www.ziyouz.com kutubxonasi
8
йигитларимизнинг ҳаммаси шу ерда. Йўлдош Сулаймон ўзини қўярга жой тополмай у ёқдан-бу
ёққа юрар, қўлини ҳавода силкитиб, вой абла-ҳ-е, вой сволоч-е, деб тинмай сўкинарди.
Кеча рубоб чалиб «булбул» бўлиб сайраган Қобилжон тамоман ўзини йўқотган, бирон нима
дейишга тили айланмасди. Адҳам ҳамон ўша-ўша Адхамлигича. Гўё ҳеч гап бўлмагандек
юрипти.
— Мирзаабдулла аканинг гаплари ҳаммадан ҳам ошиб тушди... — дер эди Худойберди. — У
хонадон эгасининг елкасига қоқиб, йигит киши ана шунақа ўғил бола бўлиши керак, деб уни
чўпиллатиб ўпганига ўлайми. Устоз, сиз авлиё одам экансиз. Худо кўнглингизга солганмиди,
билмайман. Вақтида кетиб, бу маломатлардан, бу қарғишлардан қутулиб қолдингиз.
— Дурустроқ тушунтириб айтсанглар-чи. Ўзи нима гап, тинчликми? — деди ҳайрон бўлиб
Ўлмас.
Худойберди бошини кўтарди.
— Шарманда бўлдик, устоз. Биронтамиз шу пайтгача эл олдида бунақа мулзам
бўлмаганмиз. Биз маишат қилиб маст-аласт бўлиб, қийқириб ўтирганимизда мезбоннинг
онаси оламдан ўтган экан. Бу воқеани бизга билдирмаган. Марҳуманинг қизлари, келинлари,
сингиллари кўзда ёш билан қозон бошида хизмат қилаётган эканлар. Ҳовлининг бир бурчида
қийқирик, кулги, қўшиқ, бир бурчида кўзёши, фарёд, изтироб. Тонг отиб кетди. Мезбонга бу
қувноқ, 6у шодон базм учун раҳматлар айтиб чиқиб кетяпмиз. Шу пайт мезбон орқамиздан
келиб, «волидамизни бериб қўйдик, қайтиб кириб фотиҳа ўқиб кетсангизлар», деб қолди. Ер
ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадик. Меҳмонларнинг ҳаммаси маст. Оёкда туролмайди. Жанозада
маст бўлиб гандираклаб юриш жуда хунук бўлар экан. Баъзилар ўзини эплолмай қолган.
Худойберди ер чизиб ўтирган Қобилжонга қаради.
— Қобилжон бечора нима қилишини билмайди. Бутун қишлоқ аҳли жанозага кириб
келяпти. Қобилжон қўлидаги рубобини қаёққа яширишини билмайди. Орқага қайтиб «базм»
бўлган меҳмонхонага қўйиб чиқай, деса у ер йиғиштирилиб, фотиҳачиларга жой қилиб
қўйилган. Энг одобсиз отарчи ҳофиз ҳам жанозага рубоб кўтариб келмайди. Қаергадир ташлаб
келади. Қобилжон рубобини қаерга яширади? Шунча йил қадрдон бўлган, уни элга манзур
ҳофиз қилган рубоб ҳозир қўлларини чаён бўлиб чақарди.
Мирзаабдулла ака мезбонни бағрига босиб:
— Ўғил боланинг ишини қилдингиз, дўстим. «Ота-онанг ўлса ўлсин, ёри дўстинг ўлмасин»
деган доно гапга юз фоиз амал қилдингиз, қойил. — У шундай деб мезбонни чўпиллатиб ўпа
бошлади.
Шу пайтгача кафтларини бир-бирига ишқаб жимгина турган Анвар Эшонов гапга аралашди:
— Ўтиравериб пишиқиб кетдим. Ташқарига чиқиб дарахт панасига ўтдим. Мендан беш-олти
метр нарида, электр нури аранг ёритиб турган жойда мезбонимиз бир хотин билан қаттиқ
гаплашяпти.
— Ўзинг ўйласанг-чи, апа, қандоқ қилиб айтаман, қайси юз билан айтаман?
Сенда ҳам юз борми, ноинсоф. Кириб шундоқ-шундоқ бўлди, де. Тамом. Ё шу гапни ҳам
айтолмайсанми? Ахир, уларни ҳам она туққан-ку!
— Хотин кишилигингга борасан-да, апа.
— Агар сен айтмасанг, ҳозир ўзим кириб айтаман. Онагинамни тиригида хор қилганинг
каммиди, энди...
Хотин бир силтаниб меҳмонхона томон интилди. Мезбонимиз унинг йўлини тўсди.
— Шунақами, бўпти. Меҳмонларинг билан қўшмозор бўл. Поччангни мошинаси билан
онагинамни «Тагоб»га олиб кетаман. «Тагоб»лилар нега майитни баққа олиб келдинг, деса,
уруғимиздан биттаси ҳез чиқиб қолди. Зарконида бош кўтаролмай қолдим, дейман. Жанозани
ҳам, бошқа маросимларини ҳам шу ерда ўтқазаман, дейман.
— Оғзингга қараб гапир, апа! Уриб жағингни айириб ташлайман.
— Қўлингдан келадиган ишдан гапир, бу ишни эркак одам қилади.
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |