5.5. Вексел билан ҳисоб-китоб қилиш. Вексел – бир шахс томонидан иккинчисига ёзиб берилган қарз мажбуриятини ифодаловчи қимматли қоғознинг бир шаклидир. Векеселни ҳар қандай тўловга қобилиятли шахс ёзиб бериш хуқуқига эга. Вексел сотилиши, кредит сифатида берилиши ва бирон-бир олди-сотди битимида ҳисоб-китоб, тўлов воситаси сифатида ишлатилиши мумкин.
Вексел тижорат ва хазина векселларига бўлинади. Тижорат векселлари (корхона ва бошқа субъектларнинг векселлари) аниқ бир савдо шартонмаси учун ёзилади. Шунинг учун ҳам уни кўпрок товар векселлари ҳам деб юритилади. Хазина векселлари давлат томонидан давлат бюджети камомадини қоплаш учун чиқариладиган қисқа муддатли мажбуриятдир. Хазина векселлари Англияда давлат карз мажбуриятларини 20 фоизини, АҚШда 10 фоизини ташкил этади.
Қулланилиши нуқтаи назаридан векселлар ўтказма ва оддий векселларга бўлинади.
Ўтказма вексел – товар олди-сотдисида ёзилган вексел берувчининг товарининг пулини векселни қабул қилиб олувчига (яъни, товар эгасига) учинчи бир шахс томонидан тўлаб берилиши лозимлигини (вексел берувчининг буйруғини) ифодаловчи ёзма хужжат. Вексел берувчи фақат тўлаб берувчида (учинчи шахсда) мулки, пули бўлган холатдагина ўтказма векселни ёзиб бера олади.
Оддий вексел – бир кишининг (вексел берувчининг) бошқа бир маълум шахсга (дастлабки олувчига) ёки унинг буйруғи билан сўзсиз равишда белгиланган муддатда ёки талаб қилинган вақтда маълум пул маблағини тўлаш мажбуриятини ўз ичига олган ёзма хужжатдир.
Оддий вексел ҳам, ўтказма вексел ҳам индоссамент (топшириш ёзуви) ёрдамида дастлабги битимга иштирок этмаган шахсларга ўтказилиши мумкин. Вексел бўйича талаб қилиб олиш хуқуқини кенг талабгорлар грухига беора олиш имконияти векселни на фақат кредит қуроли, балки қулай тўлов воситасига айлантиради.
Вексел билан ҳисоб -китоб қилиш, тўлов тизимини вужудга келтиришни Республикамизда бир неча босқичда амалга оширилган эди. Дастлабги боскичда тижорат банклари ва айрим тўловга қобили хўжалик субъектлари (корхоналар) томонидан чикарилган векселлар жорий этилди. Дастлаб қишлок хўжалиги махсулотларини ишлаб чиқарувчи ва уни қайта ишловчи хўжаликларга – кўп маблағ талаб корхона ва ташкилотларга рухсат берилди.
Иккинчи босқичда банклар бир-бирининг векселларини ҳисобга олиш ва улар бўйича тўлаш ҳақида шартномалар тўзиш йўли билан ягона вексел майдонини кенгайтирди ва ликвидликни оширди.
Кейинги боскичда эса, ҳисоб-китоб ва тўлов воситаси сифатида корхона ва ташкилотларнинг тижорат векселларидан кенг фойдаланишга ўтилди.
Тўртинчи босқичда векселларни Марказий банк томонидан қайта ҳисобга олиш (тижорат банкларнинг портфелида мавжуд бўлган векселларни ҳисобга олиш) операцияларини амалга ошириш назарда тутилган эди.
1996 йилда Ўзбекистоннинг 13 та тижорат банкларига ўз векселларини муомалага чиқариш учун Марказий банк томонидан рухсат берилган. Фонд бозорига банклар томонидан 5100 милл. сўмлик векселлар таклиф қилиниб, унинг 3917,5 милл. сўмлиги (76,8 фоизи) амалда реализация қилинган. Реализация қилинган векселларнинг 83,2 фоизи сотилган, қолган қисми кредит тариқасида берилган.