Бир ёшгача бўлган гўдак болаларда менингитнинг ўзига хос хусусиятлари. Уларда менингитнинг одатдаги белгилари қайд этилмайди. Бу организм реактивлигининг ўзига хос бўлиши туфайли касалликни аниқлашда анча қийинчиликлар туғдиради ва шу ёшдаги касаллар ўртасида юқори леталликка сабаб бўлади. Касаллик ўткир бошланиб, бола бесаранжомланади, қичқиради, овқатланишдан бош тортади, инжиқлик қилади, уйқуси бузилади, қўли қалтирайди. Кейин бунга талваса, ҳарорат кўтарилиши, қайта-қайта қайт қилиш, лиқилдоқнинг шишиши қўшилади. Бола вақти-вақти билан қичқириб қўлини боши томон чўзади. Яққол гиперестезия (тонуснинг юқори бўлиши) ва турғун дермографизм юзага келади. Бола бошини орқага ташлаши менингитнинг энг биринчи симптомларидан ҳисобланади. Шуни эсда тутиш керакки, 3 ойликкача бўлган болаларда мушак тонуслари физиологик жихатдан анча юқори бўлади. Бу бўйин мушакларининг ригидлигига ва Керниг симптомига ўхшаб кетиши эҳтимол.
Натижада кўплаб суюқлик йўқотиш билан церебрал гемодинамиканинг бузилиши юзага келади. Баъзи ҳолларда қайт қилиш ва диарея ҳисобига церебрал синдроми пайдо бўлади. Лиқилдоқ қимирламай қолади, мушак тонуси пасаяди, менингеал симптом йўқолади. Пай рефлекслари пасаяди. Бемор озиб-тўзиб кетади, кўзлари ич-ичига кириб кетади, тери қуруқлашади. Бола атрофдагиларга бефарқ бўлиб қолади ёки кома юз беради. Калла ичи босими кескин тушиб (церебрал коллапс) кетади. Пункция қилинганда ликвор кам-кам томчилайди. Церебрал гипотензия синдроми ҳаддан ташқари дегидратация (сувсизланиш) оқибатидир. Бу хол катта ёшдаги болаларда камроқ кузатилади.
Менингитнинг атипик турлари. Антибактериал воситаларнинг кўплаб амбулатория усулида қўлланиши касаллик антипик турларининг кўпайишига олиб келади. Касаллик субфебрил ёки нормал ҳарорат, кучсиз интоксикация билан айтарли ўткир кечмаслиги мумкин. Менингеал симптомлар ўртача бош оғриғи ва онда-сонда қайт қилиш билан кечроқ пайдо бўлади. Бу касаллик болалаларда тўлқинсимон кечади: қатор ҳолларда менингоэнцефалит, вентрикулит пайдо бўладики, бу касалликларга антибактериал терапия унчалик таъсир қилмайди.
Менингококкли менингоэнцефалит — менингеал симптомлар, эс-хушнинг узоқ вақт бузилиши, титроқ синдромлари, турғун ўчоқли симптомлар, бош мия нервлари, қўл-оёқ парези, мия пўстлоғи остки зарарланиши, руҳий бузилишлар билан характерланади.
Касалликка уйқучанлик, руҳиятнинг бузилиши, мушакларнинг юқори тонуси, гидроцефалия симптомларининг ривожланиши хосдир.
Касалликнинг аралаш тури бирмунча кўпроқ, учрайди. Менингококкемиянинг клиник намоён бўлиши менингит ёки менингоэнцефалит билан бирга қўшилиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |