Клиникаси. Касалликнинг инкубацион даври 7—20 кун, кўпинча 7—10 кун, камдан-кам 3—5 ёки 30 кунгача чўзилган бўлади. Хасталик деярли доим ўткир, бадан увишиши, бош ва мушаклар оғриши, иситма кўтарилиши ва кўплаб терлаш билан бошланади. Фақат беморларнинг бир қисмидагина (касалликнинг яширин даврида) умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши, 2—4 кун давом этадиган бўғимлардаги оғриқ қайд этилади. Ҳарорат тезда 38—39°С гача кўтарилади ва ремиттирловчи, оғир ҳолларда эса доимий характерда бўлади. Касаллик енгил кечганда ҳарорат субфебрил ва қисқа (2—3 кун) бўлади.
Хасталикнинг дастлабки кунларида бош оғриғи, умумий лоҳаслик, мушак ва бўғимларда, белда кескин оғриқ, дармонсизлик, уйқусизлик, томоқда оғриқ, қуруқ йўтал аниқланади.
Юз одатда гиперемияланган, кўз склералари ва конъюнктивасига қон қуйилган, халқум қизарган бўлиб, тонзиллит кузатилади.
Касалликнинг 3—4- кунида, баъзи беморларда розеолез ёки папулёз тошмалар пайдо бўлади. Касалликка бронх ва ўпканинг шикастланиши хосдир.
Касалликнинг 2—3- кунидан бошлаб беморларни қуруқ йўтал, ларингит ва айниқса трахеобронхит безовта қилади. Беморда пневмония касалликнинг 5—7- кунидан бошлаб пайдо бўлади ва 8—12-кунига келиб авжига чиқади. Пневмония нафас қисиши, перкутор товушнинг қисқарганлиги, нафаснинг юза бўлиши, ўпканинг куйи қисмида, кўпинча ўнг томонида яккам-дуккам хириллашларнинг эшитилиши билан таърифланади. Бундай холат касаллик қайталаётганида, тана ҳарорати нормал бўлганда ҳам кузатилиши мумкин. Касалликнинг 8—10- кунларида харорат юқори бўлиши билан бирга йўтал кучаяди, балғам пайдо бўлади (баъзан қон аралаш), нафас қисиши, цианоз, эт жунжикиши, ўпкада эса бир қадар ифодаланадиган пневмония белгилари қайд этилади. Бу беморларнинг балғами ва қонида патоген микроблар — асосан стафилококклар кўпайганини билдиради. Бунда абсцесс хам вужудга келиши эҳтимол.
Орнитозда интерстициал, кичик ўчоқли зотилжам юзага чиқиши мумкин. Бу касалликнинг ҳамма турларида бронх томир илдизининг кенгайганлигидан далолат беради, баъзи ҳолларда бифуркацион лимфа тугунлари катталашган бўлади. Ўчоқли жараёнлар вирус бактерияли пневмонияларга хосдир. Ўпкадаги, айниқса интерстициал ўзгаришлар бемор тузалгандан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолади. Рентгенда текширилганда сурат тўрсимонлиги бемор тузалгандан бир неча ой ва йил ўтгандан сўнг ҳам сақланиб қолади.
Юрак-томир системасидаги ўзгаришларга касаллик тузалаётгандаги иккиламчи инфекция қўшилганда вужудга келадиган тахикардия билан алмашадиган брадикардиянинг асоратсиз ҳоллари хосдир. Лекин болаларда касалликнинг биринчи кунлариданоқ тахикардия қайд этилади. Кўпчилик беморларда артериал босим тушиб кетган бўлади. Касаллик ўртача ва оғир кечаётган беморларда юрак тонининг бўғиқлиги, систолик шовқинининг пайдо бўлиши аниқланади, ЭКГ да Т-тишчасининг икки босқичлиги, S-T интервалининт чўзиқлиги юракнинг токсик-диффуз шикастланганлигидан дарак беради. Токсик-аллергик характердаги миокардитлар эхтимолдан ҳоли эмас. Меъда-ичак йўлида қуйидаги ўзгаришлар юз беради: беморнинг иштаҳаси пасаяди, кўнгли айнийди, ичи кетади, қайт қилади. Тил йўғонлашган, кулранг караш билан қопланган, четлари тоза, тишлар ўрни билиниб туради. Қорин юмшоқ оғриқсиз. Жигарнинг катталашганлиги деярли ҳамма беморларда кузатилади, талоқ эса беморларнинг ярмида шишган бўлади.
Сийдик-таносил системасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмайди.
Нерв системаси у ёки бу даражада деярли ҳамма беморларда зарарланган бўлади. Бу касалликнинг кўпроқ учрайдиган симптомларидан — бош оғриғи, ҳолсизлик, уйқусизлик, адинамия, бўшашиш, оғир ҳолларда депрессивлик, алахсираш, эс-хушнинг йўқолиши, руҳий мотор қўзғалиш, бесаранжомлик, кўриш қобилиятининг қисқа вақт тушиб кетиши ҳисобланади. Қисқа вақт қулай кечадиган менингизм, ҳатто сероз менингизм ҳолатлари рўй бериши мумкин.
Касаллик кечишига қараб, гриппга ўхшаш, пневмотик, тифоид ва менингеал турларга бўлинади, кўпинча дастлабки иккитаси учрайди. Касаллик оғир, ўртача оғир, енгил, яширин турларда кечади. Енгил ва яширин кечаётган касалликни аниқлаш қийин бўлгани учун унга кўпинча грипп, юкори нафас йўллари яллиғланиши, ўткир респиратор касаллик каби ташхис қўйилади. Кўпинча касаллик яхши тузалиб кетмаган ҳолларда у қайталаниши мумкин. Касаллик эрта (ўткир шаклидан 2—4 ҳафта ўтгандан сўнг) ва кеч (3—6 ой-дан сўнг) қайталаниши мумкин. Хасталик сурункали кечиши мумкин.
Ҳамма беморлар хам батамом тузалиб кетмай, (орнитознинг сурункали тури), баъзиларда астеновегетатив кўринншдаги камчиликлар, нафас йўллари ва ўпканинг сурункали яллиғланиш жараёнларини, ўчоқли пневмосклерозни қайд этиш мумкин.
Асоратлар камдан-кам бўлади, овоз тутамларининг фалажланиши, полиневритлар, радикулит, тромбофлебит, паротит, коллапс, шунингдек, энцефалитлар, миокардлар ва иккиламчи стафилококк жараёнларининг ўчоқлигидан тортиб, то генерализацияланганигача асоратларга мисол қилиб келтириш мумкин.
Ташхиси. Гуруҳли касбга алоқадор бўлган орнитозга ташхис қўйиш қийин эмас. Спорадик касалликларни аниқлаш бирмунча кийинчилик туғдиради. Симптомсиз орнитоз айрим беморларни яхшилаб текшириш натижасидагина аниқланади. Касалликнинг ўткир бошланиши, иситма кўтарилиши, эт увишиши, кўп-кўп терлаш, пульмонал синдром, нерв системасининг менингеал симптомларигача шикастланиши орнитознинг клиник белгилари ҳисобланади.
Ташхис қондан, балғамдан, бурун-ҳалқум ювиндиларидан, плеврал суюқлигидан (летал ҳодисалар бўлганда), аъзоларнинг бир бўлагидан олинган вирусга қараб қўйилади. Вирус беморнинг қонида биринчи 2 ҳафта давомида, балғамда ва бурун-ҳалқум ювиндисида эса касалликнинг 26- кунига қадар аниқланади.
Орнитоз антигенларининг КБР ва ГАТР кўрсаткичлари титри манфийдан 1:64—1:128 гача ошиб бориши билан биринчи ҳафтанинг охири ва иккинчи хафтанинг бошларига бориб мусбат бўлиб қолади.
КБР учун диагностик титр 1:16, ГАТР учун эса -1:512 ва ундан юқори ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |