Мавзу: Муаммоли таълим технологиялари.
РЕЖА:
Муаммоли ўқитиш моҳияти, вазифаси.
Муаммоли вазият турлари.
Муаммоли технологияни амалга ошириш омиллари.
Муаммоли ўқитиш моҳияти, вазифаси.
Муаммоли таълим янгилик эмас, унга 1894 йилда америкалик файласуф, психолог ва педагог Дж. Дьюри (1895-1925) томонидан асос солинган. У Чикагода экспериментал мактаб ташкил этар экан, талабаларнинг қобилиятларини ўрганиб, уларни тўрт гуруҳга ажратади: ижтимоий, конструкциялаш, бадиий, тадқиқотчилик.
Тадқиқотчилик хусусиятига эга бўлган болаларга тадқиқот олиб бориш, муаммоларни ечимини топиш, амалий тажрибалар ўтказиш асосида таълим уюштирилади. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига ўзлари мустақил равишда жавоб топишга ҳаракат қиладилар. Бундай ёндашув жуда яхши натижаларни кўрсатди.
Бугунги кунда муаммоли таълим тушунчаси остида ўқув жараёнида ўқитувчи томонидан вужудга келтирилувчи муаммоли масалаларга ечимни топиш ва ўқувчи-талабани фаол ижодий меҳнати тушунилади. Муаммоли вазиятларни ечимини топиш талабаларда мустақил фикр юритиш, иш жараёнида вужудга келувчи турли муаммоларни ечимини тез топиш қобилиятини ривожлантиради. Шунинг учун ҳам фан–техника тез ривожланаётган ва билимларимиз тез ўзгараётган бир даврда муаммоли таълим масаласи долзарб бўлиб бормоқда.
Бугунги кунда олимларимиз миянинг ишлаш механизмларини ўрганар эканлар қуйидаги хулосаларга келмоқдалар:
Мия ҳужайралари сон жиҳатидан доимо бир хил бўлади, аммо уларни машқ қилиш оркали, ақлий меҳнатни бажариш орқали мия ҳужайраларининг сифатини ўзгартириш мумкин. Ёшликда мия ҳужайралари машққа берилувчан бўлади. Агар беш ёшгача бола икки тилни ўрганса, яъни мия фаол ишласа, келажакда у иқтидорли болалар қаторига қўшилиш имкони бир неча баробар ортади. Агар 15 ёшгача уч тилни ўрганса, унда бу боланинг миясини ишлаш самараси янада ортади. Биз биламизки, бугунги кунда инсон миясининг ўртача 0,5% имкониятидан фойдаланилади. Ақлий меҳнат билан шуғулланувчи баъзи олимлар миянинг 10 % имкониятидан фойдаланади. Оламшумул кашфиётлар қилган буюк инсонлар миясининг 15-20 % имкониятидан фойдаланган.
Миянинг фаол ишлаши нафақат ақлни ўткирлаштиради, балки шахснинг саломатлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Мия фаол ишлаганда ўзидан кучли қувват ишлаб чиқаради ва бу қувват организмни энергетик ҳолатига таъсир кўрсатади ва биологик жараёнларни боришига ўз таъсирини ўтказади. Ақлий фаолият организмда биологик қариш жараёнини секинлашишига ёрдам беради. Чунки мия фаол ишлагач, руҳиятда янгиланиш содир булади, бу эса жисмоний танада ўз аксини топади. Демак, муаммоли таълимни жорий этиш тарбияланувчиларни нафақат ақлини, балки бутун жисмини тарбиялайди.
Бугунги кунда касбий тайёргарлик жараёнида талабаларни айнан муаммоларни ҳал этишга, масаланинг ечимини мустақил топишга ўргатиш долзарб масала эканини биламиз. Чунки бугунги кунда фан-техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланиб борар экан, мавжуд билимларимиз тез-тез янгиланиб боради. Бу ҳолат биздан фақат фундаментал билимларни тушуниб ўрганишни эмас, балки фикрлаш рефлексини ривожлантиришни ҳам талаб этади.
Муаммоли таълим тизими айнан ана шу фикрлаш рефлексини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ақлий фаолиятни фаоллаштиради. Маълумки ақлнинг уч тури ажратилади:
1. Концептуал ақл – ҳодисаларнинг мантиқий, математик, лингвистик масалаларини яхши ҳал қилиш имконини туғдиради.
2. Эстетик ақл – ҳодисаларнинг шаклини билишга интилиш, лекин ҳар доим ҳам уларнинг сабаблари билан қизиқмаслик.
3. Ижтимоий ақл (социал) – асосий диққат шахслараро муносабатларда жамланган бўлади, шунингдек инсон тақдири, мақсадлар ва қадриятлар билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда алоҳида ўрин эгаллайди.
Муаммоли таълим ҳам ана шу ақлнинг қай бирини ривожлантиришга қаратилганлиги билан бир–биридан фарқ қилиши мумкин. Лекин таълим жараёнида биз кўпинча концептуал ақлни ривожлантиришга интиламиз. Бу борада кўплаб педагогик технологиялар ишлаб чиқилган, аммо ижтимоий ақлни ривожлантиришга жуда кам эътибор қаратилади. Агар ижтимоий ақл жамиятни ривожида жуда катта аҳамият касб этишини эсласак, бу кечириб бўлмас камчилик эканини англаб етамиз.
Муаммоли таълим дейилганда, ўқитувчи раҳбарлигида муаммоли вазият вужудга келтирилиб, мазкур муаммо талабаларнинг фаол мустақил фаолияти натижасида билим, кўникма ва малакаларни ижодий ўзлаштириш ва ақлий фаолиятни ривожлантиришга имкон берадиган таълим жараёнини ташкил этиш назарда тутилади.
Муаммоли таълимнинг муваффақияти қуйидаги омилларга боғлиқ:
Ўқув материалини муаммолаштириш;
Талабаларнинг билиш фаолиятини фаоллаштириш;
Таълим жараёнини ўйин, меҳнат фаолияти билан уйғунлаштириш;
Ўқитувчи томонидан муаммоли методлардан ўз ўрнида ва самарали фойдаланиш кўникмасига эга бўлиш;
Муаммоли вазиятни ҳал этиш юзасидан муаммоли саволлар занжирини тузиш ва мантиқий кетма-кетликда талабаларга баён этиш.
Олий ўқув юртлари таълим жараёнида салмоқли ўрин эгаллаган муаммоли (ақлий ҳужум) дарс, мунозарали (илмий мунозарали ва эркин фикрлаш) дарслари муаммоли таълим технологиясига мисол бўла олади. Мазкур дарсларнинг ўзига хос жиҳати дарс давомида вужудга келтирилган муаммоли вазиятларга асосланади.
Муаммоли методлар муаммоли вазиятларни вужудга келтириб, талабаларнинг муаммони ҳал этиш, мураккаб саволларга жавоб топиш жараёнида алоҳида объект, ҳодиса ва қонунларни таҳлил қилиш кўникмалари ва билимларни фаоллаштиришга асосланган фаол билиш фаолиятини тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |