ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА
МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МИРЗО УЛУГБЕК НОМИДАГИ
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ
ИҚТСОДИЁТ (Трмоқлар ва сохалар бўйича) йўналиши талабаси
СОБИРОВ РАХМАТУЛЛОХ АВАЗБЕК ЎҒЛИ
Бизнесни рақамлаштириш амалиёти (алохида компания мисолида) мавзусидаги
МУСТАҚИЛ ИШИ
Режа
Россиянинг Selectel булутли провайдери Ўзбекистонда
Бизнесни рақамлаштириш
Россиянинг Selectel булутли провайдери Ўзбекистонда
2020 йил 6 майда Россиянинг Selectel етакчи булутли провайдери Ўзбекистонда ўз иш фаолиятини бошлади.
Компания IT-ишланмаларини ва бизнесни рақамлаштириш воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Selectel янги бозорда ривожланиш йўлида уч йил ичида бир миллион долларгача сармоя киритади.
2020 йил 6 майда Ўзбекистон Selectel булутли платформаси маҳаллийлаштирилган илк мамлакат бўлди. 2020 йил охирига қадар, Selectel шунингдек, Беларусь бозорига киришни режалаштирмоқда. Бугунги кунда республикада маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун булутли хизматларга талаб шаклланмоқда, жамоавий фаолият ва бизнес юритиш учун ечимлар қидирилмоқда.
«Биз Ўзбекистонни илк ташқи бозор сифатида танладик, чунки мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ва ҳукуматнинг рақамли давлат ва иқтисодиёт қуришга интилишларини кўриб турибмиз. Булутли технологиялар ушбу жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади. Биз Selectel ечимлари нафақат шиддат билан ривожланаётган IT-саноатида, балки Ўзбекистон учун анъанавий бизнес соҳаларида ҳам талабгор бўлишига ишонамиз», - деди Selectel бош директори Олег Любимов.
Selectel ўзининг инфратузилмасини Тошкент шаҳридаги маълумотлар марказига жойлаштирди, бу эса унга ўрнатилган хизматларнинг юқори тезликда ва узлуксиз ишлашини таъминлайди. Июл ойига қадар Selectel булутли платформаси ишга туширилади. Бу ҳар қандай миқёс ва мураккабликдаги рақамли маҳсулотлар учун тез ва арзон инфратузилмани яратишга имкон беради.
Selectel бозорни биргаликда ривожлантириш учун маҳаллий провайдерлар ва интеграторларга ҳамкорликнинг турли хил кўринишларини таклиф этади.
Selectel бунинг учун провайдер хизматлари шерик бренди остида сотиладиган маҳсулотга бирлаштириладиган White Label схемаси, ва провайдер шериги томонидан жалб қилинган мижозлардан келиб тушган даромадларини у билан бўлишадиган Revenue Share схемаси бўйича ҳамкорлик дастурларини тайёрлади.
Selectel 2008 йилда ташкил топган ва 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида булутли хизматларни ишлаб чиқармоқда. Компания Amazon Web Services, Rackspace ва OVH билан бир қаторда турган ҳолда Россиядаги Intel Cloud Technology глобал дастурининг биринчи иштирокчиси бўлди. Бугунги кунда Selectel 15 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади. Улар орасида Шарқий Европадаги энг йирик ижтимоий тармоқлардан бири бўлган «ВКонтакте», «Учи.ру» халқаро таълим платформаси, «Ситимобил» онлайн такси буюртма хизмати, «Самокат» таом етказиб бериш хизмати ва бошқа таниқли брендлар ўрин олган.
Дунёнинг кўпгина мамлакатлари ва минтақаларига тарқалган COVID-19 пандемияси глобал иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатди: айрим йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ташкилотлари фаолиятларини вақтинча тўхтатишга, кўплаб ходимлар масофадан ишлашга, мактаблар ва университетлар онлайн таълимга ўтишга мажбур бўлишди.
Рақамлаштириш жараёнини анча аввал бошланган мамлакатларда пандемия рақамли иқтисодиётни, рақамли технологияларни, электрон тижоратни ривожлантиришни, шунингдек, етказиб бериш хизматлари ва логистикани модернизация қилишни жадаллаштирди. Мазкур соҳа нисбатан яхши ривожланмаган мамлакатларда ҳам пандемия рақамлаштиришга бўлган эҳтиёжни ва талабни ошириб, ушбу жараёнларни тезлаштирди ҳамда янги шароитларга мослашишни тақазо қилди.
Кўплаб мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам барча саноат тармоқларини фаол равишда рақамлаштириш жараёнлари йўлга қўйилган. Жорий йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 22 миллионга, шу жумладан, мобиль интернет фойдаланувчилари 19 миллион нафарга етган. Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони 24 млн. 824,3 мингтани ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 % га ёки 1 млн. 598,1 мингтага ўсган. Шу билан бирга, 2019 йилда иш билан банд бўлган аҳоли орасида ахборот технологиялари бўйича мутахассисларнинг улуши 0,5 фоизни ташкил этган бўлиб, ушбу кўрсатгич Европа Иттифоқи мамлакатлари (3,7 фоиз) ўртача кўрсаткичидан деярли етти баравар пастроқ эканлигини кўрсатди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ахборот технологиялари бўйича мутахассисларга талаб тез ўсиб бормоқда.
Экспертларнинг фикрига кўра, ҳар қандай мамлакатнинг рақамли тараққиётига аҳолининг электрон ҳужжатлар ва хизматларга бўлган ишончининг пастлиги, рақамли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг етишмаслиги ҳамда рақамли лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштиришнинг самарасизлиги ва етарли эмаслиги каби омиллар салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Рақамлашаштириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш жараёнида Хитой тажрибасини алоҳида таъкидлаш керак. Хитой бошқа ривожланган давлатлар қаторида ўзининг катта инсон ва молиявий ресурслари билан рақамли иқтисодиётни давлат даражасида фаол тарғиб қилиш йўли билан инновацион куч ва технологиялар соҳасида етакчи (давлат) мавқеига даво этмоқда. Хитойда рақамлаштириш бугунги кунда миллий иқтисодий ривожланишнинг асосий омили ҳисобланади.
Хитойда коронавирус инфекциясининг тарқалишини жиловлашда ҳам рақамли технологиялар воситасидан самарали фойдаланилмоқда. Эпидемияга қарши курашиш учун Хитой ҳукумати сўнгги ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни фаол ишга туширишди. Хусусан, қисқа фурсат ичида коронавирус сабаб бўлган пневмонияни аниқлашда ёрдам берадиган сунъий интеллект ёрдамида тиббий тасвирларни миқдорий таҳлил қилиш усули ишлаб чиқилган. Сунъий интеллект тизими, шунингдек, иситмаси юқори бўлган ёки тиббий ниқобсиз одамларни аниқлаб олишда ёрдам бермоқда. Шунингдек, фойдаланувчининг сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясини юқтирган ёки унинг ташувчиси билан яқин алоқада бўлганлиги ҳамда коронавирус инфекциясининг аломатлари мавжудлигини аниқлайдиган мобиль дастур ишга туширилди. Бундан ташқари, кўчаларда патрул назорати ҳамда дезинфекция ишларини бажарувчи роботлар, озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб берувчи дронлар ҳамда антисептик воситалар билан хизмат кўрсатувчи қурилмалар фаолияти йўлга қўйилди.
Кўрилган тезкор ва комплекс чора тадбирлар натижасида Хитой ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекциясини тарқалишини назоратга олди ҳамда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, тиббиёт ва саноатнинг турли соҳаларида ривожланишни жадаллаштиришга эришди.[4]
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитойнинг коронавирус инфекциясини жиловлаш бўйича чора тадбирлари – биринчи касалланиш ҳолатини аниқлашдан то «нормал» турмуш тарзини тиклашгача бўлган ҳаракатлари мисли кўрилмаган ҳолат бўлди. Мазкур жараёнларда рақамли бизнес моделлари ва янги технологиялар Хитой муваффақиятида муҳим рол ўйнаган ва ўйнамоқда.
Глобал пандемия таъсирида тез суръатларда ўзгариб бораётган вазиятда кўплаб мамлакатлар рақамли технологияларни ривожлантиришга, айниқса, сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтишмоқда. Шу сабабли айрим мамлакатларда ақлли шаҳарларни яратиш ҳукуматнинг ўзини рақамлаштиришдан, сўнгра ҳаётнинг бошқа соҳаларига ахборот узатишнинг рақамли шаклига ўтиш дастурлари ва ташаббусларидан бошланади. Масалан, Буюк Британияда, Данияда ва Сингапурда бизнес жамоат ва давлат идораларининг ўзаро алоқалари жараёнининг деярли 98 фойизи онлайн хизматлар, мобил дастурлар ва инновацион дастурлар орқали таъминланади.
Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 5 октябрдаги Фармони билан мамлакатнинг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. 2021 йил 1 августдан бошлаб ушбу ҳужжатга биноан барча давлат мажбурий тўловлари, шу жумладан, божлар, йиғимлар ва жарималар онлайн тарзда амалга оширилади. «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегияси доирасида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли йўналишларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар автоматик равишда амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур Стратегияга асосан телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бу борада «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини тасдиқлаш; электрон ҳукуматнинг техник инфратузилмасини такомиллаштириш; инсон капиталини ривожлантириш ҳамда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш; давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш; давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг электрон иштироки даражасини ошириш; ахборот хавфсизлигини, ахборот ресурслари ва тизимларининг ҳимоясини таъминлаш; рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасидаги ягона ваколатли органни белгилаш ҳамда Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарнинг рақамли технологиялар ва электрон ҳукумат масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш каби масалалар назарда тутилганди.
Кенг қамровли «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш ва янада такомиллаштириш биринчи навбатда, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро яқин ҳамкорлигида инновацион ғоялар, технологиялар ва бизнесни жорий этиш учун мустаҳкам ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий базани шакллантиришга ёрдам беради.
Иккинчидан, янги рақамли технологиялар ва дастурий таъминотлар бўйича мутахассислар авлодини шакллантириш бўлиб, «Бир миллион ўзбек дастурчиси» ташаббуси мисолида ахборот технологиялари соҳасидаги талабаларнинг инновацион лойиҳаларини фаол рағбатлантириши, учинчидан, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, турли тармоқлар ва соҳаларда, хусусан, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали ахборотлаштириш ва рақамлаштириш жараёнларини янги даражага олиб чиқади.
Глобал пандемия шароитида рақамли иқтисодиёт ва рақамли технологиялар ривожланиши барча инновацион ечимларнинг катализатори бўлиб хизмат қилиб, ахборот технологиялари соҳаси миллат ва давлат равнақи учун фойдаланилиши зарур бўлган улкан имкониятлар майдонини очиб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |