Овқат кимга пуллигу, кимга пулсиз ?
Шифохонга ётаётган бемор қабулхонада шундай саволни хаёлидан ўтказади, албатта. Кимдир ҳаммага овқат бепул берилади деб ўйласа, овқат тўлови ҳақида гап очилиши билан худди ноқонуний талабдай тушуниши ҳам мумкин. Бу борадаги тартиблардан бохабар бўлса, ҳеч қандай ўринсиз ранжишларга хожат қолмайди. Ана энди кимлар овқат пули тўлашдан озод этилиши ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли қарори билан шахслар (беморлар)ни даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилувчи касалликлар рўйҳати, бу имтиёздан фойдаланадиган тоифалар аниқ ва равшан кўрсатиб қўйилган.
1. Ётиб даволаниш чоғида овқатланиш тўловидан озод қилинган касалликлар қуйидагилар: ОИВни юқтирганлар (ОИТС), онкологик, руҳий, юқумли, гиёҳвандлик, эндокринологик, нурланиш касаллигига чалинганлар, мохов, сифилис, сил касаллиги бор беморлар, шунингдеқ, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларнинг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирлари ҳамда интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар, даражасидан қатъий назар камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор ва туққан аёллар.
Яна шуни эсдан чиқармаслик керакки, ушбу рўйҳаттиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият юритувчи муассасалар, уларнинг бўлимлари ёки палаталарига тааллуқли эмас.
2. Овқатланиш тўловидан озод қилинадиган имтиёзли шахслар қуйидагилар:
-1 ва II гуруҳ ногиронлари;
- болаликдан ногиронлар;
1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар;
Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этганлар;
чин етимлар;
ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;
18 ёшгача болалар;
ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;
чақириқ коммисиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар
"Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони соҳиблари;
1 ёшгача чақалоғи бўлган эмизикли оналар.
Юқоридаги имтиёз эгалари ҳам пуллик тиббий ёрдам кўрсатадиган муассасаларда тўловдан озод этилмайдилар.
Ҳурматли бемор. Агар Сиз овқат тўловини хоҳламасангиз, бунга ҳеч ким моънелик кўрсатмаслиги мақсадга мувофикдир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31-сонли қарори бўйича даволаш-профилактика муассасаларида овқатга пул тўлаш тартиби қабул қилинган ва бемор ўз хоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан ташқари) пул тўлаши ёки овқатланишга пул тўлашдан қисман ёхуд бутунлай бош тортиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул_қилмаслик учун асос бўла олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |