Муаммоли таълим мураккаблигига кўра турли даражада бўлиши, яъни ташкил этилиши мумкин. Бу талабаларнинг тайёргарлик даражасига, билим даражасига ва фикрлаш қобилиятининг ривожланганлик даражасига боғлиқ ҳолда танланади.
Муаммоли таълимнинг биринчи даражаси – ўз ҳолича вужудга келиб қолган муаммолар бўлиб, турли дарс типларида ва турли вазиятларда сурункали ҳолда вужудга келади ва ўз ечимини кутади.
Муаммоли таълимнинг иккинчи даражасида – ўқитувчи томонидан муаммо вужудга келтирилади ва талабалар томонидан ечилади. Бу ҳолда талабалар муаммони ечиш усулини кузатадилар ва пассив ҳолатда бўладилар. Улар муаммони ечиш малакаси билан танишадилар.
Муаммоли таълимнинг учинчи даражасида – талаба томонидан муаммоли вазият ташкил этилади ва муаммо ўртага ташланади. Талабалар томонидан мустақил равишда ечим топилади. Бунда талабалар фаол иштирок этадилар ва уларда мустақил ва ижодий фикрлаш рефлекси ривожланади.
Муаммоли таълимнинг тўртинчи даражасида - муаммоли вазиятни ҳам, муаммонинг ечимини ҳам талабалар ўзлари ташкил қиладилар. Улар мавзудаги мавжуд муаммони кўра олишга ва унинг ечимини мустақил равишда топа олишга ўрганадилар. Бу муаммоли таълимнинг энг юқори даражаси ҳисобланади. Чунки талабалар ижодий фикрлашга ўрганадилар. Бу ҳолда талабалар ўта фаол ҳолатда бўладилар. Ўқитувчи эса кузатувчи ва баъзан йўналтирувчи сифатида майдонга чиқадилар.
Муаммоли таълимни ташкил этишга кўпгина омиллар таъсир кўрсатади. Шунинг учун ўқитувчи хоҳлаган вақтида уни ташкил этиш имконига эга бўлмайди. Муаммоли таълимни ташкил этиш учун, айниқса учинчи, тўртинчи даражасида алоҳида шароит талаб этилади. Муаммоли таълимни ташкил этиш учун шарт–шароитлар қуйидагилардан иборат:
1. Талабалар маълум билимлар билан қуролланган бўлиши ва ана шу билимлардан фойдалана билиши лозим.
2. Талабалар муаммони ечиш малакасига эга бўлиши талаб этилади.
3. Танланган мавзу муаммоли характерга эга бўлиши талаб этилади.
4. Ўқитувчидан мавзуни тўла ўрганиш ва муаммоли вазиятларни ишлаб чиқиш талаб этилади.
5. Талабалар сони чегараланган бўлиши лозим.
Муаммоли вазиятлар мазмунига кўра қуйидагича тавсифланади:
1. Мақсад номаълум – уни аниқлаш керак.
2. Фаолият объекти номаълум – уни аниқлаш керак.
3. Фаолият усули номаълум – уни аниқлаш керак.
4. Фаолиятни бажариш шартлари номаълум – уни аниқлаш керак.
Ўқув жараёнида ўқитувчи муаммоли вазиятларни вужудга келтириш учун уларни ташкил этиш технологияси билан таниш бўлиши керак. Албатта бу вазифа мавзунинг характеридан келиб чиққан ҳолда бажарилади. Муаммоли вазиятларни қуйидаги турлари бор:
Кутилмаган фавқулодда – ҳайратланарли вазият.
Низо вазияти.
Фараз қилиш вазияти.
Инкор қилиш вазияти.
5. Номуттаносиблик вазияти. (амалий ва назарий билимларнинг бир-бирига тугри келмаслиги, ёки эски билимларнинг янги билимларга тўғри келмаслиги.
6. Танлаш вазияти.
7. Изланувчи ва тадқиқот ишлари ўтказиш ҳам муаммоли вазиятларидан бўлиб ҳисобланади.
Муаммоли таълим бир қанча ижобий хусусиятларга эга. У талабаларни мустақил фикрлашга ўргатади. Бу эса бугунги ахборотлар оқими даври учун ўта муҳим. Фикрлаш рефлексни, ижодкорликни ва қизиқишни ривожлантиради. Ўзлаштирилган билимларни пухта бўлишига ёрдам беради. Талабаларни фаоллаштиради ва касбий тайёргарликни мустаҳкамлайди. Аммо бу таълимнинг бир мунча чегараланганлик томонлари ҳам йўқ деб бўлмайди. Муаммоли таълимни ташкил этиш ва ўтказиш бир мунча кўпроқ вақт талаб этади. Барча мавзуларни бу усулдан фойдаланган ҳолда ташкил этиб бўлмайди. Талабалар сони чегараланади. Ўқитувчи дифференциал ва индивидуал ёндашувни ишлаб чиқмаса, баъзи пассив талабалар четда қолиб кетади.
Талабалар муаммоли таълимга тайёр бўлмаса бу усулда ўқув жараёнини ташкил этиш қийин.
Намуналар.
Фавқулотда вазият:
1. Бухгалтерия ҳисоб-китоб сўми текширилганда 10 000 сўм кўпроқ пул миқдори чиқиб қолди. Ушбу вазиятни қандай қилиб ечиш мумкин?
2. Буғдой омборида ёнғин бўлиб, давлат кўп миқдордаги буғдойни йўқотди, бундай иқтисодий ҳолатдан чиқиб кетиш учун қандай чораларни кўриш мақсадга мувофиқ?
Низо вазияти:
1. Корхона чет элга тозаланган ярим ишлов берилган пахта юборди. Маҳсулотни чет элга етиб келгунига қадар сифатини бузилмаслигига бўлган жавобгарликни чет эллик портнёрлар ўз бўйнига олди. Лекин барча эҳтиёт чораларига қарамасдан маҳсулотни сифати паст эканлиги аниқланди. Портнёрлар корхонадан паст сифатли маҳсулот юборилган деган айблов коғози юборишди. Ушбу низони қандай қилиб ҳал этиш мумкин?
2. Деҳконлар билан нормадан ташқари қолган ҳосилни ўзларининг хоҳишлари бўйича ишлатишлари мумкин деб шартнома тузилган эди, аммо ҳосил пишган вақтда унинг ҳаммаси олиб қўйилди. Деҳқонлар ва маҳаллий ҳокимият ўртасида низоли вазият келиб чикди. Бу низони қай йўсинда ҳал этиш мумкин?
3. Фараз қилайлик, Ўзбекистон территорияси очиқ сув ҳавзасига бевосита чиқа олиш имконига эга бўлди. Бу иқтисодий ривожланишда қандай ўзгаришларни келтириб чиқаради.
4. Фараз қилайлик, банк компьютерига вирус тушиб барча маълумотлар ўчиб кетди. Бундай ҳолатда қандай чора-тадбирларни кўриш муаммони ечимини топишга ёрдам беради.
Инкор вазияти:
1. Иқтисодий жиҳатдан бўш бўлган корхона чет эллик корхоналар билан ҳамкорликда иш олиб борсагина ўзининг иқтисодий шароитини тиклаб олади деган қарорни таҳлил қилинг ва ўз ечимингизни беринг.
2. Ўзбекистонда бугунги кунда «УСТ» га аъзо бўлишга тайёр деган қарорни талабалар инкор этишлари лозим.
Танлаш вазияти:
1. Бугунги кунда пулнинг қадрсизланишини олдини олиш бўйича мавжуд бўлган чоралардан қайси бирини танлаш лозим.
2. Деҳқончиликда бугунги кунда қайси маҳсулотларни етиштириш маъқул?
Номуттаносиблик вазияти:
1. Ўқув жараёнида ўрганган билимларимиз амалиётга тўғри келмай қолди бундай номуттаносибликнинг сабабини аниқланг?
2. Иқтисодий назариясидан бизга маълумки бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг иқтисодиётга аралашуви минимал бўлиши керак. Ўзбекистон танлаган йўлда эса бозор муносабатларига ўтиш жараёнида давлат бош ислоҳотчи вазифасини бажаради. Мана шу номуттаносибликни таҳлил қилинг?