Капитал қўйилмалар режаси капитал қурилиш режасининг етакчи бўлимидир. У тармоқлар бўйича ҳам, ҳудудлар бўйича ҳам ишлаб чиқилади ва халқ хўжалигининг мутаносиб ва комплекс ривожланишини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу режа қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
янги қурилишлар;
амалдаги корхоналарда ишлаб чиқариш қуввватларини ишга тушириш;
ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш асосий фондларини ишга тушириш;
қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми;
тугалланмаган қурилиш ҳажми.
Бу бўлимлар эса ўз навбатида ишга туширилаётган объект ва иншоотларнинг моҳиятига мос келувчи бир қатор техник-иқтисодий кўрсаткичларни ўз ичига олади. Бу кўрсаткичлар асосида келгусида капитал қўйилмаларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳисоб-китоб қилинади. Айтиб ўтиш керакки, бу бўлимлар маҳаллий ҳукумат органлари томоидан кўриб чиқилиб, тасдиқланадиган ҳудудий (минтақавий) капитал қурилиш режаларида ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу асосда у ёки бу минтақа (вилоят, шаҳар, туман) ўз қурилиш титул рўйхатларини шакллантиради. Бу рўйхатлар керакли лойиҳа-смета ҳужжатлари билан биринчи навбатда таъминланади.
Лойиҳа-тадқиқот ишларини режалаштириш- капитал қурилишни ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисмидир. У лойиҳа-тадқиқот ташкилотларининг давлат топшириқлари ва турли инвесторларнинг буюртмалари асосида шаклланадиган тематик иш режалари асосида амалга оширилади. Лойиҳа-тадқиқот ишлари капитал қурилиш учун ажратилган маблағлар ҳисобига, корхона ва ташкилотларнинг асосий фаолияти, бюджет ажратмалари ҳамда буюртмачи сифатидаги кооператив ва жамоат ташкилотларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Лойиҳа-тадқиқот ишларининг ҳамда лойиҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини ривожлантириш режаси қуйидаги бўлимлардан иборатдир:
1) лойиҳалаштириш топшириғи;
2) тематик режалар;
3) лойиҳа-тадқиқот ишларининг қиймат ва натура ифодасидаги ҳажми;
4) лойиҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини ривожлантириш (хусусий қурилиш).
Лойиҳа-тадқиқот ишларини режалаштиришда лойиҳалаштириш муддатлари, лойиҳа-тадқиқот ишларини асосида амалсоб-китоб қилиш ва уларни тасдиқлаш тартиби муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда қурилиш меъёрлари ва қоидалари (ҚМҚ), аввало бино ва иншоотларни лойиҳалаш муддатларининг меъёрлари муҳим роль ўйнайди.
Лойиҳа-тадқиқот ишларини режалаштириш қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
замонавий машина ва асбоб-ускуналарни, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва механизациялаш воситаларини ўрнатиш имкониятининг ҳисобга олинганлиги;
ҳажмий-режали ва конструктив ечимларнинг энг яхши вариантлари;
объектларни замонавий қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари асосидан қуриш;
лойиҳалаштириш ва қурилишнинг хорижий тажрибаси ютуқларининг ҳисобга олинганлиги.
Лойиҳаларда ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш бино ва иншоотлар, корхоналар ва бошқа халқ хўжалиги объектларини қуриш ва фойдаланишда максимал самара бериши лозим.
Қурилиш ишлаб чиқариши ва қурилиш-монтаж ташкилотлари қувватини ривожлантириш режаси - умуммиллий капитал қурилиш режасининг муҳим қисмидир. Ушбу режаси шакллантириш ва амалга ошириш нуқтаи назаридан уни шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчиси қурилиш ишлаб чиқариши режаси. Унга тармоқлар ва ҳудудлар бўйича қурилиш-монтаж ишларининг жами ҳажми киради. Иккинчидан, қурилиш-монтаж ташкилотлари қувватини ривожлантириш, бу бозор муносабатлари шароитида қурилиш-монтаж ташкилотларининг асосий вазифаси бўлиб, унда мавжуд имкониятларга асосланиш лозим.
Бу режа уч бўлимдан ташкил топган:
1) ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларини ишга тушириш;
2) пудрат асосидаги қурилиш-монтаж ишлари ҳажми;
3) қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ривожлантириш.
Агар ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларини ишга тушириш асосан натурал ўлчов бирликларида амалга режалаштирилаётган бўлса, у ҳолда қурилиш-монтаж ишлари ҳажми пуллик ифодада режалаштирилади. Бўларнинг ҳар иккови ҳам пудратчи қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ривожлантириш режаларига бевосита таъсир қилади. қурилиш ишлаб чиқаришининг режаси тегишли ишлаб чиқариш қувватлари билан таъминланган бўлса, уни асосли ва реал деб ҳисоблаш мумкин. Бу қоидадан салгина четлашиш ҳам режалаштирилаётган қурилиш дастурларининг барбод бўлишидан ёки уларнинг реал эмаслигидан далолат беради.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қурилиш ишлаб чиқариши режаси директив характерга эга бўлмайди ва аввалгидек режалаштириш органлари томонидан тасдиқланмайди. У қурилиш тармоқгининг аҳволи ва имкониятларининг концентрацияланган кўрсаткичи сифатида намоён бўлади. Унга асосланган ҳолда қурилиш индустриясининг ишлаб чиқариш қувватларига бўлган қўшимча эҳтиёжлари аниқланади.