www.ziyouz.com kutubxonasi
37
Мусаннонинг вафотидан тўрт ой ўтгач, аёли Салмага совчи келди. Оғиз солган Саъд ибн
Абу Ваққос эди. Салма у кишининг таклифини қабул қилди. Мусаннодек қаҳрамондан кейин
тириклигидаёқ жаннатга кириш башоратини олган инсон билан турмуш қуриш Салмага фақат
қувонч келтирди.
Саъд ибн Абу Ваққос Мадинадан келган буйруққа биноан Нўъмон ибн Муқаррин
бошчилигида ўн тўрт кишилик элчилар гуруҳини Яздажирдга жўнатди. Элчилар Мадоин
шаҳрига етиб келиб, ўзларини таништирдилар. Форс шоҳи ҳам уларни удумларига биноан
кутиб олиш мақсадида ҳашаматли чодир қурдирди. Шоҳ бу кўришув маросимида Рустамнинг
ҳам қатнашишини истади. Мусулмонлар бир неча кун шоҳ ҳузурида меҳмон бўлишди. Кейин
мусулмонлар учун махсус кўз қамаштирувчи иншоот очилди.
Ўн тўрт қабила вакили бўлган элчилар ичкарига таклиф қилинди. Мусулмонлар бирин-
кетин чодирга киришар экан, уларни кўрган форслар истеҳзоли табассум билан бир-бирларига
қараб қўйдилар. Чодирдагиларнинг ҳеч бири хизматкорига ҳам бундай кийимларни раво
кўрмасди. Агар бу одамларнинг эгниларидаги уст-бошларини айтмаса, юзларида қатъият ва
ўзгача самимият барқ урарди. Аёнлари қатори, Яздажирд ҳам ақли шошиб, кўрганларига
ишонмасди.
Катта бир қўшин номидан келган ушбу қаландарнамо кишилар Форс шоҳини ҳайрат
денгизига ғарқ қилди. Яздажирд тилмоч воситасида гап ташлади:
—
Нима мақсадда келдингиз? Биздан нима истайсиз?
Нўъмон ибн Муқаррин шериклари номидан сўз олиб, аввал жоҳилият давридаги вазиятни,
кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, бахт нималигини билганларини
айтди. Сўзида давом этаркан, у шундай деди:
—
Динимиз яхшиликни яхши деб тан олади ва шунга даъват этади. Ўз навбатида,
ёмонликни ёмон деб қабул қилади. Биз ўз динимизга даъват қиламиз. Қабул этсангиз, сизга
Аллоҳнинг китобини келдирамиз ва сиз унинг ҳукмларини амалда жорий қиласиз. Биз эса,
ортга қайтамиз. Мабодо қабул қилмасангиз, бизга жизъя тўлайсиз ва бизнинг ҳимоямизда
бўласиз. Агар бу ҳам масаланинг ечими бўла олмаса, орани қилич билан очди қиламиз.
Бу гаплардан Яэдажирднинг жаҳли чиқди:
—
Ер юзида сиздан бадбахтроқ, сиздан омадсизроқ халқ бўлмаса керак. Сиз билан
шуғулланишни бир волийимизга топшириб қўйган эдик. Сиз ҳам қорнингиз тўйиб, ерларимизга
кўз тикмас эдингиз. Энди эса, бўлмағур хаёлларга берилиб, чучварани хом санаб юрибсиз.
Истасангиз, сизларни боқайлик, кийинтирайлик, яхши муомалада бўлиб, адолатли волий
тайинлайлик.
Шоҳ гапларини тугатгач, орага сукунат чўкди. Бу совуқ сукунатни Муғира ибн Зурора
бузди:
—
Эй шоҳ булар мусулмонлар бошлиқлари ва мўътабар зотлардир.
Шоҳ ва йиғилганларнинг юзларида «тушунарли», деган ифода пайдо бўлди. Яздажирд
ҳайрат тўла кўзларини элчилардан узолмасди. Нўъмоннинг жизя тўласангиз, бизнинг
ҳимоямизда бўласиз, деган гапини эшитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулишдан ўзини зўрға тийиб турар
эди. Энди эса...
Муғира атрофдагиларнинг муносабатига эътибор қилмай, сўзида давом этди:
—
Азиз инсонлар қадрини азиз инсонларгина билади. Дўстим сизларга гапнинг лўндасини
айтиб қўя қолди. Изн берсангиз, муфассал тушунтириб бераман, — деб Нўъмоннинг
гапирганларини батафсил айтиб берди. Гапининг охирида юқоридаги уч шартдан бири
танланиши кераклигини уқтириб ўтди.
Яздажирднинг сабр косаси тўлди. Бундай гапларни бунақанги каландарнамо кишилар у ёқда
турсин, Рум императоридан эшитса ҳам, тоқат қилолмасди.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |