2-мавзу. Меҳнат иқтисодиёти меҳнат ҳақидаги фан (2 соат)
Бир қарашдан, меҳнат тушунчаси нимани англатадиган саволнинг жавоби аёндек, чунки ҳар биримиз бу тушунчага ҳар куни дуч келамиз. Бироқ иқтисодий адабиётларда меҳнат тушунчасининг аниқ ва бир хил маънодаги тўлиқ таърифини топиш анча мушкул вазифадир.
Кундалик сўзлашувимизда «меҳнат» сўзи бир неча маънога эга бўлиб, бу маънолар,биринчидан, ишлаб чиқариш қуроллари ёрдамида кишиларнинг ҳаёти учун зарур бўлган моддий ва маънавий бойликларни яратишга қаратилган инсоннинг мақсадга мувофиқ фаолияти сифатида, иккинчидан, иш ва машғулот сифатида, учинчидан, нимагадир эришишга қаратилган куч-ҳаракат сифатида, тўртинчидан инсоннинг фаолияти, иш натижаси сифатида изоҳланилиши мумкин. Шўролар даврида «меҳнат» тушунчасига инсоннинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиатдаги нарсаларни шаклан ўзгартириш ва мослаштириш тушунилади, деб талқин қилинар эди.
Меҳнат – инсоннинг муайян эҳтиёжларини қондира оладиган ва ўзига керак бўладиган моддий ёки маънавий неъматлардан иборат буюм, товар, хизмат, фан, маданият, санъат асарлари ва ҳоказоларни ишлаб чиқариш бўйича онгли, мақсадли ва тақиқланмаган фаолияти.
Ҳар қандай меҳнат жараёни бир қанча шарт-шароитлар мавжуд бўлишини назарда тутади. Ушбу шарт-шароитлар гуруҳига меҳнат предметлари ва воситалари, меҳнат предметига таъсир этувчи усуллар, меҳнатни ташкил этиш ва меҳнатнинг ўзи киради:
меҳнат предмети - инсон учун фойдали бўлган хоссаларни бахш этиш мақсадидаги меҳнат мажмуаси қаратилган, табиат буюми ёки олдинданоқ меҳнат таъсири туфайли юзага келган буюм ёхуд хизматлар кўрсатиш объекти;
меҳнат воситалари - ходим меҳнат предметига таъсир этишда фойдаланадиган ва унинг меҳнат қилиши учун зарур бўладиган жамики нарсалардир. Меҳнат воситалари жумласига меҳнат қуролларини ташкил этувчи асбоб-ускуна, дастгоҳ, машина, механизм, аппаратлар ва бошқа технологик ускуналар ҳамда меҳнат жараёнининг амалга оширилишида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар киради;
меҳнат предметига таъсир этиш усули – инсон фаолиятининг собит қадамлиги у ёки бу ишни бажариш учун билим ва маҳорат бўлишини назарда тутади. Ҳаракатларни қатъийлик ва изчиллик билан бажариш, меҳнат предметига ўзгартиришлар киритиш ёки унга янги хусусиятлар касб этиш, янги шакл бериш ва ўзаро жойлашишга ўзгартиришлар киритишни кўзлаб таъсир этиш усуллари йиғиндиси меҳнат фаолияти технологиясининг мазмунини ташкил этади;
меҳнатни ташкил этиш - муайян тарзда меҳнат жараёнини тузиш ва амалга ошириш тартиби билан боғлиқ бўлиб, у ходимнинг меҳнат предмети ва қуроллари билан ўзаро таъсир тизимидан келиб чиқади;
Кўрсатиб ўтилган тўрт қоидани кўриб чиқар эканмиз, уларни бир-биридан фарқлаш лозим.
2.1-чизма.Фаолият турлари
«Меҳнат» ва «иш» тушунчаларининг ўзаро боғлиқлиги. Ижтимоий-иқтисодий турмушда меҳнат тушунчаси билан бир қаторда иш тушунчасидан ҳам кенг фойдаланилади. Аммо «меҳнат» ва «иш» тушунчалари бир хил ёки тенг маъноли мазмунга эга эмас. Инсоннинг жамият ҳаётидаги яратувчилик роли, ижтимоий натижаларга дахлдорлиги туфайли меҳнат табиатан ижтимоий меҳнатдир. Зеро, аниқ меҳнат фаолияти айни пайтда шундай фаолият ҳамки, унинг давомида кишилар бир-бирлари билан муайян алоқа ва муносабатларга киришади. Шу боис меҳнат фақат инсоннинг ақлий физиологик ва ижтимоий фойдали фаолиятидир. «Иш» эса жисмоний маънога эга бўлган тушунча бўлиб, уни инсон ҳам, машина ҳам, ҳайвон ҳам бажариши мумкин. Меҳнат иш вақти билан ўлчанади. Иш эса натурал бирликлар - килограмм, метр, дона ва шу каби натурал кўрсаткичларда ўлчанади.
Меҳнат иқтисодиёти уч даражали бўлимни, яъни: меҳнат микроиқтисодиёти, меҳнат мезоиқтисодиёти ва меҳнат макроиқтисодиётини ажратишга асосланади (2.3-чизма).
2.2-чизма. Меҳнат иқтисодиётининг даража бўлимлари
Меҳнат иқтисодиёти муаммолари, микроиқтисодиёт соҳаси алоҳида иқтисодий субъектлар фаолияти билан боғлиқлиги жиҳатидан ажралиб туради. Бу субъектлар жумласига истеъмолчилар, ишчилар, хизматчилар, хусусий тадбиркорлар ва кичик корхона эгалари, сармоя солувчилар, фирмалар – аслини олганда иқтисодиётнинг фаолиятида муҳим роль ўйнайдиган ҳар қандай индивидум, жисмоний шахс ёки хўжалик юритувчи субъект киради.
Меҳнатнинг хилма-хил турлари бор ва уларнинг бутун хилма-хиллигини қуйидаги мезонлар бўйича: меҳнатнинг мазмуни, табиати, натижалари, фойдаланиладиган буюмли элементлари ва инсон қатнашувининг турли даражаси, кишиларни меҳнатга жалб этиш усуллари бўйича ажратиб таснифлаш мумкин.
Меҳнат мазмуни – ишларнинг касбий мансублиги, уларнинг таркибий мураккаблиги, бажаришдаги изчиллиги билан белгиланадиган меҳнат элементлари йиғиндисидир.
Меҳнат мазмунига қараб бир-биридан фарқланади.
1. Оддий ва мураккаб меҳнат. Оддий меҳнат ривожланиш даражаси билан ажралиб турмайди, ҳар қандай кишининг тана организми ўрта ҳисобда эга бўлган ишчи кучининг сарфланиши билан белгиланади. Бу ходимдан махсус касбий тайёргарлик талаб қилмайдиган, малакасиз меҳнатдир. Даража олган ёки кўпайтирилган меҳнатгина мураккаб меҳнат ҳисобланади. Мураккаб меҳнат бир соатида, оддий меҳнатнинг бир неча соатини жамловчи меҳнат бирлиги билан белгиланади. Шу сабабли ҳам малакали ходимлар вақт бирлиги мобайнида малакасиз ходимларга нисбатан кўпроқ маҳсулот ва қиймат яратадилар.
2. Репродуктив ва ижодий меҳнат. Репродуктив меҳнат - такроран қилинган, олдиндан маълум бўлган, ижодий жиҳатлари бўлмаган меҳнат. Ижодий меҳнат эса бунёдкор меҳнат бўлиб, унда инсон сифат жиҳатидан янги, бетакрор, ўзига хос, ноёб нарсалар яратади. Ижодий меҳнатнинг натижалари инсоннинг қобилияти, ишга берилганлиги, унинг муҳимлиги, шарт-шароитларига ва ҳоказоларга боғлиқ бўлади.
3. Функционал ва профессионал меҳнат. Функционал белги бўйича меҳнат қандай мақсадга қаратилганлигига, сарфланиш соҳасига ва хўжалик фаолиятининг иқтисодий давридаги функционал ролига қараб турларга бўлинади.
Масалан, илмий ходимнинг меҳнати қуйидагича таърифланиши мумкин: ақлий, ижодий, ўта мураккаб, юқори малакали, индивидуал, илмий, инновацион, техника билан қуролланган, юқори технологик, муҳим, ўртача оғирликдаги, жозибали, мустақил, регламентсиз меҳнат. Ишчилар бригадасининг меҳнати аксарият ҳолларда жисмоний, ғайриижодий, ўртача мураккаб, малакали, жамоа, ишлаб чиқариш билан боғлиқ, қурувчилик, техника билан қуролланган, ўртача технологик, ҳаракатчан, ўртача оғирликдаги, жозибали, ёлланма, регламентланган бўлади.
Ҳар бир ходимга ва жамоага мос ҳолда меҳнатни ҳар томонлама таърифлаш мазкур меҳнат корхона ёки шахснинг ижтимоий ва иқтисодий вазифаларини ҳал қилишда меҳнат қилишнинг мақсадларидан келиб чиқадиган талабларга мос келиш-келмаслигини баҳолаш учун зарур асос бўлиб хизмат қилиши керак.
4. Ақлий ва жисмоний меҳнат. Ақлий меҳнат интеллектуал фаолиятни ёки асосан асабий-руҳий тусдаги ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган фаолиятни назарда тутади, жисмоний меҳнатга эга жисмоний ишлар хос.
Меҳнат ўз табиатига қараб конкрет ва мавҳум меҳнат, ёлланма меҳнат, якка тартибдаги ва жамоа меҳнати, хусусий ва ижтимоий меҳнатга бўлинади ва улар бир-биридан фарқланади.
1. Конкрет ва мавҳум меҳнат. Инсоннинг эҳтиёжларини қондириш учун табиат буюмларини шаклан ўзгартириш ва мослаштиришга йўналтирилган инсоннинг алоҳида мақсадга мувофиқ фаолияти бўлган меҳнат муайян фойдали шаклда намоён бўлади ва турли истеъмол қийматлари яратилиши унинг якуни бўлади. Уларни яратишга қаратилган меҳнат конкрет меҳнат деб номланади. Меҳнатнинг ҳар хил аниқ турларини бир хилдаги ва бир хил ўлчовли кўринишга келтириш сифат хусусиятларидан фикран четга чиқиб, меҳнатнинг айрим турларини ишчи кучининг оддий сарфларига, физиологик маънодаги меҳнат сарфларига - жисмоний, асабий ва бошқа хил куч-қувват сарфларига келтиришни тақозо этади. Ушбу бир хиллаштирилган, бир хилдаги ва бир хил ўлчовли меҳнат мавҳум меҳнат дейилади. Конкрет меҳнат истеъмол қиймати, мавҳум меҳнат эса товар қийматини яратади.
2. Ёлланма меҳнат ва ўз-ўзини ёллаш. Ёлланма меҳнат – ишлабчиқариш воситаларининг эгалари билан шахсан озод бўлмасалар-да, ишлаб чиқариш воситаларига эга бўлмаган ва ўз меҳнатини ўрнига ўрин иш ҳақи кўринишидаги муайян қийматни олиш учун сотадиган ходимлар ўртасида юзага келадиган муносабатдир. Ёлланма меҳнат ўзидан бегоналаштирилган меҳнатдир, чунки у яратган бойлик бегона бойлик сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга, ёлланма ходим ўз ишчи кучининг эгасидир.
3. Якка тартибдаги ва жамоа меҳнати – булар меҳнатни ташкил этишнинг ўзига хос шаклларидир. Меҳнат тақсимоти инсон фаолиятининг айрим турлари алоҳидаланишига, айрим ишлаб чиқарувчиларнинг алоҳидаланишига олиб келади. Якка тартибдаги меҳнат – айрим ходимлар ёки мустақил ишлаб чиқарувчилар якка тартибдаги тадбиркорларнинг меҳнати. Меҳнат тақсимоти бирор-бир маҳсулот тайёрлаш бўйича қисман бажариладиган ишларнинг алоҳидаланишига олиб келиб, биргаликдаги куч-ҳаракатлари тайёр маҳсулот яратишга олиб келиши мақсадида ходимларнинг меҳнат фаолиятини бирлаштириш заруратини келтириб чиқаради. Жамоа меҳнати шундай меҳнатки, бунда кишилар алоҳида эмас, биргалашиб, меҳнат жамоаларида бўлим, лаборатория, цех, участка, бригадага бирлашиб ишлайдилар, бунинг устига, жамоанинг катта-кичиклиги аҳамиятга эга бўлмайди.
4. Хусусий ва ижтимоий меҳнат. Айрим ишлаб чиқарувчилар муайян товарларни тайёрлаб берадиган товар ишлаб чиқаришида якка тартибдаги меҳнат ишлаб чиқариш воситалари эгаларининг фарқлангани хўжалик, ишлаб чиқариш ва юридик жиҳатлардан алоҳидаланганлиги туфайли хусусий меҳнат сифатида намоён бўлади. Ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўз эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган маҳсулотларнинг барчасини ҳам ишлаб чиқаравермай, уларнинг бир қисминигина тайёрлаб чиқаришга ихтисослашади. Иқтисодий адабиётларда кенг ишлатиладиган «унумли» ва «унумсиз», «жонли» ва «ўтмишдаги-моддийлашган», «мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча» меҳнат тушунчаларига ҳам тўхталиб ўтмай бўлмайди.
Иш қобилияти ўзгармас ўлчам эмас. У иш вақтининг турли даврлари кун, кеча-кундуз, ҳафта мобайнида иш хусусияти, ходимнинг стажи, унинг мунтазам ишлашга одатланганлиги, иш кўникмалари ва қатор бошқа омиллар таъсирида ўзгаради. Айрим иш турларига иш қобилиятининг ўзига мос эгри чизиғи хос бўлади. Бундай эгри чизиқларнинг бир неча тури мавжуд. Лекин, аксарият ишларга учта босқич: ишга киришиш (I), муқим ишлаш (II) ва толиқиш (III) босқичига эга бўлган иш қобилияти эгри чизиғининг типик тури хос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |