Фалсафий ғоялар ва уларнинг амалиёти. Инсониятнинг яшаши, ривожланиш истиқболлари, орзу-ҳаваслари, интилишлари, умидлари, турмуш тарзи ғоявий қарашларда ҳам ўз ифодасини топади. Фалсафий ғоялар, образли қилиб айтганда, инсон ҳаёт тарзининг кўзгусидир. Ҳар қандай фалсафий билим дастлаб ғоя тарзида шаклланади.
Фалсафий ғоя инсоният олдида турган муайян муаммони англаш ва уни ҳал қилиш мақсади, услуб ва воситаларининг ифодасидир. Кишиларнинг нарса ва ҳодисаларга ўз эҳтиёж ва манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиши натижасида муаммога муносабат ва уни ҳал қилишга қаратилган амалий, назарий ҳаракат пайдо бўлади. Масалан, инсон онгли мавжудот экани боис ўзини муқаррар ҳалокатга олиб бориши мумкин бўлган ғайриинсоний ғояларга асосланган хатти-ҳаракатларни чегаралашга, таъқиқлашга қодир. Умумийроқ қилиб айтсак, кишиларнинг яшаш, авлод қолдириш, ҳаётни давом эттириш майли (инстинкти) дунёда нисбатан барқарор ижтимоий вазиятни таъминлаб туради.
Бугунги кунда тинчлик ғояси умуминсоний мақсадларни бирлаштирувчи фалсафий ғояга айланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Фидокор» газетаси мухбири саволларига жавобларида айтилганидек: «... Одамнинг қалбида иккита куч — бунёдкорлик ва вайронкорлик ҳамиша ўзаро курашади. Афсус билан таъкидлашимиз лозим: тарих тажрибаси шундан далолат берадики, инсон табиатидаги инсонийликдан кўра ваҳшийлик, ур-йиқит инстинктлари, яъни хатти-ҳаракатларини қўзғатиш осонроқ»1.
Бунда икки хил жиҳатга эътибор бериш лозим. Биринчиси - тор доирадаги мутаассиб кучларнинг ғайриинсоний ғояларни ёшлар онгига, турмуш тарзига сингдириш йўли билан
ўзларининг муайян мақсадларига эришиш учун ҳаракатига эҳтиёт ва ҳушёр бўлмоқ керак. Иккинчиси эса, соғлом кучларнинг уларга қарши инсонни инсон деган номга муносиб қилиб тарбиялаш ва цивилизацияни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш манфаатлари учун курашидир.
Фалсафий назарияларнинг «яхши» ёки «ёмон», «фойдали» ёки «зарарли» эканини тарихий тажриба асосида фақат битта мезон — умуминсоний манфаатларга мос келадими ёки йўқми, деган хулоса асосида баҳолаш мумкин. Шунинг учун биз фалсафий ғоя ва назарияларни баҳолашда ўз субъектив фикрларимизни мутлақлаштиришдан йироқ бўлишимиз лозим.
Фалсафий назариялар тизимида «фақат мен ҳақман, бошқалар ноҳақ» деган тарзда мутлақ ҳақиқатга даъвогарлик қиладиган ғоя ва назариялар ўртасидаги кураш оғир оқибатларга олиб келишини тарихий тажриба қайта-қайта исботлаб берган.
Ҳар қандай манфаат шакллари ва даражалари муайян фалсафий ғоя ва назарияларда ўз ифодасини топади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ғоя ва назариялар ўртасида доимий кураш бориши табиий ҳол. Президентимиз таъбири билан айтганда, «ҳаётнинг ўзи турли-туман ғоялар курашидан, баҳсу мунозаралардан иборат. Тараққиётнинг маъно-мазмуни, керак бўлса, фалсафаси ҳам шунда... Ўз мустақил фикрига эга бўлган, ўз кучига, ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига ишонган инсон доимо келажакка ишонч билан қарайди. Жамиятдаги фикрлар хилма-хиллигидан чўчимайди, балки замонавий билим ва фалсафий қарашларга, ҳаёт ҳақиқатига суянган ҳолда ҳар қандай ғаразли ният, таҳдид ва интилишларни фош қилишга қодир бўлади»2.
Фалсафанинг муайян ижтимоий қатламлар сиёсий манфаатлари билан боғланиб кетиши, уларнинг мафкураси тарзида намоён бўлиши масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Шунинг учун миллий Фалсафамизни ривожлантириш асосида истиқлол мафкурасини яратиш кун тартибидаги энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |