Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан !
Саводни бошқариш ишлари
Абу Юсуф айтади: Эй мўминлар амири, сен сўраган Саводни бошқариш иши, униг аҳолиси жон бошидан олинадиган жизя ва харож солиғи, бу борада Умар (р.а.) уларнинг зиммасига юклаган нарса, унинг бирор қисмида сулҳ шартномаси амал қиладими? Сулҳ ва анвонинг ҳукми нима?
Муҳаммад ибн Исҳоқ аз-Зуҳрийдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) Ироқни Хуросон ва Синдгача, Шомни Миср ва Ифриқиягача фатҳ қилди. Хуросон ва Ифриқия Усмон ибн Аффон (р.а) даврида фатҳ қилинди. Умар Савод ва Аҳвозни фатҳ қилди, мусулмонлар Саводни, Аҳвоз аҳлини ва бошқа фатҳ қилинган шаҳарларини тақсимлаб берилишини хоҳладилар. Умар уларга: «Кейин келадиган мусулмонларга нима қолади», деди. Сўнгра ерлар ва унинг аҳолисини тақсимламасдан қолдириб, улардан жон бошига жизя ва ер учун харож солиғи солди.
71. Абу Юсуф айтади: Мужолид аш-Шаъбийдан ривоят қилади: Ундан Савод аҳли ҳақида сўрашди, у Савод аҳли билан шартнома йўқ эди, қачонки Умар (р.а.) улардан харож олишга рози бўлгач, кейин шартнома тузилди.
Бошқа фақиҳлар эса: Уларнинг ал-Ҳийра, Аъйн ат-Тамр, Улайс ва Баниқия аҳлидан бошқалар билан шартномалари йўқ эди. Баниқия аҳли Жарирга кечувни кўрсатдилар, Улайс аҳли эса, Абу Убайдани дам олишга таклиф қилиб, унга душман эътиборсиз қолдирган нарсани кўрсатдилар. Ҳийра аҳли билан, шунингдек, Аъйн ат-Тамр ва Улайс аҳли билан ҳам Холид ибн Валид сулҳ тузди.
72. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифа бўлгач, йилнинг бошида Абу Убайдани Меҳрон20га қарши жангга юборди, Қодисия жанги эса йилнинг охирида бўлиб ўтди. Қодисия жангида форсларнинг қўмондони Рустам21 келиб: «Меҳрон ёш боланинг ишини қилди», деди.
Исмоил давом этиб шундай деди: Қайс ривоят қилади: Абу Убайда ас-Сақафий Фурот дарёсини кечиб ўтиб Меҳронга қарши борди, форслар орқадан келиб кўприкни буздилар ва Абу Убайда ва унинг шерикларини қатл этдилар. Абу Убайда Умар ибн Хаттобни (р.а.) ўзига васий қилиб қолдирди. Абу Убайдадан сўнг унинг ўрнини Жарир эгаллаб, Меҳронга қарши жанг қилди. Аллоҳ уни ва мушрикларни мағлуб қилди, Меҳрон қатл қилинди ва Жарир унинг бошини найзага илиб кўтарди. Сўнгра Умар ибн Хаттоб (р.а.) йил охирида Саъд ибн Моликни Рустамга қарши жангга юборди ва улар Қодисияда тўқнашдилар.
73. Абу Юсуф айтади: Ҳусайн Абу Воилдан ривоят қилади: Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) Қодисияга келиб тушди, у билан одамлар бор эди.
Абу Воил айтади: Бизлар етти ёки саккиз минг кишидан ортиқ эмас эдик, мушриклар эса ўша вақтда олтмиш минг ёки шунга яқин эдилар ва уларнинг филлари бор эди.
Улар етиб келгач бизларга: «Ортингизга қайтинглар! Кўряпмизки, сизларда на кўп сонли қўшин, на куч-қувват ва на қурол-аслаҳа бор?! Шундай экан ортингизга қайтинглар!» дедилар.
«Бизлар қайтадиганлардан эмасмиз», дедик. Улар бизнинг камон ўқларимиздан кулиб, «дус» дедилар ва уни урчуққа (йиг, дук) ўхшатдилар. Биз қайтишдан бош тортганимиздан сўнг: «Бизга бир ақлли кишини юборинглар, шаҳрингиздан чиқишингиз сабабини бизларга айтсин, кўриб турибмизки, сизларда на кўп сонли аскар ва на қурол-аслаҳа бор?» дедилар.
Муғийра: «Уларнинг олдига мен бораман», деди. У форсларнинг ёнига бориб, Рустамнинг хос хонасида у билан бирга ўтирди, Муғийра Рустам билан ўтирганида засопел форслар ҳам засопели … Шунда у: «Аллоҳга қасамки, бундай ўтиришим мени юқори даражага кўтармайди ва сизларнинг хўжайинингизни камситмайди» деди.
Рустам: «Менга шаҳрингиздан нима сабабдан чиққанингизни айт, кўриб турибмизки, сизларда на кўп сонли аскар ва на қурол-аслаҳа бор?» деди.
Муғийра унга шундай деди: «Биз машаққатли аҳволдаги ва адашган қавм эдик. Аллоҳ бизларга Пайғамбар юбориб, тўғри йўлга бошлади ва бизларга ризқ берди. Бизларга ризқ қилиб берган нарсалар ичида мана шу ерларда униб-ўсадиган дон ҳам бор эди. Биз ундан ўзимиз тановул қилиб, уни аҳли оиламизга берганимизда, улар: «Бизларни мана шу шаҳарларга кўчиришингиз ва у ердаги дон билан озиқланишни сабрсизлик билан кутамиз», дедилар».
Рустам: «Агар шундай бўлса, биз сизларни ўлдирамиз!» деди.
Муғира: «Агар сизлар бизларни ўлдирсангиз, бизлар жаннатга кирамиз. Бизлар сизларни ўлдирсак, сизлар дўзахга кирасиз. Ёки бизларга жизя тўланглар!», деди. У «Бизларга жизя тўланглар!», деганда, улар бақириб-чақириб кетдилар ва: «Бизларнинг ўртамизда сулҳ бўлмайди!» дедилар.
Муғийра: «Сизлар бизга қарши чиқасизларми ёки биз сизларга қарши борайликми?» деди.
Рустам: «Биз сизларга қарши борамиз, биз қўрқоқ эмасмиз!» деди.
Шундан сўнг мусулмонлар форсларнинг барчаси улар томонга келгунча кутиб турдилар, кейин ҳужумга ўтиб, кўпчилигини ўлдирдилар ва уларни мағлуб қилдилар.
Ҳусайн: «Уларнинг подшоҳи Рустам Азарбайжондан эди», деди. У сўзида давом этиб шундай деди: Абдуллоҳ ибн Жаҳш: «Биз хандақдан ўтаётиб, қурол-яроғ тегмасдан ур-йиқитда бир-бирларини ўлдирган одамларнинг устидан юриб борганимизга гувоҳ бўлдим», деди.
Биз ичида кофур бор халта топиб олдик. Уни туз деб ўйлаб, гўшт пишириб унга кофур солдик, лекин уни тановул қила олмадик. Олдимиздан кўйлак кўтарган ибодий22 ўтиб қолди. У: «Эй художўйлар қавми, бу ернинг тузи яхши эмас, у билан таомингизни бузманг. Сизларга унинг эвазига мана бу кўйлакни берсам бўладими?» деди. Биз тузни бериб, кўйлакни олдик. Кўйлакни ҳамроҳларимиздан бирига бердик, уни кийиб олди. Ўшанда матосига қараганимда, кўйлакнинг нарҳи икки дирҳам эди.
Қабрлардан биридаги киши менинг эътиборимни тортди, унинг (қўлида) иккита олтин билакузук бор, қуроли эса тагида ётарди. У бизнинг олдимизга чиқиб келди, бизга ҳеч нарса демади, биз ҳам унга гапирмадик ва уни калласидан жудо қилдик (қатл қилдик). Биз уларни Фрот (дарёси)га етгунларича қувиб бордик.
Биз уларни Сурага етиб боргунларига қадар от чоптириб таъқиб қилдик ва улар мағлуб бўлдилар.
Биз уларни Саротга етгунларича таъқиб қилдик. Сўнгра биз уларни Мадоинга етиб боргунларича таъқиб қилдик. Улар Кусада тўхтадилар, у ердаги Дайр ал-Масолиҳда мушрикларнинг гарнизони бор эди. Бизнинг отлиқ қўшинимиз уларга ҳужум қилди, мушрикларнинг гарнизони Мадоинда йиғилиш учун чекинди. Биз олға бориб, Дажла дарёси қирғоғида тўхтадик. Бир қисм аскарларимиз водийнинг юқори ёки Мадоинннинг қуйи қисмидан дарёни кечиб ўтдилар. Биз уларни шундай қамал қилдикки, ўз ит-мушукларидан бошқа емиш тополмай қолдилар. Тунда улар шаҳарни тарк этиб, Жалулага етиб олдилар. Уларга қарши Саъд одамлари билан чиқди, Ҳошим ибн Утба уларнинг энг олдинги сафида эди.
Шу тариқа, жанг бўлди. Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилди ва тор-мор келтириб Ниҳовандгача таъқиб қилди.
Бу шаҳарнинг аҳолиси ўз чегаралари ва ерларига жўнаб кетдилар.
Ҳусайн айтади: «Саъд Жалулада мушрикларни тор-мор келтиргач, улар Ниҳовандга бориб, у ердагиларга қўшилдилар. Саъд ортига қайтиб, Аммор ибн Ёсирни юборди. У бориб Мадоинда тўхтади ва одамларни ўша ерга жойлаштирмоқчи бўлди лекин одамларга бу жой ёқмади. Бу гап Умарга (р.а.) етиб борди ва у: «Ўша жой туяларга тўғри келадими?» деб сўради. Улар: «Йўқ, тўғри келмайди, сабаби у ерда чивин кўп экан» дейишди. Умар (р.а.): «Ҳақиқатда, туяларга тўғри келмайдиган ер, арабларга ҳам тўғри келмайди» деди. Одамлар ортларига қайтишди. Саъд бир ибодийни учратди ва у: «Мен сизларга ҳашоратлардан холи, шўрхок бўлмаган, саҳродан йироқ, қирғоққа яқин унумдор ерни кўрсатаман» деди. Одамлар: «Қани кўрсат!» дейишди. У: «Ҳийра ва Фрот орасидаги ерлардир» деди. Одамлар Куфа шаҳрига асос солдилар ва ўша ерга жойлашдилар.
74. Абу Юсуф айтади: Мисъар Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилади: «Қодисия жанги куни қўл ва оёқлари кесилган бир кишини олдидан ўтдилар. У ерда ётганича: «Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!» (Нисо, 69) оятини ўқир эди. Кимдир ундан: «Эй Сен кимсан эй Аллоҳнинг бандаси?» деб сўради. У: «Мен ансорлардан бириман» деди.
75. Абу Юсуф айтади: Амр ибн Муҳожир Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилади: «Абу Миҳжанни Саъднинг ҳузурига олиб келдилар, у Қодисия жанги куни шароб ичиб олган эди. Саъд уни кишанлашга буюрди. Ўша куни Саъд жароҳатидан азобланаётгани учун одамларнинг олдига чиқмади. Одамларни кузатиши учун Саъдни Узайб23га чиқаришди. Ўша куни Саъд отлиқларга Холид ибн Урфутани бошлиқ қилиб тайинлади. Томонлар тўқнаш келганда, Абу Миҳжан шундай шеър ўқиди:
Қандай қайғули, отлиқлар найзасин қўлга олганда
Мени боғланган ҳолимда тарк этдилар».
Сўнгра Саъднинг хотинига: «Мени озод қил, агар Аллоҳ мени асраб, ортимга қайтсам ва яна кишанлансам сенга савоб бўлади. Агар ҳалок бўлсам, менсиз хотиржам бўласизлар» деди.
Икки томон жанг қилиш учун тўқнаш келганда Саъднинг аёли Абу Миҳжанни озод қилди. У Саъднинг Балқо исмли чавкар отига минди ва найза олиб жўнаб кетди. У қайси жойдан душманга ҳамла қилмасин, уларни мағлуб қилди. Одамлар Миҳжаннинг қилаётган ишини кўриб ҳайратландилар ва: «Бу – фариштаку!» дедилар.
Саъд Миҳжанни кузатар экан: «Сабр қил, сабр Балқо! Ур, ур Абу Миҳжан! Абу Миҳжан кишанланганку!» дер эди.
Аллоҳ душманларни мағлуб қилгач, Абу Миҳжан кишанланиш учун ортига қайтди. Шунда Саъднинг аёли унга бўлган воқеани айтиб берди. Саъд: Аллоҳга қасамки, унинг қўли билан Аллоҳ мусулмонларни ғолиб қилган кишини бугун жазоламайман» деди ва уни озод қилди.
Абу Миҳжан: «Менга шароб ичганим учун жазо белгиланган эди, мен айбимни ювдим. Аллоҳга қасамки, бугундан бошлаб ҳеч қачон шароб ичмайман» деди.
76. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилади: «Қодисия жангида одамларнинг чораги Бажила қабиласидан эди. Ўшанда Сақиф қабиласидан бир киши форслар томонидан қўлга олинди ва уларга: «Бу ерда одамларнинг асосий кучи Бажила қабиласи эканини» айтди. Форслар бизларга қарши ўн олтита фил, қолганларга эса иккита фил юбордилар. Аллоҳга қасамки Амр ибн Маъдикарб одамларни руҳлантириб: «Эй муҳожирлар жамоаси, шер (عنابسة) каби бўлинглар! Форслар уларга мўлжалланган найзаларга дуч келганда эчкидирлар!» дер эди.
Форс камончиларининг ўқи зое кетмас эди. Мен: «Эҳтиёт бўл Абу Савр!» дедим. Форс унга ўқ отган эди, отига тегди. Амр унга ташланиб, бўйнидан олди ва уни худди қўйни сўйгандек бўғизлаб ташлади. Иккита олтин билакузук, кимхоб чакмон ва олтин белбоғни ўлжа қилиб олди.
Аллоҳ мушрикларни мағлуб қилгач, Бажила қабиласига Савод ерларининг тўртдан бир қисми берилди ва улар уч йил шу ердан озиқландилар. Сўнгра Жарир Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) олдига келди ва у: «Эй Жарир, тақсимланган нарсага жавобгар менман. Агар шундай бўлмаганида, сизларга берган нарсамни ўзингизда қолдирар эдим. Лекин мен уни мусулмонларга қайтаришга қарор қилдим» деди. Жарир у ерларни қайтариб берди ва Умар (р.а.) уни саксон динор билан мукофотлади.
77. Абу Юсуф айтади: Ҳусайн ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) Нўъмон ибн Муқарринни Каскарга бошлиқ қилиб тайинлади. У Умарга шундай мактуб ёзди: «Эй мўминлар амири, мен ва Каскар мисоли пардозланиб ва хушбўй атирлар сепиб юрадиган ахлоқсиз хотини бор ёш йигит кабидир. Сиздан мени Каскардан узоқлаштириб, мусулмон аскарлар сафига юборишингни ўтиниб сўрайман.
Умар унга: «Ниҳованддаги қўшинга бориб қўшил, сен уларга бошлиқсан!» деб жавоб ёзди. Ўшанда форслар Жалулада мағлуб бўлиб, Ниҳованд қўлга олинган эди.
Сўнгра Нўъмон уларга бориб қўшилди, улар форслар билан жанг қилдилар, Нўъмон биринчилардан бўлиб шаҳид бўлди. Ундан кейин байроқни Сувайд ибн Муқаррин олди, Аллоҳ уларга ғалаба берди ва мушрикларни мағлуб қилди, шундан кейин мушриклар қайта бирлаша олмадилар.
78. Ҳусайндан бошқаси ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) Форс, Исфаҳон ва Озарбайжон борасида Ҳурмузон билан маслаҳатлашганда, у: «Исфаҳон бош, Форс ва Озарбайжон эса икки қанотдир, сен бош томондан бошла!» деди.
Умар масжидга кирди, Нўмон ибн Муқаррин намоз ўқиётган эди, Умар унинг ёнига ўтирди ва у намозини тамомлагач: «Сени бирор мансабга тайёрламоқчиман» деди. Нўъмон: «Агар солиқ йиғувчилик бўлса рози эмасман, ғозийлик бўлса майли» деди. Умар: «Сен ғозийсан» деди.
Умар Нўъмонни қўллаб-қувватлашларини сўраб Куфа аҳлига мактуб ёзиб, уни Куфага юборди. Бу одамлар Куфани эгаллаб, унга жойлашиб олганларидан сўнг эди. Нўъмон ибн Муқаррин билан Амр ибн Маъдикарб, Ҳузайфа ибн Ямон, Абдуллоҳ ибн Умар ва ал-Ашъас ибн Қайслар (р.а.) бирга эдилар. Нўъмон мусулмонлар билан бирга кетди. Улар Ниҳовандга етиб келгач, Нўъмон Муғийра ибн Шўъбани форсларни шоҳи – Зул-Жанаҳайннинг ҳузурига юборди. Муғийра у ерга етиб борганида, Зул-Жанаҳайнга арабларнинг элчиси шу ерда эканлигини айтишди. Зул-Жанаҳайн аъёнлари ва у ердагиларга маслаҳат солиб: «Нима деб ўйлайсизлар, мен унинг олдида шоҳлик ҳайбати билан турайми ёки уруш қиёфасида турайми?» деди. Улар: «Уни шоҳлик ҳайбати билан кутиб олинг» дейишди. Зул-Жанаҳайн тахтига ўтириб, бошига тожини кийди ва атрофига (ўнг ва чап ёнига) тилла билакузук ва зираклар тақиб, ипак кийимлар кийган шаҳзодаларни тўплади, сўнгра Муғийрани чақиртирди. Муғийра кирганида қиличи ва найзаси ёнида эди, икки киши унинг қўлидан олди, у найзасини гиламга санчиб, уни тешганича юриб борди. Улар Муғийранинг бу ҳаракатини ёмонликка йўйдилар. Шоҳнинг қаршисида тургач, шоҳ у билан таржимон орқали гаплаша бошлади:
«Эй араблар, сизга очлик ва танглик етган кўринади, бизнинг ҳузуримизга келдингиз? Агар бирор хоҳишингиз бўлса, биз уни бажарамиз ва сизлар ортингизга қайтасиз» деди.
Муғийра Аллоҳга ҳамд ва сано айтиб, сўнгра: «Биз араблар таҳқирланган халқ эдик, одамлар бизни босиб олардилар, биз уларни босиб ололмасдик. Сўнгра Аллоҳ бизлардан пайғамбар юборди, у обрў жиҳатидан ўртачамиз ва сўзи энг ростгўйимиздир. У бизга хабар берган нарсалари, худди у айтганидек бўлиб чиқди. У бизларга шу ердаги нарсаларга эгалик қилишимиз ва ғолиб келишимизни ваъда берган. Мен бу ерда бойлик ва ҳашаматни кўряпман, менинг орқамда қолганлар бу нарсаларга етишмагунча тўхтамайдилар», деди.
Муғийра айтади: «Қалбимдан агар сен кийимингни йиғиштирсанг ва бир сакраб тахтнинг олдида пайдо бўлсангу улар буни ёмонликка йўйсалар эди», деган ўй ўтди. Шунда мен бир сакраб шоҳнинг тахтига чиқдим. Улар мен оёқлари билан итариб, қўллари билан ура бошладилар.
Мен уларга: «Биз элчиларингизга бундай қилмаймиз, сизлар ҳам мени бундай жазоламанглар. Элчиларга бу каби муомала қилинмайди», дедим. Улар мени қўйиб юбордилар.
Шунда Зул-Жанаҳайн: «Агар хоҳласангиз биз сизларга қарши юриш қиламиз ёки сиз бизларга қарши юриш қилинглар!», деди.
Муғийра: «Биз сизларга қарши юрамиз», деди. У сўзида давом этиб: «Биз уларга қарши юриш қилдик. Улар чекинмаслик учун беш, етти, саккиз ва ўн кишидан бўлиб, занжир каби тизилдилар. Мусулмонлар юриб бориб уларнинг сафларига кирдилар. Улар бизларга ўқ ота бошладилар ва буни бизлардан кўра тезроқ бажардилар».
Муғийра Нўъмонга: «Улар жуда тез ўқ отяптилар ва одамлар яраландилар. Сен ҳужум қилсанг эди!», деди.
Нўъмон унга: «Сен мақтовга лойиқ хислатлар соҳибисан. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга жангларда иштирок этганман. У киши агар куннинг аввалида жанг қилмасалар, қуёш ботиши, шамол эсиши ва ёрдам келишини кутар эдилар. Мен сизларга байроқни силкитиб уч марта ишора қиламан, биринчи ишорада киши ишларини тугатиб, таҳоратини янгиласин, иккинчи ишорада оёқ кийимининг боғичларини кўздан кечириб, қуролини жангга тайёрласин, учинчи ишорада ҳужумга ўтсин. Ҳеч ким бир-бирига қарамасин, ҳатто Нўъмон ўлдирилса ҳам унга бирор киши қарамасин. Мен сизларни Аллоҳга чақираман ва бу чақириққа сизлардан ҳар бирингиз «омин» дейишингизни сўрайман», деди.
Сўнгра: «Эй Аллоҳим, мусулмонларнинг ғалабаси учун бугун Нўъмонга шаҳидлик бергин», деди. Одамлар: «Омин» дейишди.
Нўъмон байроқ билан уч марта ишора бериб, ўзи ҳужумга ўтди ва одамлар ҳам ҳужумга ўтишди. У биринчилардан бўлиб яраланди. Кимдир унинг олдидан ўтиб қолди, у яраланиб ётар эди. Ўша киши айтади: «Нўъмонга ачиндим, лекин унинг гапини эслаб, ёрдам кўрсатмадим. Фақат унинг ётган жойи аниқ бўлиши учун белги қўйиб қўйдим.
Мусулмонларда бирор киши яраланса унга қуролдоши ёрдам берар эди. Зул-Жанаҳайн ўзининг кулранг отидан қорни ёрилган ҳолида йиқилди, Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берди.
Ўша одам Нўъмон ётган жойга келди, у сўнгги нафасини олаётган эди. Нўъмонга мешда сув келтиришди, у юзини ювди ва: «Одамлар нима қилишди» деб сўради. Унга: «Аллоҳ уларга ғалаба берди», дейишди.
Нўъмон: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Бу ҳақда Умарга мактуб ёзинглар», деди. Шундан сўнг унинг жони узилди, Аллоҳ ундан рози бўлсин ва раҳмат қилсин.
79. Исроил Абу Исҳоқдан ривоят қилади: «Менга Умарнинг Нўъмон ибн Муқарринга Ниҳованд борасида ёзган мактубини ўқиган одам унда: «Сизлар душманга рўбару бўлсангиз қочманглар, ўлжа қўлга киритсангиз ҳаддингиздан ошманглар» деб ёзилган эди, деди.
Бизлар душманга рўбару келганимизда Нўъмон: «Токи мўминлар амири меҳробга кўтарилиб, Аллоҳдан ёрдам сўраб дуо қилмагунича, улар билан жанг қилмай туринглар», деди ва бу жума куни эди.
Шундан сўнг биз душман билан жанг қилдик, Нўъмон биринчи бўлиб яраланиб йиқилди ва: «Мени кийим билан ўраб қўйиб, душманга қарши боринглар ва улар сизни даҳшатга солмасин», деди.
Аллоҳ бизларга ғалаба берди, бу хабар Умарга (р.а.) етиб келди ва у одамларга Нўъмоннинг ўлими ҳақида хабар берди. Ниҳованд ва мусулмонлар ҳақидаги хабар Умар ибн Хаттобга (р.а.) кечикиб келган эди, у эса Аллоҳдан ёрдам сўраб дуо қилар, буни кўрган одамлар Ниҳованд ва Ибн Муқарриндан бошқа нарсани ўйламас эдилар.
80. Мадиналик баъзи олимлардан ёши улуғ қария ривоят қилади: Бир бадавий араб Мадинага келиб: «Сизларга Ниҳованд ва Ибн Муқаррин ҳақида қандай хабар келди?» деб сўради.
Унга: «Қанақа хабар экан?» дейишди.
Бадавий: «Ҳеч қандай», деб жавоб берди.
Кулайб ал-Жаримий Умарнинг олдига келиб бадавийнинг гапини айтди. Умар бадавийни олиб келишга одам жўнатди ва унга:
«Сен Ниҳованд ва Ибн Муқаррин ҳақида бекорга гапирмагансан, ниманидир биласан. Бизни бу ҳақда хабардор қил», деди.
Бадавий шундай деди: «Эй мўминлар амири, мен фалон ўғли фалончиман. Ўз аҳли оилам ва молим билан Аллоҳ ва унинг расулига яқин бўлиш учун чиқдим. Биз фалон ва фалон жойларда тўхтадик ва жўнаб кетаётганимизда аввал бунақасини ҳеч кўрмаган қизил (сариқ) туя минган кишини учратдик.
Унга: «Қаердан келяпсан?», дедик.
У: «Ироқдан», деди.
Биз: «Одамлар ҳақида нима хабар бор», деб сўрадик.
У: «Улар душман билан тўқнашдилар, Аллоҳ душманни мағлуб қилди, Ибн Муқаррин ўлдирилди», деди.
Аллоҳга қасамки, мен на Ниҳовандни биламан, на Ибн Муқарринни танийман».
Умар: «Билмайсанми у жумадан кейинги қайси куни эди?» деб сўради.
Бадавий: «Аллоҳга қасамки, билмайман. Лекин қачон бўлганини биламан, биз фалон куни йўлга чиқдик ва фалон жойларда тўхтадик», деб тўхтаган жойларини санади.
Умар: «У фалон кун бўлиб, жума кунидир. Сен жинларнинг чопарини учратган бўлишинг керак, албатта уларда ҳам чопарлар бор», деди.
Шундан сўнг Аллоҳнинг хоҳлагани бўлди ва улар айнан ўша кунда душман билан тўқнашганлари ҳақида хабар келди. Умар Нўъмон ибн Муқарриннинг ўлими ҳақидаги хабарни етказганида, қўлини бошига қўйиб йиғлай бошлади.
81. Исмоил Қайсдан, у Мудрик ибн Авф ал-Аҳмасийдан ривоят қилади: «Мен Умарнинг (р.а) ҳузурида эканимда Нўъмон ибн Муқарриннинг элчиси келди. Умар ундан одамлар ҳақида сўрай бошлади. Элчи Ниҳовандда ҳалок бўлган одамларни эслай бошлади: «Фалон ибн фалон, фалон ибн фалон ва биз билмайдиган бошқалар», деди.
Умар (р.а.): «Аллоҳ уларни билади» деди.
У: «Киши ўзини сотди», деди ва бу билан Авф ибн Абу Ҳаййа Абу Шибла ал-Аҳмасийни назарда тутди.
Мудрик ибн Авф: «Эй мўминлар амири Аллоҳга қасамки, у менинг тоғам. Одамларнинг айтишича у ҳалокатга ўзи борган», деди.
Умар: «Улар ёлғон айтишибди. У дунёсини эвазига охиратини сотиб олган кишилардандир», деди.
Исмоил: «У яраланганида рўзадор бўлиб, жон талвасасида ётган бўлса ҳам сув ичишдан бош тортди ва вафот этди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин», деди.
Абу Юсуф (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) айтади: «Савод фатҳ қилинганида Умар (р.а) одамлар билан у ҳақда маслаҳатлашди. Уларнинг аксарияти Саводни тақсимлаш фикрида эдилар. Бу фикрда қаттиқ турганлардан бири Билол ибн Рабоҳ бўлиб, Абдураҳмон ибн Авф ҳам шу фикрда эди. Усмон, Али ва Талҳалар эса Умарнинг (р.а) фикрини қўллаб қувватлашди. Умар (р.а.) бу борада: «Саводни тарк этиб, уни тақсимламаслик керак» деган фикрда эди, ҳатто Саводни тақсимлаш ҳақидаги уларнинг қатъий фикрларига жавобан «Аллоҳим Билол ва унинг шериклари борасида менга Ўзинг кифоя қил» деб дуо қилди. Улар ўз фикрларида бир неча кун қатъий турдилар. Сўнгра Умар (р.а.): «Мен Саводни тарк этиш ва уни тақсимламаслик борасида Аллоҳнинг каломидан ҳужжат топдим», деб уларга
Do'stlaringiz bilan baham: |