Зарарланган ҳомиладорларда туғруқ жараёнини амалга ошириш: ВГ ли аёллар махсуслашган туғруқхоналарда туғишлари керак. Шуни ёдда тутиш керакки, туғруқ вақтида аёлларда гепатит зўрайиши мумкин, шунинг учун кечиктирмасдан қон анализини текшириш лозим ва бу туғруқдан кейин бир ой ўтганда амалга оширилади. Беморларни кейинги даволаш режаси анализ натижаларига боғлиқ бўлади. Тегишли кўрсатмалар аниқланганда вирусга қарши терапия ўтказилади. Кўпинча ҳомиладорларда ва уларнинг қариндошларида эмизишни хавфи ҳақида саволлар қизиқтиради. Бутунжахон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, сурункали В ва С гепатити бўлган аёллар гўдакларини кўкрак сути билан боқишлари мумкин. Бунда кўкрак сўрғичларининг ва гўдак оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг бутунлигини кузатиш лозим. Шунингдек, шуни назарда тутиш керакки, онанинг ВГС га қарши антитаначалари йўлдошдан ҳомила қонига ўтган бўлиб, чақалоқ конида туғилгандан кейин ва 6-12 ойгача аниқланади. Агар бола вирус билан зарарланмаса (95% ҳолатда), 1 ёшгача ушбу антитаначалар қондан йўқолади ва бундай болалар соғлом деб ҳисобланадилар ва кейинчалик инфекционист назоратида бўлишлари шарт эмас. Агар вирус билан зарарланса (5% ҳолатда), қонда махсус антитаначалар болалик ва ундан каттароқ даврларда аниқланиш давом этади (бу энди она антитаначалари эмас), уларнинг мавжудлиги қондан ВГВ РНК сининг ажралиши ва жигар ферментлари активлигининг ошиши билан бирга кечади. Контрацепция усулларидан энг қулайи бачадон ичи воситалари.
Профилактика: касалликнинг профилактикаси умумсанитар тадбирларни ўтказиш, касалликни барвақт аниқлаш ва беморларни изоляциялаш, ўчоқларни дезинфекция қилиш, беморлар билан охирги 1-1,5 ой мобайнида алоҚада бўлган шахсларни назоратга олиш, донорларни яхшилаб текширувдан ўтказиш, инструментларни стериллаш, шахсий гигиенага риоя қилишдан иборат. ВГ га шубҳаланганда қуйидаги эпидемиологик тадбирлар ўтказилади: - беморни алоҳида палатага олиш;
- идиш ва индивидуал инструментларни ажратиш;
- инфекционист шифокорини чақиртириш;
- қуйидаги лаборатор анализларни ўтказиш: ўт пигментлари ва уробилинни аниқлаш учун пешоб анализи, HbsAg, билирубин, умумий оқсил ва оқсил фракцияларини, протромбин вақти ва протромбин индекси, аланинаминотрансферазани, ишқорий фосфотазани, холестеринни аниқлаш учун қон анализи.
Ташҳис тасдиқлангач, бемор махсуслашган стационарга ўтказилади. ВГ ва унинг асоратлари (жигар комаси, жигар циррози) она ва ҳомила учун жиддий хавф яратади. Шунинг учун, гепатитда муҳим масалалардан бири бўлиб, профилактик тадбирларни ўтказиш ҳисобланади. Улар қуйидагилардан иборат:
- касалликнинг сариқлик ва айниқса сариқликгача бўлган даврдаги беморларни актив аниқлаш ва изоляция қилиш;
- ВГ билан алоқада бўлган ҳомиладорлар ва туққан аёлларни назоратга олиш ва кузатиш – ВГА да беморни изоляция қилгандан сўнг 45 кун мобайнида, ВГВ да 3 ойгача, ҳар 15-20 кунда HbsAg, билирубин ва аланинаминотрансфераза активлигига қон анализини текшириш;
- Контакдаги беморларга зардоб полиглобулини ёки гамма-глобулин юборилади;
- Тиббий муассасаларда бир мартали шприцлар қўллаш ва инструментларни яхшилаб тозалаш;
- Ҳомиладорларни ҳомиладорликнинг турли даврларида жигарнинг сурункали вирусли касалликларини ва HbsAg ташувчиларни аниқлаш учун текширувдан ўтказиш;
- Қон қуйишни фақат заруратли кўрсатмаларда ўтказиш;
- Неонатал гепатитни олдини олиш мақсадида, гипериммун гамма-глобулин ва вакцина (янги туғилган чақалоққа 1- сутка мобайнида мушак ичига, иккинчи инъекцияси бир ойдан сўнг) қўлланилади;
- Туғруқ жараёнида – чақалоқнинг туалетига нисбатан чоралар;
- Гепатитнинг ўткир даврида ҳомиладорликни тўхтатмаслик;
- Ҳомиладорларга жигар функциясига салбий таъсир кўрсатувчи воситаларни (тетрациклин қаторига мансуб антибиотиклар гуруҳи) юбормаслик.
Do'stlaringiz bilan baham: |