11. Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи давлат органлари. Фуқаролик масаласи Конституциявий институт шунинг учун унга тааллуқли кўпгина масалалар Конституцияда белгиланган, буларга аввалги бандларда тўхтаб ўтдик. Фуқаролик масалаларини ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти алоҳида роль ўйнайди. Ўзбекистон Конституциясининг Президент вазифа ва ваколатлари белгиланган 93-моддаси 22-бандида Президентнинг Республика фуқаролиги масаласини ҳал қилиш ваколати кўрсатиб қўйилган.
Унга асосан Ўзбекистон Президенти, Республикамиз ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Республика фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида; чет элларда яшаётган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Президентига тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган тақдирда уларни Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида; Ўзбекистон фуқаролигини тиклаш тўғрисида; Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш тўғрисида; Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Ички ишлар вазирлиги ва унинг ваколатли идоралари, Ўзбекистонда доимий яшовчи шахслардан Ўзбекистон фуқаролигига ўтиш ҳақида аризалар қабул қилади. Фуқароликка ўтиш учун келтирилган далил ва ҳужжатларни текширади. Аризани зарур ҳужжатлар билан Президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга йўллайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига мансублигини аниқлайди. Республикада яшовчи шахслар Республика фуқаролигини йўқотган ҳолларини кайд этади.
Фуқароликка оид аризалар фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзилиб, ариза доимий истиқомат қиладиган ички ишлар идораларига, чет элда эса тегишли дипломатик ёки консуллик муассасаларига топширилади.
Фуқаролик масаласини ҳал қилишда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари Комиссияси муҳим роль ўйнайди.
Бу комиссияни Президент тузади ва фуқароликка оид масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан шуғилланади.
Комиссия фуқароликка оид ариза ва тақдимномаларни кўриб чиқиш пайтида ариза берувчининг далилларини, тақдимноманинг мазмунини, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг хулосаларини ва бошқа ҳужжатларни холисона баҳолайди.
Агар фуқароликка ўтаётган шахс Қорақалпоғистон Республикасига бориб яшамоқчи бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг шу масала юзасидан фикрини эътиборга олади, шунингдек Қорақалпоғистонда унга иш, турар жой бериш имкониятини ҳам эътиборга олади.
Комиссия кўрилаётган иш бўйича тегишли давлат идораларидан, жамоат ташкилотларидан қўшимча материаллар талаб қилиб олишга ҳақли.
Комиссия ҳар бир ариза ёки тақдимнома юзасидан Президентга таклиф киритади, таклиф фуқароликка қабул қилиш ёки рад этиш мазмунида бўлиши мумкин.
Фуқаролик масалалари юзасидан Ўзбекистон Президенти Фармонлар қабул қилади. Фармонда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, фуқароликдаги ўзгаришлар (қабул қилиш, тиклаш, тўхтатиш) фармон чиқарилган кундан эътиборан бошланади.Такрорий ариза қоида тариқасида шу масалага оид аввалги ариза кўриб чиқилгандан сўнг бир йил ўтгач кўриб чиқилади.
Фуқаролик масалалари бўйича ариза бериш тартиблари “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунда батафсил белгиланган.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Конституцияга асосан Конституция ва қонунларда белгиланган бурчларни бажаришга мажбур.
Кўриниб турибдики, фуқаролик шахснинг ҳуқуқий ҳолатини аниқлашда муҳим шарт ҳисобланади. Шахс фуқаро бўлсагина, у барча ҳуқуқлардан тўла фойдалана олади ва жамиятни ривожланиши, мамлакатни хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бурчларни бажаради.
Шахснинг фуқаролиги уни дунёни қаерда яшашидан қатъий назар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга асос бўлади. Яъни фуқароларни фуқаросизларга нисбатан ҳимояланиш имкониятлари кенгрокдир.
1Bradley A.W., Ewing K.D. Constitutional and Administrative Law.Pearson Education Limited 2003. – P. 475