www.ziyouz.com kutubxonasi
204
* * *
Ҳазрати Умар гоҳида ўзларини ҳисобга тортиб, қилган-қилмаган ишларини кўз олдларига
келтирар, ҳаёт ҳисоб-китобли эканини тез-тез ўйлар эдилар. Ўша пайт ичларида нимадир чирт
узилар, "Ҳаётнинг қадрига етмадим", дея ачинар эдилар. Ердан бир сомонни олиб, у ёқ-бу ёғини
айлантириб, шундай дердилар:
—
Қанийди, мен шу сомон ўрнида бўлсайдим, қанийди, ҳеч нарса бўлсайдим. Қанийди,
онам мени дунёга келтирмасайди. Қанийди, ўзи каби номи ҳам унутилиб кетадиган оддий одам
бўлсайдим...
Бу гаплар адабиёт дурдоналари эмас. Ўзини кўрсатиш учун гапираётган риёкорнинг гапи
ҳам эмас. Зеро, Ҳазрати Умар буларни гапираётганларида ёнларида кимдир бор-йўқлигига
қараб ўтирмасдилар. Юқоридагиларни: "Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришдан олдин, ўзингизга
ҳисоб беринг. Амалларингиз илоҳий тарозуга қўйилмасдан олдин, уларни ўз тарозингизда
тортиб кўринг. Буюк ҳисоб-китоб кунига тайёр туринг", деган ва шуларни ҳаёт тарзига
айлантирган инсон айтаётган эди.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида ҳузурларига бориб:
—
Расулуллоҳ Хайбарда унумдор ерим бор. Менимча, бундан яхшироқ мулким йўқ. Шу
ерни нима қилишимни маслаҳат берсангиз? Истасангиз, ернинг ўзи менга тегишли бўлиб
қолаверади, ундан олинган ҳосилни Аллоҳ ризоси учун садақа қиламан. Ё бўлмаса, бутунлай
садақа қилай, — деб сўраган эдилар.
Ҳазрати Умар ўша ерларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига
биноан бошқа бировга сотмаслик, ҳадя қилмаслик, фарзандларига мерос қолдирмаслик шарти
билан садақа қилдилар. Бунга "вақф" дейилади. Ердан тушган даромад мискинларга, Ҳазрати
Умарнинг қариндошларига, қулларни озод қилишга, мусофирларга ва умуман Аллоҳнинг
йўлида сарфланадиган бўлди.
Бу ерга қараб турадиган одам ўзлаштириши мумкин эмас, аммо ҳосилидан ейишига,
меҳмонга келганлар олдига қўйишига ижозат бор эди.
Шу тариқа Ҳазрати Умар тарихда илк вақф қилган инсон сифатида ҳам қоладиган бўлдилар.
У киши бошлаб берган бу йўлни юз йиллар мобайнида яна минглаб инсонлар ҳам босиб ўтиб,
инсоний ва исломий фикрлар ўз соҳибини малакларга хос гўзалликларга ноил қилишини
исботлаб беришади.
* * *
Ҳазрати Умар бир куни ҳажжомни чақиртирдилар. Бошларидан қон олдирмоқчи эдилар.
Ҳажжом ишни энди бошламоқчи ҳам эдики, Ҳазрати Умар аксириб юбордилар ва пичоқ
бошларини кесиб кетди. Ҳажжом қўрқанидан учиб тушди. Лекин Ҳазрати Умар унга қирқ
дирҳам бериб, жўнатиб юбордилар.
* * *
Ҳазрати Умар имомликка ўтганларида ортларида Қуръонни яхши биладиган биттаси
бўлишини истардилар. Мабодо, ўқиётган оятларида тўхтаб қолсалар ёки бир оятни тугагунча
ўқиёлмасалар, ортларидаги инсон луқма ташлаб, ёдга солиб қўярди.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |