Давлат кредитида кредит муносабатлари субъектлари, бир томондан - давлат,
иккинчи томондан - юридик ва жисмоний шахслар бўлади.
Бунда давлат ушбу
муносабатларда кўрсатилган субъектларнинг вақтинча бўш турган пул маблағларини
қарзга олувчи сифатида қатнашади.
Давлат кредити асосидаги муддатлилик, қайтаришлик ва мақсадга мувофиқлик
тамойиллари ҳар қандай кредит муносабатлари, шу жумладан банк кредити учун ҳам хос
бўлган хусусиятлардир. Шу билан бирга, давлат кредити билан банк кредити ўртасида
катта фарқлар, авваламбор, ўзига хос хусусиятлари бўйича фарқлар мавжуд.
Давлат кредити бўйича муносабатларда ҳамма вақт давлат юқори туради. Ушбу
муносабатларда давлат қарз олувчи (қарздор) бўлиб, бир томонлама тартибда кредит
шартлари (масалан, қарзнинг муддати, у бўйича даромадларни тўлаш тартиби ва
шартлари)ни белгилайди. Бошқача айтганда, бу муносабатларда томонлар тенглиги йўқ,
шу боисдан улар молиявий-ҳуқуқий тартибга солиш объекти ҳисобланади. Банк кредитида
томонлар тенг ҳуқуқларга эга бўлиб, уларнинг муносабатлари банк
кредити шартномаси
билан тартибга солинади ва мувофиқ равишда фуқаролик ҳуқуқи меъёрлари билан
тартибга солинади. Бошқа фарқли белги шундан иборатки, давлат кредитида узоқ
муддатли қарзларни банк кредити бўйича узоқ муддатли шартномани тузиш вақтида
мажбурий шарт ҳисобланган бирор-бир кафолат билан таъминлаш назарда тутилмаган.
Махсус адабиётларда давлат кредитининг мақсадли йўналиши тўғрисидаги масала
юзасидан турли қарашлар мавжуд. Улардан бирига мувофиқ давлат томонидан кредит
ёрдамида олинган пул маблағлари махсус мақсад учун белгиланмаган бўлиб, улар халқ
хўжалиги умумий эҳтиёжлари ва ижтимоий-маданий чора-тадбирлар учун
фойдаланилади.
Бошқа нуқтаи назар бўйича ”давлат кредитининг анъанавий роли ҳамма вақт
бюджет тақчиллиги мавжуд бўлган ҳолда, давлат харажатларини ўз вақтида
молиялаштиришни таъминлашдан иборат бўлади”.
Бундай ёндашув, эҳтимол, жаҳон
тажрибасида давлат кредити, одатда, айниқса
бюджет тақчиллигини қоплаш учун жадал фойдаланилиши шарт-шароитлари натижасида
келиб чиққандир.
Давлат кредитининг ҳақиқий имкониятлари анчагина кенгроқ, аммо улар муайян
мақсадларга эришиш учун йўналтирилган бўлиши, яъни ҳар ҳолда махсус мақсадларга эга
бўлиши лозим. Бу ерда гап шундаки, давлат юридик ва жисмоний шахсларнинг фақат
оддий қарздори бўлиш учунгина эмас, балки давлат ва жамият учун катта ижтимоий ва
иқтисодий аҳамиятга эга бўлган тадбирларни молиялаштириш учун зарур бўлган қўшимча
маблағларни бюджетга йўналтириш мақсадида кредитдан фойдаланади ва қарзга пул
олади. Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш - муҳим вазифа, аммо у давлат
кредитининг асосий, бош вазифаси ҳисобланмайди.
Қайд этилган назарий ёндашувлар қонунчилик амалиётида ҳам амалий ифодасини
топди. Масалан, Бюджет тизими тўғрисидаги қонун 40-моддасига мувофиқ давлат ички ва
ташқи қарзлари қуйидаги мақсадлар учун амалга оширилиши мумкин:
1) иқтисодиётни ривожлантириш устувор йўналишларини, шу жумладан, устувор
инвестицион дастурларни молиялаштириш учун;
2) келиб тушиш вақти номувофиқлиги натижасида юзага келган давлат бюджети
даромадлари билан харажатлари ўртасида йил ичидаги узилишларни тенглаштириш учун;
3) мавжуд қарзни қайта молиялаштириш учун;
4) бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун;
5) табиий офатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ ҳолда
маблағларга бўлган эҳтиёжларни қоплаш учун.
Бизнинг мамлакатимизда давлат кредитини ташкил этиш асослари Ўзбекистон
Республикаси Конституцияси, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ҳамда қонун кучига эга
бўлган норматив ҳужжатларда мустаҳкамлаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ кредит
ишини қонуний тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси зиммасига
юклатилган. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонуни
билан давлат пул-кредит тизимини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш
унинг ваколатларига киритилган. Давлат кредитига тааллуқли жуда муҳим меъёрлар
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисидаги қонунида ҳам берилган. Унда
Марказий банк республика Ҳукумати билан келишилган ҳолда давлат қарзи ҳисобини
юритади, давлат заёмларини жойлаштириш, уларни сўндириш ва улар бўйича фоизлар
тўлаш билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширади. Шундай қилиб, давлат
кредити бўйича муносабатлар мустаҳкам қонунчилик базасига эга. Давлат кредитининг
кўпгина принципиал масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари,
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия
вазирлигининг норматив ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Айрим мамлакатларда, масалан, Россия Федерациясида давлат кредити масалалари
махсус норматив ҳужжат билан тартибга солинади. Россия Федерациясининг “Россия
Федерацияси давлат ички қарзлари тўғрисида”ги қонуни шундай ҳужжат ҳисобланади.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда,
давлат кредити – давлат
томонидан мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалалари
ҳамда бюджет дефицитини қоплаш учун зарур бўлган қўшимча молиявий ресурсларни
йўналтириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг бўш турган пул маблағларини
қайтаришлик, муддатлилик, мақсадга мувофиқлик ва ихтиёрийлик тамойилларига асосан
жалб этиш бўйича молия ҳуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатлардир.
Давлат молия механизмининг барқарор ишлаши учун давлат кредитининг аҳамияти
етарли даражада кўп томонламадир. Бунда унинг роли юридик ва жисмоний шахсларнинг
вақтинча бўш турган маблағларидан фойдаланиш орқали давлат бюджети даромадларини
тўлдиришнинг қўшимча манбаларини жалб этиш
имкониятини таъминлаш билан
белгиланибгина қолмасдан, балки қўшимча пул маблағларини муомалага чиқариш билан
боғлиқ бўлган эмиссия фаолиятини талайгина чеклаш имкониятини ҳам беради. Бу эса, ўз
навбатида, пул муомаласини барқарорлаштириш, халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар
аҳволини яхшилаш, миллий валютани мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Давлат кредити бўйича молиявий-ҳуқуқий муносабатларни амалга ошириш
натижасида давлат ички қарзлари шакллантирилиб, улар моддий нуқтаи назарда
капитал
ва
жорий
қарзлар бўлиши мумкин. Биринчи ҳолда бу - сўндирилмаган (тўланмаган) қарз
мажбуриятлари ва улар бўйича тўланмаган фоизлар бўйича,
уларни сўндириш муддатидан
қатъи назар
, давлат қарзлари умумий суммасидир, иккинчи ҳолда эса – давлатнинг
муддатлари етиб келган,
барча қарз мажбуриятлари бўйича харажатлари суммасидир.
Ҳуқуқий нуқтаи назардан
давлат ички қарзи
Ўзбекистон Республикасининг давлат
ички қарзлари натижасида вужудга келган мажбуриятлари мажмуидан иборатдир
.
Давлат ички қарзлари
деганда,
ички манбалар (юридик ва жисмоний шахслар -
резидентлар)дан активларни жалб этиш тушунилиб, улар бўйича Ўзбекистон
Республикасининг қарздор сифатидаги ёки Ўзбекистон Республикаси қарздорлари-
резидентлари кредитлари (қарзлари)ни сўндириш кафили сифатидаги мажбурияти юзага
келади.
Ўзбекистон Республикаси кафолатлари фақат юридик шахслар – резидентлар
мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у
ваколат
берган давлат ташқи қарзлари бўйича орган томонидан тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: