10. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати. Ўзбекистонда фақат Ўзбекистон фуқароларигина эмас, умуман ҳар қандай шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. Шунинг учун Конституцияда фақат фуқаро эмас, шахс, унинг ҳаёти, қадр-қиммати, шаъни ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади деб кўрсатилган.
Конституциянинг иккинчи бўлими эса “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари эркинликлари ва бурчлари” деб аталган бўлиб, ана шуни ўзи ҳуқуқ ва эркинликлар фуқаро бўлмаганларга ҳам тааллуқли эканлигини кўрсатади.
Конституциянинг муқаддимасида, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиши белгиланган. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларида эса, ҳар қандай шахс, қаерда яшашидан, қайси мамлакатнинг фуқароси бўлишидан қатъи назар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланиши белгиланган.
Халқаро ҳуқуқ қоидаларидан келиб чиқиб, Конституциямизга “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар” деган қоида киритилган (23-модда).
Ўзбекистон иштирок этган халқаро шартномаларда, икки томонлама шартномаларда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга содиклик мавжуд ва у мамлакатимизда турли сабаблар билан яшаб турган, чет эл фуқароларини, фуқаросиз шахсларни ҳуқуқларини таъминлашга асос бўлади.
Халқаро ҳуқуқ қоидаларини эътироф этишлик, мамлакатимиздаги чет эл фуқаролари ва фуқаросиз шахсларга барча шахсий, иқтисодий ҳуқуқларидан фойдаланишга имконият яратилганидан кўринади.
Чет эл фуқаролари ва фуқаросизлар яшаш ҳуқуқига дахлсизлик ҳуқуққига, виждон эркинлигига, меҳнат қилиш, билим олиш ва ҳоказо ҳуқуқларига эга ва улар давлат томонидан таъминланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролари бўлмаган шахслар бу бордаги ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан кафолатланади.
Хорижий мамлакатларда ушбу масалалар махсус қонунлар билан ҳам тартибга солинади13. Суд органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чет эл фуқаролари ҳамда фуқаросиз шахсларни ҳам ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистонда истиқомат қилувчи ва бошқа сабаблар билан Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқароларининг ҳуқуқлари, шу мамлакатларнинг Ўзбекистондаги ваколатли органлари томонидан ҳам қўшимча ҳимоя қилинади, таъминланади. Бу борада хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилинади.
Юқорида тилга олинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) мамлакатимизда яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда иштирок этади. Унга бу борада тегишли ваколатлар ва вазифалар юкланган. “Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари (Омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига асосан у Ўзбекистонда яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилиши юзасидан берилган шикоятларини кўриб чиқади. Шикоят юзасидан уни ҳал қилиш мақсадида ўз текширувини ўтказади. Шикоят асосли бўлса чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг талаби қондирилади, бу эса уни ҳуқуқи бузилишини олдини олади ёки ҳуқуқи бузилган бўлса бузилган ҳуқуқ тенгланади.
Хорижий мамлакатлар мисолида оладиган бўлсак, хорижликлар синфи 1981 йилги Британия Фуқаролиги Акти томонидан ифодалаб берилган. Бирлашган Қиролликдаги хорижликларга ҳам умумий қонунчилик татбиқ этилади ва уларнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилинади. Улар хорижликларга тааллуқли бўлган умумий ҳуқуқ ва ёзма қонунлар субъектидир, бироқ, Европа Иттифоқи фуқаролари бундан мустасно, чунки, уларга тааллуқли бўлган қоидалар Европа Иттифоқи қонунлари билан мувофиқ эмас. Кейинги истисно эса Бирлашган Қиролликка ташриф буюрган чет эл қуролли кучлари аъзоларига татбиқ этилади. Хорижликларнинг сиёсий ҳуқуқларига нисбатан баъзи чекловлар мавжуд: улар овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар (Европа Иттифоқи фуқаролари маҳаллий ва бутун Европа сайловларида овоз бериши мумкин); улар шаҳар кенгашлари ёки парламент аъзоси бўлолмайди, уларнинг қироллик тахти ҳузуридаги фуқаролик ва ҳарбий мансабларга тайинланишида ҳам чекловлар мавжуд. Бошқа чекловлар уларнинг Бирлашган Қиролликда рўйхатдан ўтган денгиз ва ҳаво кемаларига эгалик қилишини қамраб олади.
Бирлашган Қиролликдаги барча шахслар миллати ва миллий келиб чиқишига кўра камситилишни тақиқловчи Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенсияси ва 1976 йилги Ирқий Муносабатлар Акти орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила оладилар. Европа Иттифоқи қонунчилигида эса шартномалар татбиқ этиладиган тегишли соҳаларда (масалан, иш шароитларида) миллатига кўра Европа Иттифоқи фуқароларини камситиш тақиқланган.