4.4.в. Функционал тузилма ва унинг ўзига хос хусусиятлари
Чизиқли-штабли структурадан фарқли ўлароқ бошқарувнинг функционал структураси раҳбарлар ва структура бўғинларининг бошқарув фаолиятини ихтисослаштиришга қаратилгандир. Бунда ҳар бир бошқарув бўғинига муайян функциялар бириктириб қўйилади. Масалан, бири маркетингни, иккинчиси ишлаб чиқаришни, учинчиси эса молияни бошқариш билан шуғулланади (12-чизма).
Бошқариш аппаратини функционал ихтисослаштириш унинг самарадорлигини анча оширади. Бошқаришнинг барча функцияларини бажариши лозим бўлган универсал раҳбарлар ўрнига ўз соҳасини пухта биладиган, ўз штатига эга бўлган, ўзига топширилган иш участкаси учун жавоб берадиган мутахассислар аппарати пайдо бўлади.
Албатта, функционал хизматлар раҳбарлари ва мутахассислари:
• ўз соҳасини чуқур ва пухта биладиган;
• жараёнлар ва ҳодисаларни таҳлил қилиш ва баҳолаш қобилиятига эга бўлган;
• ўз хулоса ва тавсияларини ҳимоя қила оладиган;
• чизиқли структура раҳбарларини шу тавсияларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигига ишонтира оладиган кишилар тбўлиши керак.
А, Б - цех бошлиқлари, функционал органлар фо1 - маркетинг бўйича директор ўринбосари, функционал раҳбар фо2 - ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари, функционал раҳбар фо3 - молия ва режа бўйича директор ўринбосари, функционал раҳбар А1, А2, А3 - ижрочилар, Б1, Б2, Б3, - ижрочилар.
12-чизма. Бошқаришнинг функционал структураси.
Функционал бўлинмалар бевосита барча қуйи структура бўлинмаларининг (А1, А2, А3, Б1, Б2, Б3) фаолиятини бошқаради (пунктир чизиқларга эътибор беринг). Функционал бошқариш у ёки бу функция ваколатига тааллуқли тор доирадаги масалалар бўйича қуйи босқич органлари ва бўлинмалари фаолиятига раҳбарликни таъминлайди. Масалан, корхонанинг режа бўлими цехларнинг режа бюроларига раҳбарлик қилади.
Бунда ҳам функционал бўлимлар раҳбарларининг вертикал бўйича иерархияси ва бўйсуниши мавжуд. Аммо чизиқли структурадан фарқли ўлароқ, бундай бўйсуниш маъмурий эмас, балки соф услубий маслаҳатли бўйсунишдир. Масалан, корхона режа бўлимининг бошлиғи цех режа бюроси бошлиғига, ҳатто айнан шу вазифага доир масала бўйича ҳам буйруқ бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бирор маъмурий буйруқни корхона директори цех бошлиғига бериши мумкин, цех бошлиғи эса цех режа бюроси бошлиғига шундай буйруқ бера олади.
Функционал структура ҳам ўзининг ижобий ва салбий томонларига эга (18-жадвал).
18-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |