтимол, бу менинг мураккаблигим туфайлидир, — дея қўшимча қилди Палмер.
— Сен соддадиллик ниқоби остига беркинмаяпсанми, ишқилиб? — сўради Эдис.
— Мен уриниб кўраяпман, — дея бошламоқчи эди Палмер, бирдан баҳслашувларининг
аҳмоқона эканини тушуниб қолди. — Илтимос, мени тўғри тушун, мен хотиним кўз ўнгида ўз
обрў-эътиборимни қандай бўлмасин сақлаб қолишга интилаяпман. Чунки хотиним шундоққина
кўз ўнгимда психоаналитикка айланиб бораяпти.
Эдис қаҳвани майда қултумлаб ичишда давом этди.
— Майли, сен айтганча бўла қолсин, — деди Эдис ниҳоят. — Лекин битта саволимга жавоб
бер. Бу мен шуни билиш ҳуқуқига эгалигим туфайли эмас, йўқ. Аммо муқаддас руҳлар ҳаққи
айт: бу иш сенга нима учун керак бўлиб қолди?
Палмер жавоб беришга шошилмади. Эдисга етарли даражада тушунарли бўлиши учун
яхшилаб ўйлаб, талқин қилишга тайёрланди. Лекин бу далиллар ростдан ҳам шундайми? У
аста нафас олди.
— Ростини айтсам, беш йил мобайнида сездирмасдан Бэркхардт мен билан қизиқиб
қолишига йўл қидирдим. Отам ўлишини билардим. Эркин бўлишим билан мустақил ҳаракат
қилиш учун тайёр бўлишим керак эди. Натижаси ўзингга маълум.
— О, албатта.
— Энди тескари йўналишда ҳаракат қилиб, урушдан кейинги йилларга қайтайлик. Ўшанда
ҳали отам тирик экан, мен банкда ишлашга қарор қилдим. Яна бир оз орқага қайтсак, бу
ҳарбий хизмат вақти бўлади. Бу пайтга келиб, менга шу нарса аниқ бўлдики, мен отам ҳукми
остидан озод бўлгач, ўзимга янада кўпроқ ёқа бошладим. Сен бундаги уйғунликни
кўраяпсанми?
Эдис тасдиқлаб, бош ирғади. Лекин қўлидаги финжон қилт этмади.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |