10. Фуқароларнинг тенглиги. Фуқароликка эга бўлиш ва фуқароликни йўқотиш асослари. Фуқаролик Конституциявий-ҳуқуқий институтлардан ҳисобланади. Конституцияда фуқаролик асослари белгиланган бўлиб, фуқароликка эга бўлиш, уни йўқотиш қонун билан тартибга солиниши белгиланган. Бундай қонун ҳали Конституция қабул қилинмасдан, 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонундир. Унга 2004 йил 3 декабрь ўзгартириш киритилган.
Қонунда фуқаролик оқибати, фуқароликнинг асосий принциплари: ҳар кимни фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгалиги; ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги; фуқаро ва давлатни ўзаро масъуллиги; Ўзбекистон фуқаролари Республика ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида ҳам давлат томонидан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилди.
Фуқаролликка эга бўлиш асослари. Қонуннинг 4-моддасига асосан қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳисобланадилар:
1) келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва сажиясидан қатъи назар, ушбу Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар;
2) давлат йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республиксининг ҳудудида туғилган бўлсалар ёки доимий яшаганликларини исбот қилган бўлсалар, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмасалар ва ушбу Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлсалар;
3) ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахслар.
Демак шахсни Ўзбекистон фуқароси ҳисоблаш учун: “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонун кучга кирганда шахслар Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаётган бўлиши; бошқа давлатларни фуқароси бўлмаган бўлиши; Ўзбекистон фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлиши; маълум сабаблар билан шу даврда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган бўлса-ю лекин Ўзбекистонда туғилган бўлса ёки доимий яшаганлигини исбот қилса, бошқа давлатларнинг фуқароси бўлмаган бўлса; қонун кучга киргандан сўнг бир йил ичида Ўзбекистон фуқароси бўлиш истагини билдирса асосий шакл ҳисобланади.
Ота-оналарнинг фуқаролиги ўзгариб уларнинг ҳар иккаласи Ўзбекистон фуқаролигига ўтганида уларнинг ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ҳам Ўзбекистон фуқаролигига ўтади.
Ўзбекистонда доимий истиқомат жойига эга бўлган фуқаролиги йўқ шахсларнинг Ўзбекистонда туғилган болалари, агар улар Ўзбекистонда туғилса, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.
Ота-онаси номаълум бўлган, Ўзбекистон Республикасида яшаётган бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.
Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлишнинг муҳим воситаларидан бири – фуқаросиз шахсларни ёки чет эл фуқароларини ўз ихтиёрларига кўра Ўзбекистон фуқаролигига ўтишидир. Бунда шахс Ўзбекистон фуқаролигига ўтишни ихтиёр қилади, унинг илтимосини тегишли тартибда кўриб чиқиб, Республика Президента томонидан фуқароликка қабул қилинади. Қонунга асосан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш учун шундай истак билдирган шахслар олдига баъзи талаблар қўйилади.
Баъзи ҳолларда бу талаблар айрим кишиларга татбиқ қилинмаслиги ҳам мумкин. Масалан, Ўзбекистон фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс Ўзбекистонда туғилган бўлса ёки ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси Ўзбекистонда туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа унга нисбатан Ўзбекистонда беш йил яшаган бўлиши деган қоида татбиқ қилинмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан ҳам алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси олдида буюк хизматлари ёки фан техника ва маданият соҳасидаги катта ютуқлари бўлган, шунингдек, Ўзбекистон учун зарур касб ёки малакага эга бўлган айрим шахсларга ҳам, фуқароликка ўтувчилар олдига қўйиладиган талаблар қўйилмаслиги мумкин.
Туғилиши билан фуқароликка эга бўлиш бир неча кўринишларда бўлиши мумкин ва улар қонунда белгилаб қўйилган.
Туғилган пайтда ота-онаси Ўзбекистон фуқароси бўлган бола у қаерда Ўзбекистондами, чет мамлакатидами туғилишидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлади.
Ота-оналари турли давлат фуқароси бўлганларининг фарзандларини фуқаролиги эса турли йўл билан ҳал қилинади. Ота-онанинг фуқаролиги ҳар ҳил бўлганда агар бола Ўзбекистонда туғилса Ўзбекистон фуқароси бўлади, бола Республикадан ташқарида туғилса-ю, ота-онасидан бири шу вақтда Ўзбекистонда доимий истиқомат жойига эга бўлса бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.
Ота-онасиниг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган бўлса, агар бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлган бўлсалар, Ўзбекистон Республикасидан ташқарисида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви асосида белгиланади.
Ота-онасидан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган, бошқаси эса фуқаролиги йўқ шахс бўлган ёки номаълум бўлган тақдирда, бола қаерда туғилган бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.
Онасининг фуқаролиги бўлмаган болани отаси белгиланиб, у Ўзбекистон фуқароси бўлса 14 ёшга етмаган бола қаерда туғилган бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.