Бугунги давр, яъни XXI-асрнинг ибтидосидаги глобал жараёнлар Марказий Осиё минтақасидаги суверен давлатларнинг иқтисодий ва маданий жиҳатдан интеграциялашув жиҳатларининг тезлашувини ҳар томонлама таъминлади. «Интеграция ва глобаллашув жараёнларининг ривожланиб бориши халқаро ва миллий ҳуқуқнинг ўзаро ижобий ҳамкорлигида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шуларнинг ҳаммаси оқибатида халқаро ҳуқуқ нормалари устунлиги принципи ривожлана бориб, муштарак, энг ибратли жиҳати эса конституциявий принципга айланмоқда». Ушбу жиҳатлар минтақада яшовчи туб миллатлар вакиллари орасида қўшимча масъулият ва вазифаларни ҳам қўядики, бу вазифаларнинг ижобий ечими жамиятнинг этноижтимоий, иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Булар албатта, минтақадаги давлатларнинг ҳар томонлама ҳамкорлиги ҳамда миллатлараро ҳамжиҳатликнинг позитив ривожига асосланган яхши қўшничиликдир. Шу билан бир қаторда миллий давлатчилик ҳудудларида этник ҳамжиҳатлик асосида яхлит фуқаровий бирликни таъминлаш этносиёсий тараққиётда муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай барқарорлик ривожини таъминловчи асосий омиллардан бири – глобал аҳамият касб этувчи ўзаро бағрикенглик тамойилидир. Миллий бағрикенглик – минтақа халқлари менталитетида муҳим қирра ҳисобланиб, бу хусусият асрлар давомида этноижтимоий тараққиёт ҳамда минтақа халқларининг бирлигини таъминлаб келган. Умид билан айтиш керакки, ана шу бағрикенглик Марказий Осиё давлатларида ўзаро интеграциялашув жараёнларининг ижобий ривожини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Миллатлараро ҳамжиҳатлик Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий характер касб этиши билан бир қаторда глобал, яъни планетар характерга ҳам эга. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш минтақада тинчлик ва барқарорликнинг сиёсий-ҳуқуқий кафолати сифатида, ўзаро яқин этногенетик асосга эга бўлган халқларнинг миллий анъана ва маданиятларини тарғиб этиб, минтақада ижтимоий-маданий омиллар ривожида ҳамда жамиятнинг умуминсоний қадриятлар сари трансформациялашувида асосий роль ўйнайди.
Минтақа халқларига хос этнотарихий омиллар ҳам этноижтимоий ҳамжиҳатликнинг барқарор характерга эга эканлигини таъминлайди. Чунончи, ўнлаб асрлар давомида Марказий Осиё ҳудудида ўзига хос этник маданият, турмуш тарзи ва анъаналар шаклланиб, асрлар давомида ривожланиб борди. Айниқса Шарқ ва Ғарб орасида савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилгач, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган минтақамиз халқлари жаҳоннинг турфа халқлари билан савдо-хўжалик, шу билан бир қаторда маданий алоқаларни ҳам ривожлантириб борди. Ана шундай ижтимоий-маданий ва савдо иқтисодий тараққиёт туфайли минтақадаги кичик этник бирликлар йирик этнос сифатида шаклланиб бордилар.
Албатта, ҳар-бир этник бирлик ўзига хос шаклланиш ва этник ривожланиш тарихига эга. Н.И.Конрад таъбири билан айтганда: «Ҳар бир халқ, миқдор жиҳатидан катта ёки кичик бўлишидан қатъий назар такрорланмас хусусиятларни ўзида мужассам этган ўзига хос тарихга эга. Ҳатто айтиш мумкинки, инсоният тарихи ана шундай кичик халқлар тарихидан ибтидо олади». Минтақада яшовчи барча халқлар ва этник гуруҳлар тарихи умуминсоният тарихининг ажралмас қисми бўлиши билан бир қаторда, инсоният тарихининг ибтидоси бевосита бизнинг аждодларимиз босиб ўтган этнотарихий тараққиёт, демак, бизнинг этник тарихимиз билан чамбарчас боғлиқдир.
Минтақада бугунги этноижтимоий ҳолат этник барқарорликнинг доимий ва давомийлигидан далолатдир. Шу билан бир қаторда минтақада этник тараққиётнинг сифатий жиҳатларини янада устувор таъминлаш мақсадида қуйидаги жиҳатларга асосий эътибор қаратиш талаб этилади:
Минтақадаги барча миллат ва этник гуруҳ вакилларини этноижтимоий ҳамкорликнинг кейинги ривожини таъминлашга жалб этиш;
Этник ўзликни англаш билан бир қаторда умумийлик жиҳатларга мансубликнинг конкрет ҳолатини аниқлаб, этноижтимоий гуруҳларга хос бўлган этномаданий хусусият ва хислатларнинг позитив ҳамда негатив жиҳатларини аниқлаб, ижобий хусусиятларнинг устунлик мавқеини таъминлаш;
Этник гуруҳлар, миллатлар ва ҳудудий бирликлараро муносабатларни мувофиқлаштириш учун трансмиллий этноижтимоий институтлар фаолиятини жонлантириш;
Этник хусусийлик ва умумийлик жиҳатларини, шунингдек, Марказий Осиё халқлари менталитетидаги умумижтимоий хислатларни ўрганиш мақсадида комплекс тадқиқотларни амалга ошириш;
Миллий маданиятларнинг кўпқирралилигини таъминлаш мақсадида минтақада этник интеграциялашув жараёнларининг индикатори бўлиб ҳисобланган Миллий Маданий Марказлар фаолиятига кенг эътибор қаратиш;
Минтақа халқларида умумфуқаровий, яхлит менталитет ва умумий ҳудудга мансублик хислатлар ривожини Миллий Маданий Марказлар, зиёлиларнинг ўзаро учрашуви, адабий ва маданий декадалар ҳамда сиёсий тадбирлар орқали ривожлантириб бориш.
Юқоридаги жиҳатларга эътибор қаратиш, халқларимиз орасида ўзаро этноижтимоий ҳамжиҳатлик ривожига хизмат қилувчи позитив омиллар бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |