www.ziyouz.com кутубхонаси
56
— Илтимос, уни бундай атама. Мана беш йилдирки омманинг бу лақабни унутишига
уринаяпман.
— Нима, эшитилиши ёмонми?
— Йўқ, лақаб у ҳақда ёмон тасаввур беради. У кўпроқ катта шаҳарнинг сиёсий
корчалонларига мос келади.
— Нега энди, у чиндан ҳам катта, исми ҳам Вик, шубҳасиз, у ҳақиқий сиёсий хўжайин.
— Ҳамма бало шундаки, у бунақа эмас, — деди Бернс.
— Бўлмаган гапни қўйинг!
— Сиёсий хўжайинлар энди умуман йўқ. Бундай зотлар Иккинчи жаҳон урушида қирилиб
кетди, — таъкидлади Бернс.
— Жиддий гапираяпсизми?
— Албатта. Айтинг-чи, ҳозир ким Твид, Пендергаст ва Кроунер сингари кишилар билан
тенглаша олади? Унақаларни ҳозир учратиб бўпсиз!
— Барибир, унақалар бор ҳозир ҳам.
— Ким ахир? Чикаголик Жек Арвейми? И-е, унинг обрўсини бир пайтлар машҳур бўлган Эд
Келли ёки Билл Томпсон обрўси билан солиштириб бўладими? Ёхуд Нью-Йорк корчалони
Кармин де Сапиоми? Унинг гуруҳи Таммани уруғи билан америкаликларнинг демократик
ҳаракат учун ташкилоти ўртасида адойи тамом бўлаяпти. Бу де Сапио учун ҳалокат билан
тугайди.
— Шунга қарамай, — сўзида туриб олди Палмер. — Агар бирон нарсага эришмоқчи
бўлсангиз, айнан Вик сингари одамга мурожаат қилинг. Фақат ўшагина сизга керак бўлган
нарсани муҳайё қилиш имконига эгадир.
Бернс елкаларини қисди-да мартини тўлатилган қадаҳни кўтарди.
— Сизнинг соғлигингиз учун, — деди у.
— Саломат бўлинг, — деди Палмер.
Бир мунча муддат индамай ичишди.
— Ўйлашимча, — дея сўз бошлаган Бернс тўхтаб, шаробдан бир қултум ичди-да, давом этди,
— ўйлашимча, ҳозир сизнинг сиёсий маълумот олишингизнинг айни пайти, Вуди.
— Наҳотки мен сиёсатни шунчалик ёмон билсам?
— Йўқ, албатта. Сиз сиёсат — бу ҳукумат ўз ҳаракатида амал қиладиган нарсадир, дейдиган
ҳолатда эмассиз.
— Ахир, бу шундай эмасми?
— Йўқ. Асло бунақа эмас. — Бернс инглиз сигаретасини очди, қути ичидан бир донасини
олди, унга ўйланиб қараб турди-да, деди:
— Сиёсат пул ундириш усулидир, нуфузли шахс бўлиш йўлидир.
— Лекин айни пайтда ҳукумат ўз саъй-ҳаракатларида сиёсатдан фойдаланади.
—Бундай саъй-ҳаракатлар — сиёсатнинг фақат қўшимча маҳсулотидир, — деди Бернс. —
Унинг ҳақиқий иши эса пул топишдир.
— Ўта сурбетлик.
— Нима қилибди, — ишшайди Бернс. — Агар сурбетлик менга ҳар бир нарсани уларни
ҳақиқий рангида кўриш имконини берса, мен эътироз қилмайман.
У сигаретани тутатиб олиш учун энгашди ва ўт олдиргичдан чақнаган олов унинг
игнатугмасидаги қимматбаҳо тош қирраларида ярқираб кетди.
— Ҳар қандай бизнесда бўлгани сингари, — Бернс оғзидан чиқарган тутунни қўли билан
ҳайдади, — сиёсат келишувнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Фақат сиёсатда уни контракт
дейишади. Аслида бу сўз бошқа амалий соҳаларда унга берилаётган аҳамиятга унча мос
келмайди. Келишув... Битим... У жим қолди ва хира ёритилган залга кўз югуртирди: — Вик
билан нонуштага тайёрланаётиб, мен учта ана шундай битим тайёрладим. Менинг собиқ
округим Бронксда ёш йигит ишга муҳтож. Бу битта битим. Келгуси ойда штатда йўрға отлар
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |