www.ziyouz.com kutubxonasi
3
Ҳар қанча меҳмон бўлса самоварда кутиб юборади. Мен ўзи андархонликман. Онам тожик,
отам ўзбек, Рўзғорда тожикча, ўзбекча аралаш қилиб гаплашаверамиз. Самоварчилик отамга
отасидан қолган. Беш яшарлигимда отам мени ёнига олган. Мана, бир кам етмиш йилдан бери
самовар қўяман. Кўп ажойиб инсонларнинг хизматини қилдим. Суҳбатини, дуосини олдим. Кам
бўлмадим.
Иккита қовун қовғасининг бандини бир-бирига боғлаб, елкасига хуржундек ташлаб олган
саккиз-тўққиз ёшлардаги бола қўлида портфел билан бизга салом бериб, чойхона ичига кириб
кетди.
— Неварам бу. Дарсдан чиқиб олдимга келади. Бугун мактабда қандайдир тадбир бўлар
экан. Директор ошнинг масаллиғини ташлаб кетган эди. Ошни дамлаб қўйганимда келиб
қозони билан замбарда олиб кетишди.
Эрталаб соат саккиздан бери гаичилар камқатнов асфалт йўлимизда шофёрлардан имтиҳон
олишди. Шунинг учун ҳам чойхўр кўп бўлди. Чарчаб қолдим. Сизлар келганингизда тизза
қучоқлаб ухлаб қопман, ёмонам хижолат бўлдим.
Қовунларимизни адирдаги қумга кўмиб қўямиз. Адир томондан қовун иси келдими,
билингки, адирда қум кўчиб қовунлар очилиб қолган. Офтоб тегиб ҳид чиқазяпти.
Тонгга яқин қаттиқ шамол бўлганди. Адирга қовун олиб келиш учун бричка арава кетган
эди. Бола бобомга қовун обораман деб кутиб қолган экан.
Шу неварамни Ғафур Ғуломнинг хизматига бермоқчиман. Эти сизники, суваги меники, деб
уйига ташлаб келаман. У киши анчадан бери бу томонлардан ўтмай қўйдилар. Тинчмикинлар?
У киши ҳали ҳам министерстводамилар?
Анварнинг шайтони ғалаба қилиб, уни калака қиладиган бирон гапга оғиз жуфтлаб
турганини сезиб қолиб жаҳл билан унга ёмон қараб қўйдим. Унинг оғзидаги гапи бўғзида
қолди.
Хайр-хўшлашиб энди машинага чиқамиз, деб турганимизда чойхоначи пешонасига
шапиллатиб бир урди. Ҳаҳ каллам қурсин, қовун қолиб кетибди-ку, деди-да, шошиб чойхона
томон пилдираб кетди. Бир зумдан кейин патнисда чиройли қилиб каржланган қовун, бир
қўлида обдастада илиқ сув олиб чиқди.
— Қовунни ким сўйди? — деб сўрадим ундан.
— Неварам. Қовунни жуда чиройлик сўяди. Қаранг, гул қиворипти, боласи тушмагур.
Андархонимизга келиб бир ёшга кирган қовун емай кетиш яхши эмас. Ўзи ҳам асал бўлиб
кетгандир. Бирон ўн беш кунлардан кейин бунақа қовунни тополмайсиз. Ҳаммасининг уруғини
олиб экиб қўямиз. Андархоннинг қовунини қовун деса бўлади.
Самоварчи Андархон қовунининг таърифини сал ошириб юборяпти, деб ўйлаган эдим, йўқ,
мақтаганича бор экан. Ғафур Ғулом айтгандек, тилими тилни ёраман дейди.
У қўлимизга сув қуйиб, энгашиб елкасидаги сочиқни тутди. Худойберди унинг яктак
чўнтагига эллик сўмлик пулни солиб қўйди. Бу ишимиздан у астойдил ранжиди.
Қозоқларга пичоқ совға қилсангиз албатта тиғ ҳақи, деб танга-чақа аралаш пул берадилар.
Бизларда ҳам исириқ тутатган кишига пул бериш бир удум бўлиб қолган.
— Оқсоқол, — дедим, — исириқ ҳақи бермасдан кетиш шаънимизга тўғри келмайди. Олинг,
олмасангиз хафа бўламиз.
Бу гапимдан кейин қўлини кўксига қўйиб, давлатинглар зиёда бўлсин, укаларим, деди
мамнун.
Қўқон томон кетяпмиз. Ҳозиргина бизни кузатиб қолган бу ажойиб инсон тўғрисида
ўйлаяпмиз. Уни биринчи марта кўришимиз. Фақат бир соатгина у билан ҳамсуҳбат бўлдик.
Лекин эски қадрдонлардек укдан ажралиш қийин бўлди. Бу ёқимтой, дилбар инсон меҳрини,
муҳаббатини, одамийлигини ўзимиз билан олиб кетяпмиз.
Исириқ ҳамда қовун иси ўрнашиб қолган машинамиз қайиқдек енгил сузиб боради.
Самоварчи, ошга ҳозир гуруч соламан, бир чўқимгина еб кетинглар, деб шунча тавалло
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |