* * *
Ўлмас Умарбеков. Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
www.ziyouz.com кутубхонаси
13
Геология бошқармасида иш энди бошланган эди, эшик ёнида стул қўйиб ўтирган қоровул
аёл унинг нима учун келганини батафсил суриштириб, ўрнидан турди-да, кимга мурожаат
қилишни тушунтириб берди.
— Иккинчи қаватга кўтарилиб, чап томонга бурилинг. Кейин, коридорнинг охиридаги
хонага киринг. Воҳид Саидовичнинг — бошқарма бошлиғининг кабинети ўша ерда. Секретарь
қизга айтсангиз олиб киради. Тушундингизми?
Назир ота «ҳа» деб бошини қимирлатди.
— Боринг бўлмаса, — деди аёл жойига ўтириб. — Тўғридаги зинадан чиқаверинг. Тезроқ
боринг, тағин Воҳиджон кетиб қолмасинлар!..
Назир ота зангори гилам тўшалган зинадан кўтарилар экан, аёл орқасидан қичқирди
— Ишқилиб, ишингиз ривож топсин!
— Раҳмат, — деди Назир ота кўнгли кўтарилиб.
У иккинчи қаватга чиқиб, аёл тушунтиргандек чап томонга бурилди. Коридор жуда узун
экан. Икки ёғи кетганча ойнавон эшикли хоналар... Биттасига шундай кўзи тушиб қолувди,
юраги бўшашиб кетди. Хонада худди ўғлиникидек қия столлар турарди. Худди ўғлидек-ўғлидек
йигитлар нималарнидир чизишарди.
Назир ота беихтиёр тўхтаб қолди. Кўзлари йигитларга қадалди. Лаблари ўзидан-ўзи титрай
бошлади. Бироқ шу топ қоровул аёлнинг «тезроқ боринг, тағин кетиб қолмасинлар» деган гапи
эсига тушиб, коридорнинг тўрига қараб юриб кетди.
Тўрдаги эшик ҳам ойнавонли эди. Назир ота ичкарига кирди. Дераза ёнида бир қиз
ниманидир ёзиб ўтирарди.
— Мумкинми? — деди чол эшикни қия очиб.
— Келинг, — қиз ўрнидан турди. Назир ота ичкарига кирди.
— Воҳид... Воҳид... — у бошқарма бошлиғининг фами-лиясини эслолмади.
— Воҳид Саидович Саидов, — деди қиз жилмайиб.
— Ҳа. Воҳид Саидовичда ишим бор эди...
— Нима иш?
Назир ота айтиб берди ва қўйнидан қоғозни олиб кўрсатди.
Қиз уни синчиклаб кўрди-да
— Мен сўрайчи, — деди ва ён томондаги хонага кириб кетди. Кўп ўтмай чиқди.
— Киринг, сўраяптилар.
Назир отанинг юраги ўйнаб кетгандай бўлди. Лекин дарров ўзини тутиб олиб, ичкарига
қадам қўйди.
Тўрда, ихчамгина столнинг орқасида қорачадан келган ёш бир йигит нимагадир тикилиб
ўтирарди. Назир ота таниди. Бу — унинг қоғози эди. Йигит чолни кўриб, ўрнидан қўзғалди.
— Келинг, ота, келинг, — деди ва столни айланиб ўтиб, унга қўлини узатди. — Ассалому
алайкум. Қани, ўтиринг.
У стол ёнидаги креслони кўрсатди. Ўзи ҳам Назир отанинг рўпарасига ўтирди. —- Келинг,
ота, хизмат?
— Хизмат шуки, болам, — деди Назир ота нафасини ростлаб. — Кеча неварам билан уйни
кўтараётиб, мана шу қоғозни топиб олдим. Ўғлимники. Ўғлим ҳам сизга ўхшаб гиволог эди.
Урушда бедарак кетди. Тўртинчи курсни энди тамомловди. Бир-иккитага кўрсатувдим, коннинг
плани дейишди... Коннинг плани бўлса, керак нарса экан деб, бу ёққа келдим. Бир кўринг,
болам. Ҳар ҳолда ўғлимдан хотира-да.
— Жуда яхши, ота. Жуда яхши. Албатта кўрамиз. Саидов яна қоғозга тикилди.
— Еттиқояга яқин турасизми?
— Ҳа, Ширинсойда ҳовли. Тоғ биздан олти чақиримча келади.
Ўлмас Умарбеков. Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |