Артур Пигу (1877-1955) А. Маршаллнинг издоши ва шогирди бўлган. Унинг аҳолини иш билан бандлик соҳасидаги асосий асари – «Ишсизлик назарияси» бўлиб, бу асар 1933 йилда чоп этилган. Бу асарда аҳолини иш билан бандлиги тўғрисидаги классик назариянинг асосий қоидалари анча тўлиқ баён этилган эди. А. Пигунинг фикрича, ишсизликнинг сабаби иш ҳақининг юқори даражасидир, иш ҳақининг қисқариши эса иш билан бандликни оширади, чунки ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради ва қўшимча ишчиларни ёллаш учун имконият яратади. Унинг фикрича, ишлаб чиқариш харажатларининг камайиши товарлар нархини умумий равишда пасайиши ва иш ҳақи ҳисобига тирикчилик ўтказмайдиган аҳоли гуруҳларининг харид қилиш қобилиятини оширишга олиб келади.
Бундай ғоя қўшимча талабни вужудга келтиради ва ишлаб чиқаришни ҳам, иш билан бандликни ҳам кенгайишини рағбатлантиради. А. Пигунинг фикрича, иш билан бандлик ҳажмини белгиловчи бошқа омил меҳнатга бўлган ҳақиқий талаб функциясидир. Пировардида ушбу фикрини ривожлантириб, у қуйидагича хулосага келади: Ёлланма ходимлар орасида мутлақо эркин рақобат мутлақо ҳаракатчан меҳнат мавжуд бўлганда мавжуд бўлади, бундай ҳолда ўзаро алоқалар хусусияти (ходимлар талаб қиладиган реал иш ҳақи ставкалари билан меҳнатга бўлган талаб ўртасидаги алоқа) жуда оддий бўлади. Ишлаб чиқаришда ҳамма иш билан банд бўлиши учун иш ҳақи ставкалари билан талаб ўртасида ана шундай нисбат ўрнатилиши унумдорликка бўлган кучли интилишнинг доимий равишда амал қилишига олиб келади.
А. Пигу «ихтиёрий ишсизлик назарияси» тарафдори бўлганлиги сабабли, у ишчиларнинг ўзлари ихтиёрий равишда ўзларини ишсизликка маҳкум этадилар, бозордаги талаб ва таклиф натижасида вужудга келадиган «нормал» иш ҳақи учун ишлашга рози бўлмайдилар деган хулосага келади.
2. Неоклассик назарияларида аҳолининг иш билан бандлиги масалалари
Кейнс назарияси қанчалик машҳур бўлишига қарамай, XX асрнинг 80-йилларига келиб, инқирозга учрай бошлади. Бу назарияга мувофиқ жами сарф-харажатларнинг ўсиши натижасида ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши, ривожланган мамлакатларда ҳам иқтисодий ўсишни рағбатлантирди ва бу билан ишсизликнинг ортиб бориш тенденцияси бирмунча пасайтирилди. Урушдан кейинги йилларда (то 70-йилларга қадар) капиталистик мамлакатларнинг ривожланиши бу қоидаларни тўлиқ тасдиқлади – ишсизлик ва инфляция камдан-кам ҳолларда содир бўлди. Бироқ жаҳондаги иқтисодий ривожланиш 70-йилларда иқтисодиётда юқори инфляцияга олиб келди.
Инглиз профессори А. Филлипс инфляция ва ишсизликнинг бир-бирига боғлиқлигини эмпирик тарзда (тажрибага асосланиб) таҳлил қилар экан, у инфляция суръатлари билан ишсизлик даражаси ўртасида тескари пропорционал ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлади. У ана шу боғлиқликни аввало «оддий ёки илк» эгри чизиқ шаклида тақдим этди. Кейинчалик эса унга айрим тузатиш киритиб, ушбу боғлиқликни аниқлаштирди. Ана шунинг учун бу боғлиқликни белгиловчи расмларни унинг шарафига Филлипс эгри чизиғи деб аталадиган бўлди.
Филлипснинг фикрича, инфляциянинг катта даражасига ишсизликнинг камроқ даражаси мос келади ва аксинча, юқори даражадаги иш билан бандлик фақат юқори инфляция шароитидагина бўлиши мумкин. Иқтисодий сиёсатни белгиловчи ва амалга оширувчи давлатдан кишиларнинг вазифаси энг оптимал муқобил ечимни танлашдан иборатдир. Бу ерда мазкур масала бўйича олимларнинг фикрлари бир-биридан фарқ қилади. Айримларнинг фикрича, инфляциянинг анча юқори даражаси ва ишсизликнинг бирмунча камроқ даражаси яхшироқ экан. Бироқ инфляциянинг ортиши аҳолининг барча қатламларига дахлдор бўлади ва кўпчиликнинг турмуш даражасини ёмонлаштиради, ҳолбуки ишсизлик кучли зарба берса ҳам, ҳаммага тааллуқли бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |