www.ziyouz.com кутубхонаси
203
— Мистер Бернс тўғри “Форт Оранж” клубига боришни тайинлаган эди, сэр, — деди
ҳайдовчи машинани тезликка солар экан.
“Форт оранж” клуби бир неча қаватли паст-баланд қилиб қурилган готик услубидаги қоп-
қора бинолар туркумидан иборат эди. Тун қоронғилигида унинг барча деразаларидан чироқ
порларди. Ҳайдовчи ортидан Палмер бинога кириб келди. У нима қилишини билмай фойеда
тўхтаб қолди. Бурчакдаги идорачадан бир кекса хизматкор унга пешвоз ўрнидан турди.
— Сизни кутаяпти, мистер Палмер, — деди у баланд қалтираган овозда.
Палмер ҳайдовчига чойчақа берди-да, қўйиб юборди.
— Мистер Бернс хона буюртма қилиб қўйган бўлса керак?
— Ҳа, мистер Палмер, 2б, — жавоб берди портье. — Йўқ демасангиз, жомадонингизни
юқорига олиб чиқиб берай. Мистер Бернс сизни ҳордиқ хонасида кутаяптилар.
Палмер бурилиб зинадан кўтарила бошлади.
— Бориб, келганимни айтинг, — деди у кулгисини босиб.
— Ҳозир, сэр. Хизматкор жомадонга югурди, бироқ бирдан тўхтади, оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу
оёғига солиб, нима қилишини билмай тараддудланди: аввал жомадонни олиб кирсинми ё
Бернсга хабар берсинми. — Ҳозир, сэр, ҳозир.
Кенг зинанинг деярли ярмига етганида Палмер орқасига ўгирилди ва хизматкорга ёмон
ўқрайиб қаради. Хизматкор дарҳол англади-да, ўқдай учиб келиб, уни хонаси томон бошлаб
кетди.
Чамадонни ичкарига қўяр экан, хизматкор сўради:
— Сизни ҳозир тушадилар деб айтайми мистер Бернсга?
— Келганимни айтсанг, бас.
Портье кетди.
Гарчи хона катта бўлса-да, бесўнақай мебелдан торга ўхшаб кўринарди. Кроватнинг эндор
мис суянчиқлари оралиғидаги парқу тўшакда ётиш улкан искабтопар қорнида ётиш билан
баробар, дея кўнглидан ўтказди Палмер.
Ванна катталикда ётоқ бўлмасидан қолишмасди. Жиҳозлари ҳам бақувват-бақувват эди. Бу
ерда фақат ваннада чўмилиш мумкин, аммо душнинг иложи йўқ эди.
Ётоқ бўлмага қайтиб келиб Палмер кийимларини ечди. У ювинаётганда кимдир эшикни
чертди.
— Киринг.
— Вуди, қўзичоғим?
Палмер артинди-да, Бернс билан кўришгани чиқди. Улар чурқ этмай туришарди. Бернс ҳар
иккала қўлида тўла-тўла стакан тутиб турарди. Улардан бирини Палмерга узатганида кўйлаги
енгидаги тугматўғноғич жиринглаб кетди.
— Салом, бобой!
Палмер стаканни олди, аста кўтарди ва майда-майда ҳўплай бошлади.
— Шошма, мен аввал кийиниб олай, — дея у стаканни қўйди-да, жомадонни титкилай кетди.
— Ву-уди! — чўзиб деди Бернс атайлаб кўнгилчанлигини билдирмоқчидай. — Ву-уд,
чироғим! Нега қовоғинг солиқ? Яхши етиб келдингми, ишқилиб?
Палмер бошини чайқади:
— Мен Сиракузага эртага кундузи учишни мўлжаллагандим, кечқурун қайтиб кетмоқчи эдим.
Нима, дунёга ўт кетдими?
Бернс хўрсинди ва чуқур ўриндиққа чўкди.
Кўйлагини кия туриб Бернсга назар солар экан, Палмер унинг қаттиқ толиққанини англади.
— Кўринишим ёқмади, а, топдимми? — сўради Бернс томошабин кўнглини дарҳол пайқаган
актёрларга хос зийраклик билан. — Сени деб мен бу ерда ўзимни ўтга ҳам, чўққа ҳам урдим,
азизим Вуди. ЮБТК учун жонимни аямадим, ўлгудай тармашдим. Сўнгги саккиз кунда ўртача
уч-тўрт соатдан ухладим-ов. Мижжа қоқмадим десам ҳам бўлади.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |