Адабиётлар рўйхати
Абдураҳмонов Қ.Х., Холмўминов Ш.Р., Акбаров А., Хайитов А. Персонални бошқариш (ўқув қўлланма). –Т.: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004.
Абдураҳмонов Қ.Х., Холмўминов Ш.Р. Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси (ўқув қўлланма). –Т.: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004.
Адамчук В.В., Ромашев О.В. Экономика и социология труда. (учебное пособие). –М.: 2001
Меҳнат ресурслари балансини тузиш ва ишга жойлашишга муҳтож шахсларни аниқлаш услубияти бўйича ўқув-услубий қўлланма. –Т.: 2002.
Нарзиқулов Н., Мухамедова О., Боқиева И. Инсон ресурслари иқтисодиёти (ўқув қўлланма). –Т.: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004.
8-мавзу. Иш билан бандлик: назария ва амалиёт (2 соат)
Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатида аҳоли иш билан бандлиги сиёсатининг амалий чора-тадбирлари билан бир қаторда унинг назарий жиҳатларини асослаш муҳим аҳамиятга эга. Деярли барча иқтисодий назариялар маълум даражада меҳнат ва аҳолининг иш билан бандлиги масаласига дахлдордир. Табиийки, меҳнат бозори билан боғлиқ муаммоларини ёритиш ҳам у ёки бу назария ишлаб чиқилган тарихий давр, муаллифларнинг мақсади, тадқиқотининг бош мавзуси, унинг атрофидаги иқтисодий воқеликка дахлдорлиги сезилади.
Классик мактабнинг йирик намояндаларидан бири бўлган Адам Смит ва унинг издоши Давид Рикардолар ўз таълимотларида бозор тизими ресурслари орасида, ишчи кучи ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш муҳим ўрин тутади ва бозорнинг самарадорлигини таъминлашга қодирдир, деб ҳисоблайди. Бу борада француз олими Жан Батист Сей ҳам ишчи кучи ва иш билан бандлик муаммолари бўйича ўз қарашларига эга бўлиб, қатор масалалар бўйича классиклар тутган йўлни тўғри деб баҳолайди.
Жон Мейнард Кейнс (1883-1946) атоқли назариётчи ва бошқариладиган капитализмда аҳолини иш билан бандлиги бўйича яратилган иқтисодий назариянинг асосчисидир. Унинг асосий асари «Аҳолининг иш билан бандлиги, фоиз ва пулнинг умумий назарияси» бўлиб, ушбу асар 1936 йилда босилиб чиққан. Сиртдан қараганда, ушбу асарда аҳолининг иш билан бандлик муаммолари таҳлил қилинган бўлиб, унда, таҳлилнинг пировард мақсади – иш билан бандлик даражаси нима билан белгиланиши қайд этилган.
Китоб «буюк турғунлик» йилларида яратилганлиги учун, бу вақтда ишсизлик мисли кўрилмаган юқори даражага етиб, дунёдаги асосий капиталистик мамлакатларни қамраб олган эди. 1933 йилга келиб, АҚШда қайд этилган ишсизлик даражаси 25,0 % ва Англияда22,0 % га етган эди. Бундай ҳолатни классик назария қоидалари билан тушунтириб бўлмасди. «Биз яшаб турган жамиятнинг энг катта иллатлари, деб ёзган эди Кейнс,унда аҳолининг иш билан тўлиқ банд бўлишини таъминлаш имкони йўқлиги эмас, балки унинг бойлик ва даромадларини ихтиёрий равишда ҳамда адолатсизлик билан тақсимлашидир»6.
Инглиз профессори А. Филлипс инфляция ва ишсизликнинг бир-бирига боғлиқлигини эмпирик тарзда (тажрибага асосланиб) таҳлил қилар экан, у инфляция суръатлари билан ишсизлик даражаси ўртасида тескари пропорционал ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлади. У ана шу боғлиқликни аввало «оддий ёки илк» эгри чизиқ шаклида тақдим этди. Кейинчалик эса унга айрим тузатиш киритиб, ушбу боғлиқликни аниқлаштирди. Ана шунинг учун бу боғлиқликни белгиловчи чизмаларни унинг шарафига Филлипс эгри чизиғи деб аталадиган бўлди.
Филлипснинг фикрича, инфляциянинг катта даражасига ишсизликнинг камроқ даражаси мос келади ва аксинча, юқори даражадаги иш билан бандлик фақат юқори инфляция шароитидагина бўлиши мумкин. Иқтисодий сиёсатни белгиловчи ва амалга оширувчи давлатдан кишиларнинг вазифаси энг оптимал муқобил ечимни танлашдан иборатдир. Бу ерда мазкур масала бўйича олимларнинг фикрлари бир-биридан фарқ қилади. Айримларнинг фикрича, инфляциянинг анча юқори даражаси ва ишсизликнинг бирмунча камроқ даражаси яхшироқ экан. Бироқ инфляциянинг ортиши аҳолининг барча қатламларига дахлдор бўлади ва кўпчиликнинг турмуш даражасини ёмонлаштиради, ҳолбуки ишсизлик кучли зарба берса ҳам, ҳаммага тааллуқли бўлмайди.
Кейнс назариясининг қоидалари АҚШда 1946 йилги қабул қилинган “Аҳолининг иш билан бандлиги Қонунида”, иш билан тўлиқ бандлик ва балансли ривожланиш тўғрисидаги 1978 йилги Қонунда (Хэмфри – Хоукинс қонуни) ўз ифодасини топди. Аҳолини иш билан бандлик тўғрисидаги 1946 йилги Қонунда, хусусан, бундай дейилган: «Конгресс федерал ҳукуматнинг доимий сиёсати ва масъулияти барча амалий воситалардан... барча лаёқатли, ишлашни хоҳлайдиган ва иш қидираётган барча кишиларга ишга жойлашиш учун тегишли имкон берадиган шарт-шароитларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланишдан иборат, деб эълон қилади...»7.
Do'stlaringiz bilan baham: |