13.2. Капитал қурилишни режалаштиришнинг турлари, мазмуни ва йўналишлари
Режалаштириш мақсад ва вазифаларни аввалдан белгилаш жараёни сифатида жорий ёки истиқболли бўлиши мумкин. Агар жорий режалаштириш қурилиш ишлаб чиқаришининг долзарб, кундалик фаолиятда юзага келадиган вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бўлса, истиқболли режалаштириш устивор йўналишларни прогнозлаш ва аниқлашга мўлжалланган бўлади.
Баъзи олим ва мутахассислар, айниқса бозор ва бозор муносабатларининг тарафдорлари режалаштириш билан бозор иқтисодиёти бир жойда мавжуд бўла олмайди, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки амалиётда, шу жумладан чет эл амалиётида режалаштиришнинг бозор иқтисодиёти шароитларида ҳам муҳим эканлиги тасдиқланмоқда. Бу ерда биргина тафовут бор бўлиб, оқилона хўжалик юритиш воситаси бўлган режалаштиришни назорат рақамлари, лимитлар ва чеклашларга асосланган аввалги маъмурий-буйруқбозлик тўзумидаги режалаштириш билан адаштириб юбормаслик керак. Шунинг учун режалаштириш - бу пухта ўйланган ҳисоб-китоб ва асослашларга асосланган қурилишни амалга ошириш ва олдиндан кўриш босқичидир.
Албатта, бозор шароитларида халқ хўжалигини ривожлантиришнинг аввалги бешйиллик режалари, 10-15 ва ундан кўп йиллик прогнозлари ҳозирда йўқ, аммо йилллик режа ва прогнозлар ўзининг аҳамиятини ва ўрнини йўқотмаган. Нафақат қурилиш, балки бошқа тармоқлар ҳам бугунги кунда йиллик ва индикатив режалар асосида фаолият кўрсатиб, ривожланмоқда. Уларсиз нафақат тармоқ, балки бутун миллий иқтисодиётнинг ривожланиш якунларини таҳлил қилиш ва хулоса қилиш, шу жумладан прогнозлар қилиш мумкин бўлмайди.
Капитал қурилишни режалаштириш бугунги кунда қуйидаги ташкилий поғоналарда амалга оширилади:
1) миллий иқтисодиёт миқёсида (давлат режалари);
2) тармоқлар миқёсида, шу жумладан қурилиш соҳасида;
3) ҳудудлар (минтақалар) миқёсида;
4) хўжалик субъектлари миқёсида.
Бундан келиб чиққан ҳолда, капитал қўйилмалар қурилишни молиялаштириш манбаи сифатида ҳозирги пайтда марказлашган ва марказлашмаган капитал қўйилмаларга ажратилади ҳамда кўп жиҳатдан қурилишдастурларини шакллантириш режаларини ва уларни амалга ошириш механизмини белгилаб беради.
Капитал қурилиш режаси халқ хўжалиги миқёсида қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
1) капитал қўйилмалар режаси;
2) лойиҳа-қидирув ишлари ва лойиҳалаштириш ташкилотлари ишлари режаси;
3) қурилиш ишлаб чиқариши ва қурилиш ташкилотлари қувватларини ривожлантириш режаси.
Бу йўналишлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, давлат миқёсида капитал қурилишнинг умумий тактика ва стратегиясини аниқлашга, қурилишнинг устивор йўналишлари ва рўйхатларини аниқлашга имкон беради. Уларда қурилишнинг номи, смета қиймати, лойиҳа қуввати ва муддатлари кўрсатилади. Титул рўйхатига киритилган объект албатта қурилиши шартдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |