Тупроқшунослик фанинг хозирги бозор муносабати даврида ўрни ва ахамияти.
Тупроқшунослик - тупроқ ҳақидаги фан бўлиб, табиий жисм ва ишлаб чиқариш воситаси ҳисобланган тупроқнинг келиб чиқиши, тузилиши, таркиби ва хоссалари, унумдорлиги ҳамда географик тарқалиши қонунларини ўрганади.
Тупроқнинг энг муҳим хоссаси - унумдорликдир. Тупроқ унумдорлигининг ривожланишида тирик организмлар, жумладан яшил ўсимликлар ва микроорганизмларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга. Шунга кўра тупроқнинг яна бир таърифини келтирамиз: «Иқлим ва тирик организмлар таъсирида ўзгарган ва ўзгараётган ҳамда унумдорлик қобилиятига эга бўлган ернинг устки ғовак қатламига тупроқ дейилади».
Унумдорлик тупроқнинг ўсимликларни турли озиқ моддалар, сув, ҳаво ҳамда иссиқлик билан таъминлаш қобилиятидир. Тупроқнинг тоғ жинслардан тубдан фарқ қиладиган ана шу сифат белгисини машҳур тупроқшунос олим ва агроном В.Р.Вильямс мукаммал ўрганган. В.Р. Вильямснинг тупроқ ҳақидаги таърифида ҳам унумдорлик хоссаси алоҳида таъкидланади: "Биз тупроқ ҳақида гапирганда ўсимликлардан ҳосил олишни таъминлайдиган ер шари қуруқлик қисмининг юқори ғовак горизонтларини тушунамиз".
Тупроқ бу қишлоқ хўжалигида асосий ишлаб чиқариш воситаси, қайта тикланмайдиган табиий ресурс ҳисобланади. Тупроқ инсоният жамиятига нисбатан икки хил аҳамиятга эга: биринчи томондан, бу физик муҳит, инсонларнинг яшаши учун, ҳаёт учун макон, иккинчи томондан - бу иқтисодий асос, ишлаб чиқариш воситаси. Шунинг учун уни асраб-авайлаб, ҳар доим унумдорлигини оширишга ғамғурлик қилиш керак. Кишилар томонидан ердан фойдаланиш масалалари социал-иқтисодга дахлдор катта ва мураккаб масалалар комплексидир, жумладан ерга эгалик масалалари, ер тўғрисидаги қонунчилик, ерга эгалик ҳуқуқи, ерни иқтисодий баҳолаш ва х.з. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1-чақириқ 11-12 сессиялари (30 апрел ва 28 август 1998 йил) да "Ер кодекси", "Давлат Ер кадастри тўғрисида" ги қонунлар муҳокама қилиниб қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда "Ер умуммиллий бойлик, Ўзбекистон Республикаси халқларининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади» деб кўрсатилган.
Тупроқ - инсонларни ардоқлаб, ноз-неъматлар билан тўйдираётган битмас-туганмас бойлик ҳамда зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли хом ашё етиштирадиган манбадир. Тупроқ юртимизнинг энг асосий бойлиги. Тупроқ ҳаёт учун қуёш, ҳаво ва сувдек зарур бўлиб, у биологик тирик жисм ҳисобланади.
Тупроқ қатлами биоқатламдаги ҳаётни турли салбий оқибатлардан ҳимоялашда ўзига хос экран ролини бажаради. Биосферанинг барқарор ҳолати тупроқ қопламининг нормал функцияси ва унинг муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқ. Тупроқнинг энг асосий вазифаларидан бири Ердаги ҳаётнинг мавжудлигини, давомийлигини таъминлашдир. Айнан, ўсимликлар, улар орқали эса ҳайвонот дунёси ва инсонлар ўзининг яшаши учун, биомассасини яратиш учун озиқа моддалар ва сувни тупроқдан олади. Тупроқда организмлар учун қулай ва зарур ўзлаштирилаоладиган кимёвий бирикмалар шаклида биофил элементлар тўпланади. Тупроқда барча ер усти ўсимликлари ривожланади, унда микроорганизмлар ва турли хил жониворлар озиқланади. Тупроқсиз ердаги тирик организмларнинг табиий ассоциацияси фаолият кўрсата олмайди. Энг муҳими, бунда биосфера жараёнларининг бирлигини яъни: тупроқ бу ҳаётнинг маҳсули ва шу билан бирга унинг мавжудлигининг шарти .
Экосистемада яъни инсон яшайдиган табиий муҳитда, тупроқ муҳим аҳамиятга эга, қайсики айнан тупроқ уларни истеъмол қиладиган асосий озиқа массаси билан таъминлайди.
2. Тупроқ ер шарининг барча қобиқлари ҳаётида катта роль ўйнайди ва қатор вазифаларни бажаради. Айниқса тупроқ қопламининг қатламнинг ажралмас қисми сифатидаги хилма-хил кўплаб вазифалари алоҳида аҳамиятга эга. Тупроқ қопламининг биоқатламдаги асосий (бошқалар билан алмаштириб бўлмайдиган) вазифалари қуйидагилардир:
1). Тупроқнинг биоэкологик вазифаси - тупроқ экология манбаи ва муҳит бўлиб, унда кўплаб органик моддалар тўпланади. Академик В.А.Ковданинг ҳисобича ер юзасида (асосан ўрмонларда) тўпланадиган биологик қисм миқдори қарийб н·1013 тоннани ташкил этади. Ер ости илдиз қисми ҳамда ҳайвонот ва микроорганизмлар фаолияти билан боғлиқ органик моддалар миқдори бундан кам эмас.
2). Тупроқ қатламининг биоэнергетик вазифаси. Тупроқ қопламини ўз ичига олувчи экологик системада ўсимликлар ҳар йили ерда тахминан н·1017 ккал миқдордаги кимёвий актив энергия тўплайди. Тупроқнинг ўзида органик моддалар (детрит, гумус-чиринди)да н·1018 ккал миқдорида энергия тўпланади.Ҳар бир тонна гумус 5 ·106 ккал потенциал энергияга эга 1 г гумус 4,5-5 ккал кимёвий энергия сақлайди.
3). Тупроқ қопламининг азот оқсил тўплаш вазифаси. Тупроқ - ўсимлик тарзидаги экологик система, атмосферадаги молекуляр Н ни тўплаб, уларни аминокислотлар ва оқсилларга айлантириш хусусиятига эга. Ер юзаси қуруқлик қисми тупроқларидаги азотнинг биологик фиксацияланиши ҳар йили 140 млн.т.ни ташкил этади.
4). Тупроқ қопламининг биокимёвий вазифаси - тупроқда тўпланадиган биойиғилма турли кимёвий элементлар ва улар бирикмаларининг манбаи ҳам ҳисобланади. Ўсимликларнинг илдиз системаси тупроқнинг пастки қисмларидан кўплаб кимёвий элементлар (С, Н, H, О, П, Cа, К, Мг, Ал сингари) ни сўриб олади ва тупроқ қатламларида тўплаш имкониятини беради.
5). Тупроқ қатламининг гидрологик вазифаси - тупроқ қопламининг ер гидрологик циклидаги ва гидросферадаги роли ҳам ниҳоятда катта. Тупроқ қопламида атмосфера ёғинлари тўпланади, буғсимон сувлар конденсацияланиб эркин сувга айланади.
6) Тупроқ қопламининг атмосфера газ таркибига таъсири вазифаси - тупроқ қопламининг ер шарининг газ режими ва атмосфера таркибининг шаклланишида, фотосинтезда, карбонат ангидридининг бирикиши, азот тўплаши, кислород ва водороднинг тўпланишида, денитрификация, десульфофикацияда, оксидланиш ва нафас олишида, карбонат ангидриднинг атмосферага қайтиши ва айланиши каби жараёнларида ҳам катта роль ўйнайди.
Тупроқ қоплами биоқатламдаги ҳаётни турли салбий оқибатлардан ҳимоялашда ўзига хос экран ролини бажаради. Биосферанинг барқарор ҳолати тупроқ қопламининг нормал функцияси ва унинг муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |