www.ziyouz.com кутубхонаси
57
синови ўтказилади. Викдан ана шу синовда фахрий меҳмон сифатида қатнашишни сўрашаяпти.
Бу иккинчи битим. Менинг бир ошнамнинг дўсти дўкон очмоқчи бўлаяпти, у иложи борича
тезроқ лицензия олмоқчи. Бу учинчи битим.
— Буларнинг ҳаммаси унча мураккаб эмасга ўхшайди, — деди Палмер.
— Албатта, йўқ. Энди бу ёғини эшитинг. Ўз навбатида Вик ҳам менга иккита аҳднома
тайёрлади. У янги католик коллежларининг биноларидан бири унинг отасининг номи билан
аталишини хоҳлаяпти. Бу унинг биринчи битими. Нимани айтаётганимни тушунаяпсизми?
— Бўлмасам-чи.
— Шундай қилиб, фикримга эътибор беринг. Иш мураккаблашиб бораяпти. Ҳозиргина бешта
битим ҳақида гапириб ўтдик. Келинг, шулардан биттасини таҳлил қилиб кўрайлик. Масалан,
биржа акциялари билан боғлиқ битимни олайлик. Викдан топшириқ олгач, мен ўз даллолимга
сим қоқаман. Акциялар нархи ҳақида нима билишини сўрайман. Шу тариқа, у энди мен билан
битим тузади. Тасаввур қилингки, у битим туфайли юзага келган мажбуриятларини бажара
олмайди. Лекин мен ўз мажбуриятларимни бажаришим керак ва мен янгича йўл тутаман —
бизни акцияси қизиқтираётган компаниянинг вице-президентига телефон қилиб, зиёфатда
учрашайлик деб келишиб оламан. Бу мазкур битимнинг иккинчи босқичи дейлик. Ундан аниқ
жавоб олиш учун мен ўз навбатимда унинг бир хизматини ўрнига қўйишим лозим. Бироқ нима
билан? Ҳозирча ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман. Зиёфатни фақат бир нарсани аниқлаш
учун уюштираман, унинг кўнглини нима билан овлаш мумкин? Балки унга машинаси учун
қандайдир махсус ойна керакдир? Ёки у қайсидир фахрий лавозимни эгаллаш ниятидадир?
Эҳтимол, пойгага рухсатнома олиш илинжидадир ёки бирор малласоч малак билан танишишни
истар? Бироқ шундай бўлиши ҳам мумкинки, у менинг асосий саволимга жавоб бериш учун
имкони бўлмас. Бу саволни унга ҳали берганимча йўқ. Шунинг учун бир йўла газеталардан
бирининг биржа янгиликлари бўлими муҳарририга телефон қиламан. Ахир у кўп нарсани
эшитади ва билади. Лекин ундан керакли ахборотни олиш учун, унинг ўрнига ўша муҳаррирга
қандайдир бошқа масала бўйича хабар излаб топиш лозим. Бу нимани билдиришини
тушунасизми? Вик билан битта ана шундай келишувнинг ўзи яна учта қўшимча битимга йўл
очади.
— Ҳа, бу ерда ҳаммаси айёрона уйғунлашиб кетяпти, — деди Палмер.
— Э-э, бу ҳали оддий нарсалар. Энди ўз дўкони учун лицензия олишга ҳаракат қилаётган
одамнинг тақдирига дахлдор битимни олиб кўрайлик.
— Бу Калхэйн учун унча мураккаб эмас.
— Сиз буни мураккаб эмас, деб ҳисоблайсизми? Келинг, таҳлил қиламиз. Энг аввло Калхэйн
шу мақсадга эришиш учун бирор куч-ғайрат сарфлаши керакми, деб ўйлаб кўриш керак. Мен
унга фақат келишув дўстимнинг ошнаси учун зарур эканини айтдим, бироқ ундан бу битим мен
учун қанчалик зарурлигини атайлаб яширдим. Бунинг сабаби жуда оддий. Бу менинг дўстимга
— йирик ва нуфузли мижозимга керак! Лицензияга муҳтож бўлган одам эса, дўстимнинг
хотинига амакивачча бўлади. Агар амакивачча лицензияни олса, бу менинг мижозим учун
жиддий енгиллик туғдиради ва бу учун мендан чексиз хурсанд бўлади. Ҳаммадан муҳими
шундаки, у менинг фирмам билан келгуси ой учун контрактни янгидан тузади. Бу, билсангиз,
эллик минг даромад келтирувчи мижоздир. Лекин агар Вик менинг қанчалик манфаатдор
эканимни билса, у менинг илтимосимни йирик битимлар сирасига киритади. Унда мен у билан
каттароқ ҳисоб-китоб қилишимга тўғри келади.
— Мен шубҳа ҳам қилмагандимки, сиз...
— Вуди, мен ҳали асосийсини айтганимча йўқ. Буларнинг ҳаммаси шу қадар аралаш-қуралаш
бўлиб кетганки... лицензия масаласида бунчалик жон куйдириш шартмикин, буни Викнинг ўзи
ҳал қилиши керак. Менинг илтимосим унга қанчага тушишини ҳали аниқлаш лозим. Мен унинг
эски, қадрдон дўстиман. Кўп жиҳатдан бир-биримизга боғлиқмиз. Шу боисдан у, балки бирор
нарса қилишга уриниб кўрар.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |