ФИО авторов: Файзиев Т.А., Зувайтова З.К., Темирова Л.З., Ибрагимов М.Н.
Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти
Название публикации: «ЛОКАЛ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН ГЕОТЕРМАЛ ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИНИНГ ЭНЕРГЕТИК САМАРАДОРЛИГИ»
КИРИШ
Ҳар қандай мамлакатнинг барқарор ривожланишида ёқилғи-энергия ресурсларининг истеъмоли ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Чунки ҳар бир турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун маълум миқдорда энергия сарф қилинади, яъни ҳар бирлик миқдордаги маҳсулотни таннархи ҳам бевосита энергия (иссиқлик ва электр энергия) истеъмолига боғлиқ бўлади. Шу сабабли мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар саноат тармоқларига “Яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилгани билан бутун дунё жамоатчилигини эътиборини тортмоқда.
Ўзбекистон энергетикасида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотлар ўтказишга киришилди ва ёқилғи – энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш орқали республикамиз иқтисодиётини барча соҳаларини ҳамда аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш Ўзбекистон энергетика сиёсатининг бош мақсади этиб белгиланди. Чунки энергетика мустақиллигига эришиш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш ҳам мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда пойдевор бўлиб хизмат қилади. Органик ёқилғиларнинг нархининг йил сайин ортиб бориши захираларнинг камайиб бориши ва экологик хафнинг кучайиши энергия таъминотида альтернатив самарадор технологияларни жорий этишни талаб қилади. Иситиш ва иссиқ сув таъминотида қуёш энергияси ҳамда
геотермал энергиядан фойдаланиш энергия тежашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда энергия ресурсларини тежаш, атроф- муҳитга чиқариладиган зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш ва истеъмолчиларни узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш асосий вазифалар ҳисобланади. Биноларнинг иссиқлик таъминотида бир йилда қазиб олинадиган органик табиий ёқилғилар (тошкўмир, нефт ва газ) нинг 40% га яқини сарфланади. Бу жуда катта анъанавий ёқилғи сарфи бўлиб, биноларни иситиш ва иссиқ сув таъминотида иқтисодий-экологик муаммоларни юзага келтиради.
Қишлоқларда ва марказлашган энергия таъминоти тизимидан узоқда жойлашган аҳоли пунктларида истеъмолчиларни иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш асосий муаммо ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, биринчи президентимиз И. А. Каримовнинг «Жаҳон молиявий- иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этиш чоралари ва йуллари» асарида қишлоқларда узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Мақолада биноларни иситиш тизимида ноанъанавий қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича мулоҳаза юритилган. Республикамиз жанубий туманларида қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятлари катта ва бу соҳада олимлар, мутахассислар ва конструкторлар томонидан кўплаб илмий ишлар, лойиҳалар ва ишланмалар ишлаб чиқилмокда. Лекин, республикамизда мавжуд бўлган ер ости иссиқ сув манбаларидан фойдаланишга етарлича аҳамият берилмаган. Фанда бундай сувлар – геотермал энергия манбалари дейилади. Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Косон туманларида ер остидан 60÷ 70 0С ҳароратли иссиқ сув (геотермал сув) чиқаётган энергия манбалари мавжуд. Бундай манбалар асосан чўл жойларда жойлашган бўлиб, аҳоли пунктларидан узоқдалиги учун иситиш ёки иссиқ сув таъминотида самарали фойдаланилмайди. Геотермал энергия ресурсларидан фермер хўжалиги ва дала шийпонларининг иссиқлик таъминотида фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Геотермал манбадан чиққан иссиқ сув юқори даражада минераллашганлиги учун истеъмол қилиш учун яроқсиз ҳисобланади.
Энди, геотермал иссиқлик энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини аниқлаймиз. Масалан, 10 тонна сувни t1 = 18 0C дан t2 = 70 0C га киздиришда қўйидаги микдорда иссиқлик энергияси сарфланади:
Q= m Cp (t1 – t2) = 2174 кЖ.
Агар 1 кВт· соат = 3,6 МЖ эканлигини эътиборга олсак, Q = 603,88 кВт соатга эквивалент бўлади. Бир суткада эса бу иссиқлик Q = 603,88 · 24 = 14493 кВт· соат ёки 52176 МЖ ни ташкил килади. Демак, бир суткада геотермал манба иссиқлигидан фойдаланилганда 52176/29,31 = 1780 кг шартли ёқилғини тежаш мумкин.
Юқорида бажарилган иссиқлик – техникавий ҳисоблар шуни кўрсатадики, геотермал иссиқ сув энергиясидан фойдаланиш ёқилғи- энергия ресурсларни тежаш имконини беради. Геотермал иссиқ сув иссиқлигидан биноларни иситишда, теплицаларда, бассейнларда ва балиқ етиштиришда фойдаланиш яхши самара беради. Қашқадарё вилояти шароитида ҳарорати 60÷80 0С бўлган геотермал иссиқ сув энергиясидан иситиш тизимида фойдаланиш бўйича принципиал схемалар ишлаб чикилган. Ҳажми V= 200 м3 бўлган бинони геотермал иситиш тизимининг бир нечта вариантлари таклиф этилган. Бажарилган ҳисоблар шуни кўрсатадики, бир йилда В= 2000- 3000 кг шартли ёқилғини тежаш мумкин.
Геотермал сувлар маълум даражада минераллашган ва газ билан тўйинганлиги сабабли коррозия ҳосил килиши мумкин. Айникса, геотермал сув таркибида олтингугурт- водород, эриган СО2 ва О2 кучли коррозияни юзага келтиради. Шу сабабли коррозияни камайтириш мақсадида ингибиторлар ва реагентлар сувга қўшилади. Геотермал иссиқ сув энергиясидан бевосита фойдаланиш усули энг оддий ва самарали ечимга эга бўлиб, бунда қўшимча иссиқлик алмашинув қурилмалари талаб қилинмайди.
Хулоса қиладиган бўлсак, геотермал иссиқ сув манбаи мавжуд ерларда кичик ҳажмли бир каватли бинолар (фермер уйлари, дала шийпонлари, пансионат, дам олиш уйлари,...)нинг иситиш тизимида ушбу муқобил энергиядан фойдаланилса, 60 – 80 % гача бирламчи энергия тежалишига
эришилади. Натижада бир йилда атроф- муҳитга чикариладиган зарарли газларнинг миқдори 1,5- 2,0 бараварга камаяди.
Адабиётлар
А.И.Радионов И др. “Техника зашита окружаюший среди” Химия. 1989й. 512-б;
Жабборов Н. “Химия ва атроф муҳит” Т. Ўқитувчи, 1992й
Фатоэв И.И ва б.қ “Саноат экологияси” Бухоро. Бух ООИ.2002й
Тиловов Т. “Экологиянинг долзарб муаммолари” Қарши. Насаф. 2003й. 148-б;
Хашимова Д.Б. “Методическиэ указания для провединия практически заятий по предмету. Технология асновних произвоств И промешленная экология”Т.2004
Баратов П. , Маматқулов М. , Рафиқов А. “Ўрта Осиё табиий географияси” Т. Ўқитувчи. 2002й. 440-б
Мурадов Ш.О. “Основиэ экологии” обшая экология К.Н2 Т. 206-496-б;
Мурадов Ш. О. Мурадов О. Ж. “Қашқадарё экологияси ва экономика ҳақида” Қарши. 1991й. 48-б;
Маматов А., Абдуллаев С.И ва б.қ Қарши. Насаф. 1994й. 147-б 10.Холмўминов Ж, “Экология ва қонун” Т Адолат 2000 352 б; 11.Отабоев Ш., Набиев М. “Инсон ва биосфера” т. Ўқитувчи. 1995й
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони.
Мирзиёев Ш.М. Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора- тадбирлари тўғрисида ПҚ-2909-сонли қарори. Тошкент: 2017 йил 20 апрель.
http://straw-house.ru/energiya-solnca,-teplyy-dom 15.http://www.svasti.ru/files/solarhouseplans.pdf
Do'stlaringiz bilan baham: |